Қашқадарёда экополиция ходимлари ҳужумга учради

Қашқадарёда экополиция ходимларига ҳужум қилинди
Қашқадарё вилоятида экологик назорат тадбири чоғида экополиция ходимларига қаршилик кўрсатилди. Ҳодисалардан бирида Ғузор тумани Экология ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи ҳушсиз ҳолатда шифохонага олиб кетилган.
Маълум қилинишича, 11-сентябр куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов ҳушсиз ҳолатда вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига етказилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани “Қовчин” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд вақтида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Уни шу ҳудудда фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолатда топиб, шифохонага олиб борган. Ҳозирда тиббиёт муассасасида унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 6-сентябрдан 7-сентябрга ўтар кечаси Ғузор тумани “Қовчин” МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида экополиция инспекторлари экологик назорат рейдини ўтказган.
Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган пайтда ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.
Хусусан, давлат рақамисиз қора рангли Киа К5, шунингдек, давлат рақами 70 К 413 АА бўлган Ласетти ва Собалт автомобилларида келган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситасини олиб қочган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

