Дунё

Хитой ва Қирғизистон чегарасида 56 метрли автомобил кўприги қурилади

Хитой ва Қирғизистон чегарасида 56 метрли автомобил кўприги барпо этилади

Қирғизистон-Хитой чегарасидаги Бедел назорат-ўтказиш пунктида Узонгу-Кууш дарёси устидан доимий автомобил кўприги қуриш режалаштирилмоқда. Ушбу битим лойиҳаси Жогорку Кенешнинг Саноат сиёсати, транспорт, ёқилғи-энергетика, меъморчилик ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланди.

Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Момбеков Бактилуу Асқар улунинг айтишича, кўприк Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда чегара инфратузилмасини яхшилаш учун зарур.

Бедел назорат-ўтказиш пункти 2024-йил сентябр ойида очилган эди. Айни пайтда чегарадан транспорт ҳаракати вақтинчалик темир кўприк орқали амалга оширилмоқда. Янги режага кўра, доимий автомобил кўпригининг узунлиги 56 метр, эни эса 12 метр бўлади.

Иншоотнинг 28 метри Қирғизистон ҳудудига, қолган 28 метри эса Хитой томонига тўғри келади. Бу кўприк алоҳида обьект бўлмай, янги транспорт йўналишининг таркибий қисмига айланади. Қирғизистон томонида у 161 километр узунликдаги Барскун—Бедел автомобил йўли билан уланади.

Ҳар икки томон ўз ҳудудидаги кўприк ҳамда унга олиб борувчи йўллар қурилишини ўзи молиялаштиради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўприкнинг қиймати тахминан 940 минг долларни ташкил этади. Аммо якуний нарх ҳали белгиланмаган. Бу лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тайёр бўлгач аниқланади.

Момбеков Бактилуу таклиф этилаётган битим, аввало, лойиҳани амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратишини таъкидлади. Узунлиги тахминан 161 километр бўлган Барскун—Бедел магистрали Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги янги транспорт коридори сифатида қурилмоқда.

Лойиҳа 50 дан ортиқ кўприк, “Сук” ҳамда “Ашуу-Суу” номли иккита туннел ва бошқа муҳандислик иншоотларини қамраб олади. Асосий қурилиш ишларини 2029-йилда якунлаш, йўлни эса 2030-йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

2025-йилги республика бюджетининг ижроси ҳақидаги ҳисоботга кўра, қарз 1,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Республика молия вазири ўринбосари қарзларни бугуноқ узиш мумкинлигини айтди. Бироқ буни босқичма-босқич амалга ошириш маъқулроқ эканини таъкидлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.