Қирғизистонда Ўзбекистон фуқароси иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Ҳодиса Боткен вилоятида юз бериб, унда 36 ёшли йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди.

Қирғизистонда Ўзбекистон фуқароси иштирокида ЙТҲ юз берди
Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида икки автомобил қатнашган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Натижада бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Боткен вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига таяниб “24.kg” хабар берди.
Воқеа Ўш—Раззоқов автомобил йўлининг 183-километрида, Оқ турпоқ қишлоқ ҳудудидаги Минг Чинор қишлоғи яқинида юз берган.
Ҳодисада Ўзбекистоннинг 45 ёшли фуқароси бошқарувидаги Собалт ҳамда Қадамжой туманида яшовчи 43 ёшли ҳайдовчига тегишли Тисо автомобиллари тўқнашган.
Тўқнашув оқибатида Қадамжой туманида яшовчи 36 ёшли фуқаро олган жароҳатлари сабаб воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи эса Боткен вилоят бирлашган касалхонасига ётқизилган. Айни пайтда мазкур ҳолат Қадамжой туман ИИБнинг электрон журналида рўйхатга олинган. Ҳодиса юзасидан суриштирув ва текширув ишлари давом этмоқда.
Маълумот учун, 2026-йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонда 3624 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ушбу аварияларда 572 киши, жумладан, 88 нафар бола ҳалок бўлган. Яна 5519 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

