Ўзбекистон Хитойдан тўртта Ж-10СЕ қирувчиларини қабул қилди — ОАВ

ОАВ хабарларига кўра, Ўзбекистон Хитойдан тўртта Ж-10СЕ қирувчи самолётини қабул қилди.
Дефенсе Сесуритй Асиа нашрининг мудофаа соҳасидаги кузатувчиларга таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ҳаво мудофаа кучлари 21 ва 22-июл кунлари Хитойнинг тўртта Ченгду Ж-10СЕ қирувчи самолётини қабул қилди. Ҳозирча икки давлат ҳам ушбу авиатехника етказиб берилиши бўйича расмий баёнот бермаган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон билан тузилган шартнома 24 та Ж-10СЕ қирувчисини босқичма-босқич етказиб беришни ва учувчиларни тайёрлашни назарда тутади. 2025-йилда Тошкентга яна иккита қирувчи самолёт етказиб берилиши кутилмоқда.
Ж-10 қирувчиларига бўлган қизиқиш 2025-йил май ойида Покистон ҳарбийлари айнан шу самолётлар ёрдамида Ҳиндистон тасарруфидаги "Рафале" ва "Су" самолётларини уриб туширганидан сўнг ошган эди. Натижада, Ғарб ёки Россия самолётларини харид қилишни режалаштирган бошқа мамлакатлар Хитойнинг Ж-10СЕ моделини жиддий муқобил сифатида кўра бошладилар.
Ушбу самолётнинг нархи 40–50 миллион долларга баҳоланган бўлиб, бу Ғарбнинг 4+ авлод қирувчиларидан анча арзон ҳисобланади. Масалан, битта Рафале самолёти (100-130 миллион доллар атрофида) ўрнига Хитойнинг бир нечта самолётини сотиб олиш мумкин.
Дефенсе Сесуритй Асиа нашрининг таъкидлашича, етказиб берилаётган ҳар бир қирувчи ҳам ҳарбий салоҳиятни ошириш, ҳам геосиёсий ишора воситаси бўлиб хизмат қилади. Хабар муаллифлари шундай дейди: "Хитой жанговар самолётлари Тошкент ва Москва ўртасидаги дипломатик муносабатларни бузмаган ҳолда Россия тизимларининг ўрнини эгаллай олишини кўрсатади".
"Дарё" нашри қирувчи самолётлар қабул қилингани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига сўров юборди.

