Шавкат Мирзиёев Нукусдаги 1-сон техникум фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Нукусдаги 1-сон техникум фаолияти билан танишди
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги 1-сон техникум фаолияти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг 2026-йил 17-июлдаги “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ушбу техникумда Буюк Британиянинг Пеарсон БТЕС халқаро таълим дастури жорий қилинди.
Дунёнинг 70 та мамлакатида қўлланилаётган мазкур дастур Ўзбекистонда илк бор айнан шу техникумда йўлга қўйилди. Унинг асосий жиҳати назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштиришдан иборат. Шу мақсадда таълим стандартларига мос замонавий ўқув устахоналари ва рақамли лабораториялар ташкил этилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 11,9 миллиард сўмни ташкил этади, шундан 2 миллиард сўм ҳамкорлар томонидан ажратилган. Натижада 240 ўринли замонавий устахоналар барпо этилди. Техникумда жами 1 минг 203 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Муассаса 4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бино ва иншоотларининг умумий майдони 4,6 минг квадрат метрни ташкил қилади. Бу ерда дуал таълимни йўлга қўйиш орқали ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган. Халқаро дастур битирувчиларига 70 дан ортиқ давлатда тан олинадиган диплом берилади.
Хусусий ҳамкор Саловутдин Илёсов иштирокида “спин-офф” таълим дастури ҳам ишга туширилган. Унинг доирасида 136 нафар ўқувчи талаб юқори бўлган замонавий касбларни ўзлаштирмоқда. Асосий фанлар инглиз тилида ўқитилиб, ўқув-услубий материаллар ҳам шу тилда тақдим этилмоқда. Бу ўқувчиларнинг касбий билимлари билан бирга соҳавий тил кўникмаларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
Амалий тайёргарлик натижасида битирувчиларнинг хорижда ишлаш имкониятлари кенгаймоқда. Жорий йилда техникумда пайвандчилик бўйича ўқитилган 25 нафар ишсиз фуқаро Эстонияга ишга юборилди. Улар ойига 3 минг еврогача иш ҳақи олмоқда.
Шунингдек, ташкил этилаётган 40 миллион долларлик саноат зонаси учун зарур мутахассисларни айнан шу техникумда тайёрлаш бўйича келишувларга эришилган. Бу таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Давлат раҳбари техникумда яратилган шароитлар билан танишди. Халқаро меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётгани қайд этилиб, ўқув жараёнларини иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

