Қайси давлатларда пенсия иш ҳақининг энг катта қисмини қоплайди?
Дунё мамлакатларида пенсияга чиққандан кейин фуқароларнинг аввалги даромади қай даражада сақланиб қолиши кескин фарқ қилади. ОЕСД маълумотларига асосланган рейтингда Испания ва Греция юқори ўринларни эгаллаган бўлса, Литвада пенсиянинг иш ҳақига нисбати 20 фоизга ҳам етмайди.

Қайси давлатларда пенсия иш ҳақининг энг катта қисмини қоплайди?
Пенсияга чиққан одам аввалги маошининг қанчасини пенсия сифатида олиши мумкин? Мамлакатга қараб бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори даражадан 20 фоиздан ҳам паст даражагача ўзгаради.
Висуал Сапиталист инфографикасида давлатлар пенсиянинг прогноз қилинаётган ялпи ўрнини босиш коеффициенти бўйича солиштирилган. Ҳисоб-китоблар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти — ОЕСД маълумотларига таянган.
Ўрнини босиш коеффициенти пенсия тўловлари миқдорини инсон пенсияга чиқишидан олдин олган иш ҳақи билан таққослайди. Бу ерда ҳам иш ҳақи, ҳам пенсия солиқлар ва мажбурий бадаллар ушлаб қолинмасидан олдинги миқдорда ҳисобга олинади.
Шу боис бу кўрсаткични содда қилиб, инсон пенсияга чиққач унинг аввалги меҳнат даромадининг қанча қисми пенсия тўловлари билан «алмаштирилиши» деб тушуниш мумкин.
Ҳисоб-китоблар 2024-йилда 22 ёшида меҳнат фаолиятини бошлаган ўртача статистик ходим учун тузилган. Унда мажбурий давлат ва хусусий пенсия дастурлари инобатга олинган, бироқ фуқароларнинг ихтиёрий равишда шакллантирадиган хусусий пенсия жамғармалари ҳисобга олинмаган.
Рейтингнинг юқори қисмида Жанубий Европа давлатлари етакчилик қилади. Испания, Греция, Португалия ва Италия биринчи ўнликдан ўрин олган.
Айниқса, Испания ва Греция юқори кўрсаткичлари билан ажралиб туради.
Испанияда прогноз қилинаётган пенсиянинг ўрнини босиш коеффициенти 80,4 фоизни ташкил этади. Яъни ҳисоб-китоб модели бўйича пенсия тўловлари пенсияга чиқишдан олдинги иш ҳақининг тахминан бешдан тўрт қисмига тенг бўлади.
Грецияда бу кўрсаткич 79,6 фоизни ташкил этади.
Шу билан бирга, рейтинг мамлакатнинг умумий бойлик даражаси пенсиянинг иш ҳақига нисбати қанчалик юқори бўлишини ҳар доим ҳам белгилаб бермаслигини кўрсатади.
Масалан, Мексика ва Туркияда прогноз қилинаётган ўрнини босиш коеффициенти қарийб 70 фоизга етади. Германияда эса у 42,1 фоизни ташкил қилади.
АҚШда ҳам кўрсаткич нисбатан паст — 39,7 фоиз.
Бу тафовутлар турли мамлакатларда пенсия тизимларининг тузилиши ва ишлаш механизмлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатади.

