Иқтисодиёт

Қарийб 2 триллион евро устида баҳс: Европа Иттифоқи бюджет бўйича келиша олмади

Брюсселдаги саммитнинг биринчи кунида Европа Иттифоқи етакчилари етти йиллик бюджет бўйича келишувга эриша олмади. Германия ва яна бир қатор давлатлар харажатларни қисқартиришни талаб қилаётган бўлса, Франсия, Испания ва Полша бюджетни ошириш тарафдори. Музокаралар декабрда давом этади.

Қарийб 2 триллион евро атрофидаги бюджет юзасидан келишувга эришилмади: Европа Иттифоқида тортишувлар кучайди

ДВ нашри АФП агентлигига таяниб ёзишича, саммит давомида томонлар ўртасида кескин баҳслар юз берган. Тежамкорликни ёқловчи давлатлар сафида Германиядан ташқари Австрия, Швеция, Дания, Нидерландия ва Финландия ҳам бор эди.

Еврокомиссия ёз ойларида 2028–2034-йилларга мўлжалланган, қарийб 2 триллион евролик бюджет лойиҳасини тақдим этган эди. ЕИ Кенгашига раислик қилаётган Ирландия эса уни 140 миллиард еврога камайтиришни таклиф қилган.

Ирландия илгари сурган таклиф рақобатбардошликни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар, мудофаа ва ташқи сиёсат йўналишларидаги харажатларни қисқартиришни кўзда тутади.

Франсия эса бюджетни аъзо давлатлар бадалларини оширмасдан кўпайтириш учун янги умумевропа йиғимларини жорий этишни таклиф қилмоқда. Гап рақамли хизматлар, криптоактивлар ва интернетдаги қимор ўйинларидан йиғим ундириш ҳақида кетмоқда.

Германия канслери Фридрих Мерс музокаралар бошланишидан олдин Еврокомиссия таклиф қилган бюджетни сезиларли даражада қисқартиришга чақирган. У қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий тафовутларни камайтириш сиёсати учун қўшимча маблағ ажратилишига қарши чиққан.

ЕИга аъзо кўплаб давлатлар бюджетни 2026-йил охиригача тасдиқлаш тарафдори. Улар 2027-йилдаги сайловлар натижасида айрим мамлакатларда ҳокимиятга евроинтеграцияга шубҳа билан қарайдиган сиёсий кучлар келиши келишувни мураккаблаштириши мумкинлигидан хавотирда.

Бироқ Австрия канслери Кристиан Штокер музокаралар келаси йилгача чўзилиши эҳтимолини ҳам истисно қилмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.