«Қиёмат балиғи»нинг сири очилди: олимлар ундан илҳомланиб овозсиз робот яратмоқчи
Корнелл университети олимлари «Қиёмат балиғи» номи билан танилган селд қиролининг ғайриоддий сузиш механизмини ўрганди. Энди муҳандислар ушбу механизм асосида денгиз жонзотларини чўчитмасдан, океан ҳолатини кузатадиган йирик ва овозсиз сувости роботларини яратишни режалаштирмоқда.

«Қиёмат балиғи» сири фош бўлди: олимлар ундан илҳом олиб овозсиз робот яратмоқчи
Корнелл университети муҳандислик мактаби профессори Роб Шепердга океанни тадқиқ этиш учун катта, кам сезиладиган сувости роботини яратиш вазифаси юкланган. АҚШ Ҳарбий-денгиз тадқиқотлари бошқармаси буюртмаси билан ишлаб чиқилаётган бу қурилма денгиз ҳайвонларини чўчитмасдан ҳаракатлана олиши керак.
Шеперд бунинг учун табиатдаги ноодатий намунани — чуқур сувларда яшовчи селд қиролини танлади. Тасмасимон танасининг узунлиги қарийб саккиз метрга етиши мумкин бўлган бу балиқ «Қиёмат балиғи» номи билан ҳам машҳур.
### Танасини деярли қимирлатмай сузади
Узун танали денгиз жонзотларининг аксарияти илонбалиққа ўхшаб, бутун гавдасини букиб ҳаракатланади. Селд қироли эса танасини деярли бир ҳолатда сақлайди.
Уни олдинга ёки орқага силжитадиган асосий аъзо — орқа қисми бўйлаб чўзилган узун сузгичидир. Ушбу сузгичда узлуксиз юзага келадиган тўлқинсимон ҳаракатлар балиққа шовқинсиз сузиш ва йўналишини аниқ бошқариш имконини беради.
Бу механизм қандай ишлашини аниқлаш учун Шеперд Корнелл университетининг собиқ ихтиологи Уилли Бемис билан ҳамкорлик қилган.
Селд қиролининг бутун ва шикастланмаган намунасини ўрганиш жуда мушкул. Чунки балиқ ўлганидан кейин унинг танаси одатда мўрт бўлакларга ажралиб кетади. Шу сабаб тадқиқотчилар компютер томографияси, Смицон институтидаги рентген тасвирлари ва батафсил анатомик текширувлардан фойдаланган.
Тадқиқот жараёнида олимлар балиқ териси остида яширинган мураккаб табиий механизмни аниқлаган. Орқа сузгичнинг юзлаб суяксимон таянч нурлари махсус шарсимон бўғимларга уланган бўлиб, улар митти «жойстик»лар каби ишлайди.
Ҳар бир нур алоҳида мушаклар ва тоғайлар тизими орқали ҳаракатга келади. Бу тузилма сузгичнинг ҳар бир қисмига турли йўналишларда бурилиш имконини беради.
Нурларни бирлаштириб турувчи парда эса бир вақтнинг ўзида қарама-қарши йўналишлардаги ҳаракат тўлқинларини узата олади. Натижада балиқ танасини эгмасдан, тезлиги ва ҳаракат йўналишини деярли бир зумда ўзгартиради.
Олимларнинг таъкидлашича, тасмасимон сузгич ёрдамида сузиш усули эволюция давомида суякли балиқларда бир-биридан мустақил равишда тахминан ўн марта пайдо бўлган. Бироқ айнан селд қиролида «жойстик»ка ўхшаб буриладиган сузгич нурлари мавжудлиги илк бор ушбу тадқиқотда ҳужжатлаштирилган.

