Қайси давлат энг кўп кўмир, нефт ва газ қазиб олади?
2024-йил якунларига кўра, Хитой қазиб олинадиган ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича дунёда катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади. Мамлакатда кўмир, нефт ва табиий газнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми масса ҳисобида 4,8 млрд тоннани ташкил этган. Кейинги ўринларни АҚШ, Россия, Ҳиндистон ва Индонезия эгаллаган.

Қайси давлат энг кўп кўмир, нефт ва газ қазиб олади?
Қазиб олинадиган ёнилғи ҳануз жаҳон энергетикасининг асосий манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Кўмир, нефт ва табиий газ электр энергияси ишлаб чиқариш, оғир саноат, транспорт ҳамда нефт-кимё маҳсулотлари тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
Висуал Сапиталист 2024-йил якунлари асосида дунёдаги 25 та энг йирик ёнилғи ишлаб чиқарувчи давлатлар рейтингини тузди. Унда мамлакатлар қазиб олган кўмир, нефт ва табиий газнинг жисмоний массаси ҳисобга олинган.
Рейтинг учун маълумотлар Австрия Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган. Таққослаш имконини яратиш учун табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми куб метрдан тоннага қайта ҳисобланган.
Бу ерда муҳим жиҳат шуки, рейтинг мамлакатлар ишлаб чиқарадиган энергия миқдорини эмас, қазиб олинган ёнилғининг массасини акс эттиради. Чунки бир тонна кўмир, нефт ва табиий газдаги энергия миқдори бир хил эмас. Шу сабабли бу жадвални давлатларнинг умумий энергия ишлаб чиқариши рейтинги сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди.
2024-йилда Хитой жами 4,8 млрд тонна қазиб олинадиган ёнилғи ишлаб чиқариб, рейтингда катта устунлик билан биринчи ўринни эгаллади.
Хитой кўрсаткичи иккинчи ўриндаги АҚШ натижасидан икки баробардан ҳам юқори.
Мамлакат етакчилиги асосан кўмир ҳисобига таъминланган. 2024-йилда Хитойда 4,4 млрд тонна кўмир қазиб олинган. Бу мамлакатда ишлаб чиқарилган қазилма ёнилғининг мутлақ катта қисмини ташкил этади.
Шунингдек, Хитой ҳиссасига дунёда қазиб олинадиган кўмирнинг ярмидан кўпи тўғри келади.
Хитой нафақат дунёдаги энг йирик кўмир ишлаб чиқарувчи, балки унинг энг йирик истеъмолчиси ҳам ҳисобланади. Мамлакатда қазиб олинган кўмирнинг деярли барчаси ички бозорда — электр энергияси ишлаб чиқариш, саноат ва қайта ишлаш тармоқлари эҳтиёжлари учун сарфланади.
Рейтингда иккинчи ўринни АҚШ эгаллади. 2024-йилда мамлакатда жами 2,3 млрд тонна қазилма ёнилғи ишлаб чиқарилган.
Хитойдан фарқли равишда, АҚШда ёнилғи ишлаб чиқариш таркиби нефт, табиий газ ва кўмир ўртасида нисбатан мувозанатли тақсимланган.
Хусусан, 2024-йилда АҚШда нефт қазиб олиш 948,8 млн тоннани, табиий газ ишлаб чиқариш 854,6 млн тоннани, кўмир қазиб олиш эса 473,8 млн тоннани ташкил этган.

