“Қандай бўлмасин, қўнаман”. 11-сентабр терактлари сабабли АҚШга кира олмаган Ўзбекистон самолёти бортида нималар содир бўлган?
2001-йил 11-сентабр кунги терактлар ортидан АҚШ ҳаво ҳудуди ёпилгач, ъЎзбекистон ҳаво йўллариънинг Тошкент-Ню Ёрк йўналишидаги 101-рейси Канадага фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Газета экипаж командири ва йўловчилар хотиралари ҳамда архив суратларни тақдим этади.

“Қандай бўлмасин, қўнаман”. 11-сентабр терактлари туфайли АҚШга кира олмаган Ўзбекистон самолёти бортида нималар юз берган?
25 йил аввал — 2001-йил 11-сентабрда жаҳон тарихидаги энг йирик теракт содир бўлган эди. “Ал-Қоида” жангарилари АҚШда тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олди. Улардан иккитаси Ню Ёркдаги Бутунжаҳон савдо маркази минораларига, учинчиси Пентагон биносига урилди, тўртинчиси эса Вашингтонга етиб бормай, далага қулади. Ўша терактлар оқибатида 2977 киши ҳалок бўлди, шундан 2606 нафари эгизак минораларга қилинган ҳужум қурбонлари эди.
Ҳужумлардан кейин АҚШ ҳаво ҳудуди фуқаролик авиацияси учун ёпилди ва мамлакат томон йўл олган юзлаб самолётлар бошқа аеропортларга бурилди.
Улар орасида Тошкентдан Ню Ёркка учаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг 101-рейси ҳам бор эди.
Бортида 200 га яқин йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган Боеинг 757 самолёти Канададаги Гоосе Бай аеропортига йўналтирилди. Канада Қуролли кучларига қарашли бу ҳарбий аеродром 11-сентабр куни АҚШ ҳаво ҳудуди ёпилгач, ўнлаб самолётларни қабул қилган.
101-рейс командири Зариф Саидазимов йўловчилар — Гулнора Мусаева ва Гулшода Абдиева билан суҳбатлашиб, чорак аср аввалги воқеалар, самолётдаги ҳолат ва Канадага қўниш жараёни ҳақидаги хотираларини сўради.
2001-йил 11-сентабрдаги воқеа пайтида 45 ёшда эдим. Авиация соҳасига 1976-йилда кириб келганман, 1996-йилдан Ню Ёрк йўналишида учардим. Ўша пайтда Боеинг 757 самолётида учардим ва пилот-инструктор эдим.
Рейс Тошкент — Бирмингем — Ню Ёрк йўналишида эди. Тошкентдан Бирмингемга учдик, у ерда самолётга ёқилғи қуйдик ва Ню Ёркка йўл олаётганимизда самолётга чиқиш вақтида фарғоналик аёл трап олдида тўсатдан йиқилиб, вафот этди. Дарҳол шифокорларни чақиришди. Кейин сўрасам, аёлнинг ҳатто юки ҳам бўлмаган, фақат кичик қўл сумкаси бор экан. Биз эса рейсни кечиктирмаслик учун учишга ва уни ўша ерда қолдиришга мажбур бўлдик. Самолёт 184 кишига мўлжалланган бўлиб, ўша кунги рейсда 180 нафар йўловчи бор эди.
Самолёт Атлантика океани устидан учаётган пайтда ҳаммаси одатдагидек эди. Осмонда турли давлатлардан Америка ва Канадага учаётган кўплаб самолётлар бор эди. Учувчилар бир-бирини махсус частота орқали эшитиб турарди. Шу пайт америкалик учувчиларнинг суҳбатидан Ню Ёркда самолёт ҳалокатга учраганини эшитдик. Аввалига “қандай қилиб самолёт ҳалокатга учрайди?”, деб ҳайрон бўлдик. Кейин яна бир самолёт Пентагонга урилгани, савдо марказига ҳужум қилингани ва бошқа самолётлар билан боғлиқ воқеалар ҳақида айтиб қолишди. Шундан кейин Америка ҳаво ҳудуди ёпилгани маълум бўлди.
Ню Ёрк учун захира аеропортимиз Бостон эди.
