Иқтисодиёт

Дунёда энг кўп минерал ёқилғи ишлаб чиқарадиган давлатлар маълум бўлди

2024-йилда Хитой 4,8 млрд тонна минерал ёқилғи ишлаб чиқариб, жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлардан АҚШ ва Россия жой олди. Дунё бўйича минерал ёқилғи ишлаб чиқаришнинг 63,1 фоизи эса атиги бешта давлат ҳиссасига тўғри келган.

Минерал ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари аниқланди.

Висуал Сапиталист томонидан тақдим этилган инфографикада 2024-йилда турли мамлакатларда қазиб олинган минерал ёқилғи ҳажмлари тонна ҳисобида солиштирилган. Ушбу маълумотлар Австрия Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган.

Рейтинг энергетик тошкўмир, коксланадиган кўмир, қўнғир кўмир, нефт, ёнувчан сланецлар, табиий газ ва уран каби ёқилғи турларини ўз ичига олади.

Муҳим жиҳати шундаки, ушбу рейтингда ёқилғининг иқтисодий қиймати ёки энергетик самарадорлиги эмас, балки унинг физик массаси – тоннадаги ҳажми асос қилиб олинган. Шу сабабли, кўмир каби катта ҳажмларда қазиб олинадиган ёқилғи турлари умумий рейтингга сезиларли таъсир кўрсатган. Натижада, баъзи йирик кўмир қазиб олувчи давлатлар нефт ва газ ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчилари бўлган мамлакатлардан ҳам юқори ўринларни эгаллаган.

**Хитой – 4,8 миллиард тонна**

2024-йилда Хитой 4,8 миллиард тонна минерал ёқилғи ишлаб чиқариб, бу кўрсаткич билан дунё бўйича умумий ҳажмнинг 28,6 фоизини ташкил этди. Хитойда ишлаб чиқариладиган минерал ёқилғининг асосий қисмини кўмир ташкил этади. Кўмир қазиб олишнинг улкан ҳажми мамлакатга рейтингда катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллаш имконини берди. Шундай қилиб, дунёда қазиб олинган ҳар 10 тонна минерал ёқилғининг қарийб 3 тоннаси Хитой ҳиссасига тўғри келган.

**АҚШ – 2,28 миллиард тонна**

Иккинчи ўринни 2,28 миллиард тонна ёки жаҳон ишлаб чиқаришининг 13,5 фоизи билан АҚШ эгаллади. Хитой тонна ҳисобида АҚШга нисбатан икки баробардан зиёд минерал ёқилғи ишлаб чиқарган бўлса-да, икки мамлакатда ишлаб чиқариш таркиби сезиларли даражада фарқ қилади. Хитойда кўмир устунлик қилса, АҚШда минерал ёқилғи ишлаб чиқаришнинг асосий қисмини нефт ва табиий газ ташкил этади.

**Россия – 1,46 миллиард тонна**

Учинчи ўринда Россия қайд этилди. Мамлакат 2024-йилда 1,46 миллиард тонна минерал ёқилғи ишлаб чиқариб, унинг жаҳон бозоридаги улуши 8,7 фоизни ташкил этди. Россиядаги ишлаб чиқариш таркиби Хитойдан кўра АҚШга яқинроқ бўлиб, асосий улуш нефт ва табиий газ ҳиссасига тўғри келади.

**Ҳиндистон ва Индонезия кучли бешликда**

Ҳиндистон 1,14 миллиард тонна кўрсаткич билан тўртинчи ўринни эгаллади. Бу жаҳон минерал ёқилғи ишлаб чиқаришининг 6,8 фоизига тенг. Мамлакатда асосий ёқилғи тури энергетик кўмир ҳисобланади.

Бешинчи ўринда Индонезия – 921,4 миллион тонна билан жойлашди. Унинг жаҳон ишлаб чиқаришидаги улуши 5,5 фоизни ташкил қилди. Бу мамлакатда ҳам асосий ҳажм энергетик кўмир ҳисобига шаклланган.

Шундай қилиб, 2024-йилда Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон ва Индонезия биргаликда дунёдаги минерал ёқилғи ишлаб чиқаришнинг 63,1 фоизини таъминлаган.

Ушбу рейтинг ёқилғининг иқтисодий қиймати ёки ундан олинадиган энергия миқдорини эмас, айнан тоннадаги физик ҳажмини акс эттириши сабабли, уни энергия ишлаб чиқариш ёки ёқилғи бозори қиймати бўйича рейтинг сифатида талқин қилмаслик лозим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.