Қирғизистонда зотдор қўчқор 1 млн долларга сотилди

Қирғизистонда зотдор қўчқор 1 млн долларга сотилди
Қирғизистонда Арашан зотига мансуб наслдор қўчқор 1 миллион долларга харид қилинди. Битим мазкур зотни ривожлантиришга бағишланган халқаро фестивал доирасида амалга оширилди.
Бу ҳақдаги маълумотни Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳам тасдиқлади. Тадбирда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган фермерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Арашан зоти Қирғизистонда 2021-йилда расман рўйхатдан ўтказилган, аммо уни яратиш бўйича селексия ишлари 1970-йиллардан бери давом этиб келмоқда.
Бу зотни яратиш учун Тожикистондан олиб келинган Ҳисор қўчқорлари ва маҳаллий дағал жунли қўйлар чатиштирилган.
Бир неча ўн йил давомида селексионерлар гўштдорлиги ва хўжалик учун фойдали хусусиятлари энг юқори бўлган ҳайвонларни танлаб борди. Шу тариқа янги зот линияси босқичма-босқич шакллантирилди. Натижада Арашан қўйлари ҳам баланд тоғ яйловлари, ҳам дашт ҳудудлари шароитига мослаштирилди.
Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу наслдаги қўйлар кўп миқдорда гўшт ва думба ёғи бериши билан ажралиб туради. Шунингдек, улар узоқ йўл юришга чидамли ва қўрада боқишга ҳам мос.

