Лайфстайл

Раъно Шодиева 47 ёшда: саратонни енгган, 4 марта ўлим билан юзлашган ва ижодга қайта олган актрисанинг синовли ҳаёти ҳақида

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева 12-август куни 47 ёшга тўлди. Унинг ҳаёти, худди филмлардагидек, бахтли ва синовли лаҳзаларга бой. Актриса саратон касаллигини енгиб, тўрт марта ўлим билан юзлашган ва ижодга қайта олган.

**Болалик ва орзулар**

Раъно Шодиева 1979-йил 12-августда Самарқандда туғилган. Оилада икки фарзанд бўлишган, акаси санъатдан узоқ соҳада фаолият юритади. Актриса болалигидан раққоса бўлишни орзу қилган.

“Оилада иккита фарзандмиз. Ота-онам акам иккимизнинг таҳсил олишимиз учун бор имкониятларни яратиб берган. Ҳар йили ёзда Россиядаги энг яхши оромгоҳларга бориб дам олардик. Онам ўзига нисбатан эътиборли ва ҳамиша энг қиммат муаллифлик либосларини киярди. Мен эса уларни ўзимга мослаб тикиб олардим. Аммо онам бирор марта бунинг учун уришмаган. Либосларга ўчлигимнинг сабаби рақс билан боғлиқ. ъРаққоса чиройли кийимда рақсга тушиши керакъ, деган тушунчам бор эди. Хуллас, болаликдан фақат раққоса бўламан деган ният билан улғайганман”, – дейди Раъно Шодиева.

**Таҳдидлар ва Самарқандга кўчиш**

Актрисанинг болалиги Тошкентда ўтган, чунки онаси судларда таржимон бўлиб ишлаган. Бир куни кар-соқов инсоннинг яқинлари онасига таҳдид қилиб, “Агар суд қарорини фойдамизга чиқариб бермасанг, болаларингни ўлдирамиз”, дейишган. Шундан сўнг ота-онаси Раъно ва акасини Самарқанддаги бобосининг ҳовлисига олиб боришган.

“У ерда бобомнинг катта ҳовлиси бор эди. Ҳовли ўртасида катта фаввора бўларди, атрофида 40 га яқин товус юрарди”, – дейди у.

**Бадавлат бобо ва касалманд ота-она**

Раъно Шодиеванинг бобоси жуда бадавлат инсон бўлган, у қуруқ мевалар ишлаб чиқарадиган комбинатга раҳбарлик қилган. Отаси бувиси ҳомиладорлигидаги касаллик сабаб туғма нуқсон билан туғилган. Онаси эса касаллик туфайли эшитиш қобилиятини йўқотган. Учинчи синфгача оддий мактабда ўқиган, кейин кар-соқовлар мактабига ўтказилган ва у ерда отаси билан танишган.

**Кинога кириб келиш ва дизайнерлик фаолияти**

Актриса кинога 13 ёшида Қамара Камолованинг “Атроф оппоқ қорга бурканди” филмидаги роли билан кириб келган. Дастлаб актриса бўлиш хаёлида бўлмаган. Мактабни битиргач, отасининг таклифи билан дизайнерликка ўқиган ва 16 йил давомида ательеда конструктор-дизайнер бўлиб ишлаган.

“Танзила Норбоеванинг шахсий дизайнери бўлганман. Опа билан ательеда ишлаб юрган пайтимда танишганмиз. Бу соҳадан кетганимдан кейин, афсуски, Танзила опага ҳеч нарса қилиб бера олмадим. Ҳали ҳам ўзимни кечира олмаяпман. Яқинда кўришганимизда ҳам кўйлак, костюмлар тикиб берсанг бўлар экан, деб қолдилар. Кейин мен Туркияга кетдим ва бу илтимосларини бажара олмадим”, – дейди актриса.

**“Чимилдиқ” ва “Шайтанат” филмлари**

18 ёшида Мелис Абзалов Раъно Шодиевани “Чимилдиқ” филмига таклиф қилган. Кейин “Шайтанат” филмининг кастингига чақиришган. Актриса бу филм ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган, чунки фақат рус тилидаги китобларни ўқиган. Зайнаб роли учун кўплаб актрисалар кастинг топширган, аввалига бу ролни Наврўза Бийназова ижро этган, аммо қандайдир сабабларга кўра суратга тушишни истамай қолган.

**Олий таълим ва устозлик**

Кинодаги роллари муваффақиятли чиқа бошлагач, Раъно Шодиева бу соҳада ҳам таҳсил олишга қарор қилган. Озодбек Назарбеков, Ҳалимахон каби ижодкорлар билан курсдош бўлган. Магистратурада ҳам ўқиб, қўғирчоқ театр актёрлиги бўлимида кар-соқов болалар учун спектакллар саҳналаштиришни ният қилган. Институтдан иш таклиф қилингач, беш йил давомида устозлик қилган, аммо ижоддан узилганини ҳис қилиб, устозликни тарк этган.

