Экополиция ходими хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди

Экополиция ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспексиясининг Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда қўмита матубот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 9-сентябр куни соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида тезкор рейд тадбири ўтказилган.
Шу рейд давомида Мирзо Ботиров электр қармоқ билан балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига дуч келиб, сувга тушиб кетган.
Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида 10-сентябр куни инспекторнинг жасади топилган.
Ҳозирда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мирзо Ботировнинг табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, у вафотидан сўнг “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

