Қирғизистонда ўтов шаклидаги «Бишкек Арена» стадиони қурилди
Бишкек шаҳрида 51 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган янги кўп функсияли «Бишкек Арена» стадиони қурилиши якунланди. Қиймати 386 миллион доллар бўлган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди ва илк йирик халқаро тадбирни қабул қилди.

Қирғизистонда ўтов кўринишидаги «Бишкек Арена» стадиони бунёд этилди
Янги арена 51 252 томошабинни сиғдира олади ва футбол учрашувлари ҳамда бошқа йирик спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича халқаро талабларга мос равишда қурилган. Саккиз қаватли бино анъанавий қирғиз ўтови шаклида барпо этилган.
Иншоотнинг диаметри 280 метр, баландлиги эса 70 метрни ташкил қилади. Мажмуанинг умумий майдони 194,2 минг квадрат метрга тенг.
Мажмуада стадионнинг ўзидан ташқари, ривожланган савдо ва кўнгилочар инфратузилма ҳам назарда тутилган. Бу ерда 23 та ресторан, 11 та кафе, савдо маркази, супермаркет, 48 та дўкон, 18 та киоск, тўртта кинотеатр, спорт зали, болалар майдончаси ва айвонлар жойлашган. Тижорат обьектлари учун қарийб 36 минг квадрат метр майдон ажратилган.
Мазкур обьектлар даромад келтириб, давлат бюджетига қўшимча юк туширмасдан, стадионни сақлаш харажатларини қоплашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввалига Бишкекда 30–35 минг томошабинга мўлжалланган ихчамроқ стадион қуриш режалаштирилган эди. Аммо кейинчалик лойиҳа қайта кўриб чиқилди: сиғими 51 мингдан ортиқ ўринга оширилди, обьект эса йирик кўп функсияли спорт мажмуасига айлантирилди. Қурилишнинг якуний қиймати 386 миллион доллар бўлди.
«Бишкек Арена» аллақачон йирик тадбирларни қабул қила бошлаган. 31-август куни янги стадионда ВИ Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросими ўтказилди.