**Хайрия ишлари**

Онаси имконияти чекланган болалар маданият марказида ишлаган. Бир куни онаси “Сен таниқли актрисасан, нега менга ёрдам бермайсан”, деб қолган. Дастлаб онасини ранжитмаслик учун хайрия ишларида қатнашган, аммо кейинчалик болажонларга меҳр қўйган. Ҳозирда бу соҳада нафақат онаси ва ўзи, балки қизи ҳам фаолият юритади.

**Оилавий ҳаёт**

Раъно Шодиева самарқандлик, турмуш ўртоғи эса қашқадарёлик. Уларнинг дунёқарашлари ва одатлари бир-бирига мос эмас. Актриса нозикликни ёқтирса, турмуш ўртоғи самимий инсон. Аммо турмуш ўртоғи оилапарвар ва аёлини қадрлайдиган инсон. Оиласи учун ҳамма имкониятни яратиб беради.

**Оғир хасталик ва кураш**

Актриса жигар саратонига чалинган. Жигарининг 70 фоизи олиб ташланган. Биринчи жарроҳлик амалиёти 2022-йилда, иккинчиси эса 2024-йил апрелида амалга оширилган.

“Туркиядаги касалхонада 4 марта ҳаёт билан хайрлашганман. Ҳатто шифокорларнинг ўзлари ҳам ъЯқинларингизни, турмуш ўртоғингиз ва болаларингизни чақиринг, улар сиз билан хайрлашишга улгуришсинъ, дейишган. Шундай гаплардан кейин мен ҳамма нарсага тайёр эдим. Организмим, иммунитетим чарчаб қолган эди. Ҳаётдан кетаётганимни қабул қилиб бўлган эдим. Кунлардан бирида эрта тонгда кўзимни очдим ва ўзимга ъСен нима қиляпсан? Қаерга кетмоқчисан? Тўғри, фарзандларинг сенсиз ҳам яшашда давом этади. Лекин ўзинг-чи? Яшашни истамайсанми?ъ, дедим. Шу тарзда ўзим билан ўзим суҳбатлашиб, ўзимни ерга туширдим. Авваламбор Аллоҳ, лекин инсон касал бўлганида ўзига раҳми келмаслиги керак. Имкон қадар курашиш керак. Шифокорлар менинг яшаб кетганимни мўжиза эканлигини айтишди”, – дейди актриса.

**“Мендирман Жалолиддин” сериалидаги рол**

Биринчи операциядан кейин метастаз кузатилган ва иккинчи операцияга тайёрлана бошлаган. Ўша пайтда “Мендирман Жалолиддин” сериалининг иккинчи фасли сёмкаси бошланган эди. Актриса ўз образини бошқа актрисадан қизғанган ва маълум шарт-шароитлар асосида ишлашини айтган. Меҳмет Бўздағнинг “Ролингизни ўзингиз ўйнаб берсангиз, мамнун бўлар эдик”, деган гапи унга катта туртки бўлган.

“Шифокорлар менга 8 соат давом этадиган кимётерапияни қилишди, ундан сўнг эса 42 соатлик бошқа кимётерапияни улашди. Мен салкам уч кун мобайнида кимётерапия олиб юрганман. Бўйнимга осиладиган сумкачага ъхимияъни солиб қўйишарди. Мен ўша ҳолатда сумкани кийимларим тагига яшириб, сериалда суратга тушганман”, – дейди Раъно Шодиева.

**Даволаниш харажатлари ва ёрдам**

Саратондан даволаниш жуда қимматга тушган. Икки йил ичида бир операция 37 минг доллар, яна биттаси 42 минг, 25 минг, энг арзони 15 минг доллар бўлган. Ундан кейин реабилитация ва кимётерапия муолажалари ҳам қиммат бўлган. Дорилар Ҳиндистондан олиб келинган.

“Туркияда даволанишнинг сўнгги кунларида касалхонадан чиқаман, деганимда клиника менга яна 83 минг доллар ҳисоб чиқариб берди. Ўшанда бунча пулни қаердан топамиз, деб ўйлаганмиз. Турмуш ўртоғим ъМашинани сотамиз, уни сотамиз, буни сотамизъ, деб режа қилди ва ўша пулни топди. Даволанишимга 500 минг доллардан кўпроқ пул кетди”, – дейди Раъно Шодиева.

Пул топишда қийинчиликлар бўлганида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, ёрдам беришини айтган. Раъно Шодиева Истанбулдаги клиникада даволанаётганида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошқа кўплаб одамларнинг даволанишига ҳам ёрдам берганини билган. Улар бир неча юз минг долларлик операцияларга ҳомийлик қилган.

“Менга ҳам жуда яхши шароит қилиб бердилар, ўғлим ва куёвим Истанбулда ёнимга боришганида уларга ҳатто такси ҳам қилиб бердилар. Улардан жуда ҳам миннатдорман”, – дейди Раъно Шодиева.

**Набиралар ва автобиографик китоб**

Актриса 2021-йилда ўғли Диёрни уйлантирган, келини рус миллатига мансуб. Кўп ўтмай қизи Рахшонани ҳам турмушга берган. Ҳозирда актрисанинг тўрт нафар набираси бор.

2026-йил феврал ойида актриса ҳаёт йўли ҳақида автобиографик китоб ёзиб тугатган ва унда асосий урғуни жиддий хасталикни қандай енгиб ўтганига қаратган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.