Маҳаллий

Қирувчи самолётлар намойиши ва Хитой билан савдода янги марра - ҳафта дайжести

Мудофаа соҳасида янги саҳифа: Ўзбекистон Хитойдан олинган Ж-10 қирувчиларини намойиш этди. Визасиз тартиботларда ўзгаришлар: Ўзбекистон ватандошлари Таиланд ва Қозоғистонга бориши қимматлашади. Туман ҳокими иштирокидаги автоҳалокат: рулда унинг ўғли бўлгани рад этилди. Тошкентда асфалт остидаги сирли портлаш: ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Қирувчи самолётлар намойиши ва Хитой билан савдода янги марра - ҳафта дайжести

Ўзбекистон армиясида – замонавий қирувчи самолётлар

Ўзбекистон илк бор Хитойдан харид қилинган янги авлод қирувчи самолётларини оммага кўрсатди. Мудофаа вазирлиги 30-август куни эълон қилган қисқа видеода Хитойда ишлаб чиқарилган Ченгду Ж-10СЕ русумли қирувчилар акс этган. Кадрлардан бирида янги самолётлар сони олтита экани кўринади. Вазирлик бу шов-шувли хариднинг тафсилотларини очиқламади. Аввалроқ Ўзбекистон ушбу самолётлардан 24 тасига буюртма бергани, ўзбек учувчилари эса Хитойда қайта тайёргарликдан ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Таҳлилчиларга кўра, 4+ авлодига мансуб бу қирувчилар Ўзбекистон армиясини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Ж-10СЕ бир ўриндиқли, бир двигателли, кўп вазифали учоқ бўлиб, унинг максимал тезлиги тахминан 1,8 Мачга тенг. Фаол фазали антеннага эга радар (АЕСА) билан жиҳозланган самолёт бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиб, уларга зарба бера олади. Шу жиҳатдан Ж-10СЕ совет даврида ишлаб чиқилган МиГ-29 ва Су-27 самолётларидаги эски радарлардан замонавийроқ ҳисобланади.

Хитой қирувчиси ҳаво-ҳаво ва ҳаво-ер ракеталаридан фойдаланиши мумкин. Хусусан, унинг ПЛ-15Э узоқ масофали ҳаво-ҳаво ракетасининг максимал учиш масофаси 100 километрдан ошиши айтилади.

Турли манбаларда Ж-10СЕнинг тахминий экспорт нархи 40-50 млн доллар экани қайд этилган. Учувчиларни ўқитиш, ўқ-дорилар ва техник хизмат кўрсатиш ҳам шу нархга киради. Бу эса ҳар бири 100 миллион доллардан бошланадиган Ғарб аналогларига нисбатан сезиларли даражада арзон.

Ўзбекистон Хитойнинг бу қирувчиларини сотиб олганини расман тасдиқлаган Покистондан кейинги иккинчи давлат бўлди. Жаҳон бозорида Ж-10СЕга талабнинг ошиши 2025-йил май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳаво тўқнашувлари билан боғлиқ эди. Ўшанда Покистон шу самолётлар ёрдамида Ҳиндистоннинг Рафале ва Су-30 қирувчиларини уриб туширганини даъво қилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги 2025-йил декабрдаги ҳисоботида Покистонга 36 та Ж-10С етказилганини тасдиқлаб, Миср, Индонезия, Бангладеш ва Эрон ҳам бу учоқларга қизиқиш билдирганини қайд этган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.