Қашқадарёдаги Одирмон қадимий шаҳар харобасидан меҳроб ва остодон топилди
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида милоддан аввалги ИИИ — милодий ИИИ асрларга оид Одирмон археологик ёдгорлигидаги қазишмаларда диний маросимларга оид меҳроб ва дафн анъаналари билан боғлиқ остодон аниқланди. Меҳробда ёнғин излари, остодонда эса кийик ва арчага ўхшаш нақшлар сақланган.

Қашқадарёдаги Одирмон қадимий шаҳар харобасидан меҳроб ва остодон топилди
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган Одирмон шаҳар археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлар жараёнида диний маросимлар билан боғлиқ меҳроб ва ноёб остодон аниқланди.
Ёдгорликда археологик қазишмалар жорий йилда илк бор Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдураҳимов томонидан олиб борилмоқда. Тадқиқотлар ёдгорликнинг мудофаа иншоотлари ва арк қисмида амалга оширилмоқда.
Қазишмалар вақтида ёдгорликнинг шимоли-шарқий қисмидан диний маросимлар билан боғлиқ меҳроб топилди. Унда ёнғин излари яхши сақланган. Меҳробнинг баландлиги 70 сантиметр, эни 90 сантиметрни ташкил этади.
Меҳробнинг пол қисмига 18×28×2,5 сантиметр ўлчамдаги пишган кафелсимон ғиштлар терилган. Иншоот атрофи 2,5−3 сантиметр қалинликдаги лой сувоқ билан қопланган. Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани меҳробдан узоқ вақт давомида фойдаланилгани ва мунтазам таъмирланганини кўрсатади.
Тадқиқотлар давомида диний-ма'навий ҳаёт ва дафн маросимлари билан боғлиқ муҳим топилма — остодон ҳам аниқланди. Унинг ташқи юзасида турли безак ва тасвирлар, жумладан, кийик ҳамда арча дарахтига ўхшаш нақшлар мавжуд. Тасвирларнинг тўлиқ мазмуни реставрация ишлари якунлангач, янада аниқроқ ўрганилиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, Одирмон шаҳар ёдгорлиги милоддан аввалги ИИИ аср ва милодий ИИИ асрлар оралиғига оид.
Қайд этилишича, аниқланган меҳроб ва остодон ёдгорликда яшаган қадимги аҳолининг диний қарашлари, маросимлари ҳамда дафн анъаналарини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

