Ўзбекистон Хитойдан олинган янги авлод қирувчи самолётларини намойиш қилди (видео+фото)
Мудофаа вазирлиги 30-август куни намойиш этган роликда жами 6 та қирувчи самолёт кўринган. Вазирлик ҳозирча уларнинг сони, техник хусусиятлари ва нархи борасида маълумотлар бермади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Хитойдан сотиб олинган янги авлод қирувчи самолётларини намойиш этди. Вазирлик уларни "ҳаво сарҳадларимизни қўриқлаётган замонавий қирувчи самолётлар" деб атади, аммо уларнинг номини ошкор қилмади.
Ушбу самолётлар Хитойда ишлаб чиқарилган Ж-10 қирувчи самолётининг экспорт версияси бўлган Ж-10СЕ ҳисобланади.
30-август куни Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган видеода жами 6 та қирувчи самолёт кўрсатилган. Вазирлик ҳозирча уларнинг сони, техник хусусиятлари ва нархи ҳақида маълумот бермади.
Kun.uz июл ойининг охирида хитойлик ҳарбий кузатувчилар ва очиқ манбалар таҳлилчиларига таяниб, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари сафига яна тўртта Ж-10СЕ қирувчи самолёти қўшилгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда на расмий Тошкент, на Пекин бу маълумотларни тасдиқлаган ёки рад этган эди.
Марказий Осиё осмонида ҳарбий мувозанатнинг ўзгаришига олиб келиши кутилаётган ушбу хабар аввалроқ ҳам минтақада кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
**Ж-10СЕ қандай самолёт?**
Таҳлилчиларга кўра, техник жиҳатдан бу қирувчи самолёт Ўзбекистон армиясини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бир ўринли Ченгду Ж-10СЕ – 4,5 авлод қирувчи самолёти бўлиб, 2 Мах – 2300 км/соат тезликка чиқа олади. У фаол фазали антеннага эга радар (АЕСА) билан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиш ва уларга зарба бериш имконини беради. Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларида фойдаланилаётган, советлардан қолган МиГ-29 ва Су-27 самолётларидаги эски радарлар бунга қодир эмас.

