Маҳаллий

Қашқадарёда 500 нафар ёш Германияга ҳақ тўланадиган амалиётга юборилади

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган «Касблар шаҳарчаси» фаолияти

Қашқадарёда 500 нафар ёш Германияга ҳақ тўланадиган амалиётга юборилади

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг негизида ташкил этилган «Касблар шаҳарчаси» фаолияти билан танишди.

Қиймати 42 млрд сўм бўлган техникум 5,2 гектар ҳудудда жойлашган. Муассаса 14 та бино ва иншоотни ўз ичига олади, 80 та иш ўрни яратилган. Унда ўқув бинолари, лабораториялар, устахоналар, ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона ва «Касблар шаҳарчаси» мавжуд.

Айни пайтда техникумда 10 та йўналиш бўйича 417 нафар ёш таълим олмоқда. Ўқув жараёнига Германия, Швейсария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси жорий этилмоқда. Техникум вилоятдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам методик ва амалий база вазифасини бажаради. Уларда ўқиётган 2 минг 800 нафар ўқувчи техникумда амалиёт ўтайди.

Амалиёт ва дуал таълимни йўлга қўйиш бўйича 32 та йирик ташкилот билан шартномалар имзоланган. Яна 11 та ташкилот билан ҳамкорликни бошлаш режалаштирилган. Йил охиригача 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилган. Президент стажировкага кетаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

— Барча саъй-ҳаракатларимиз сизлар касб эгаллашингиз учун. Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар. Бугун сизларга шундай имконият бериляпти. Ундан тўғри фойдалансангиз, ўзингиз, фарзандларингиз ва невараларингиз учун фаровон ҳаётга замин яратасизлар. Шунинг учун бир дақиқангиз ҳам бекор ўтмасин, — деди Президент.

«Касблар шаҳарчаси» мактаб ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилган. Бу ерда ёшлар ахборот технологиялари, «яшил» энергетика, робототехника, дронларни бошқариш ва электромобилларга хизмат кўрсатиш билан танишади. Шунингдек, тикувчилик, ошпазлик, сантехника, зоотехника ва агрономия бўйича амалий кўникмаларни ҳам олади.

Вилоятдаги инвестиция лойиҳалари янги мутахассисларга бўлган талабни оширмоқда. Шу сабабли таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш, техникум имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва ёшларни янги корхоналар учун мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Ташриф чоғида Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги замонавий ёндашувлар ҳамда Германия билан ҳамкорликдаги истиқболли қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.