Аммо Бостон ҳам, бошқа аеропортлар ҳам самолётлар билан тўлиб кетган, бизга уларнинг ҳаво ҳудудига киришга рухсат берилмади. Шунда харитадан яқинроқ аеропорт қидириб, Канададаги Гоосе Бай ҳарбий ҳаво базасини топдик ва ўша томонга йўл олдик.
Гоосе Байъга яқинлашганимизда об-ҳаво ҳам яхши эмасди. Бу ҳудудда булут, чақмоқ ва бошқа ноқулайликлар бўларди. Пасайиш жараёнида чақмоқ ва булутларни айланиб ўтишга тўғри келди.
Ёнилғи ҳам тугаб борарди.
Двигател ишдан чиқмаган, лекин ёқилғини тежаш учун двигателларни кичик газда ишлатдик, бирини қисқа вақтга ўчириб, кейин яна ёқдим. Самолётни икки двигател ишлаган ҳолда қўндирдик. Аеропортга қўниш ҳам осон бўлмаган. Бундай вазиятда диспетчерлар учун ҳам жуда оғир эди. Ниҳоят алоқа ўрнатиб, қўнишга рухсат олдик. Аеропортга яқинлашиб, қўнаётганимизда улар самолётдаги иллюминаторларни ёпишимизни, ҳеч ким очмаслигини айтди.
Аеродромга қўнганимиздан кейин тахминан 7 соат йўловчилар билан бирга самолёт ичида ўтирдик.
Мен стюардессаларга захирадаги бор овқатларни тарқатишни айтдим ва йўловчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Уларга ЖФК (Жон Ф. Кеннеди) аеропорти техник сабабларга кўра ёпилгани, очилса, Ню Ёркка парвозни давом эттиришимизни айтдим. Ваҳимага йўл қўймаслик керак эди. Шу орада Вашингтондаги элчихонамизга қўнғироқ қилдим. Ўзимни 101-рейс командири эканимни таништириб, барча йўловчилар соғ-саломат экани, Гоосе Бай аеропортига қўнганимизни хабар қилдим. Улар бу маълумотни Ўзбекистонга етказишди.
Кейинроқ маҳаллий ҳокимият вакиллари келиб, барча самолётлар шу ерда қолишини айтди. Биздан йўловчилар рўйхатини олишди ва уларни самолётдан туширишди. Самолётлар қулфланди, йўловчилар қўл юкларини олиб, аеропорт биносига киришди. Бизни ҳарбий казармаларга жойлаштиришди, овқат, телефонлар, телевизорлар, зарур гигиена воситалари, ҳатто шиппакларгача беришди. Телефонлар орқали ҳамма яқинлари билан гаплашди.
Йўловчилар телевизор орқали Ню Ёркдаги воқеаларни қайта-қайта кўришгач, ҳодисанинг ҳақиқий кўламини тушуниб етишди.
Шунга қарамай, кўпчилик Ню Ёркка тезроқ етиб боришни истарди. Айрим йўловчилар “у ёқда болам кутяпти”, “бошқа шаҳарда зарур ишим бор”, деб, кетиш йўлини сўрашарди. Мен эса уларга бу ердан такси ҳам, автобус ҳам, поезд ҳам юрмаслиги, Гоосе Бай жуда олис ва чекка ҳудудда жойлашганини тушунтирардим.
Ўшанда икки кун деярли ухламадим. Учинчи куни йўловчиларни қайта Бирмингемга, у ердан эса Тошкентга олиб қайтишга қарор қилинди. Йўловчиларни йиғиб, уларга вазиятни тушунтирдим.
“Биз Бирмингемга, кейин Тошкентга учиб кетамиз”, дедим.
Улар чипталари нима бўлишини сўрашди. Мен эса рейслар очилганидан кейин чипталаридан фойдаланишлари ёки пулларини қайтариб олишлари мумкинлигини айтдим.
Шунда йўловчилар орасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да 15 йил ишлаганини айтган бир аёл “билетларингизни қайтариб беришмайди”, деган гапларни тарқата бошлади. Мен “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бош директорига қўнғироқ қилиб, йўловчиларга расмий кафолат беришни сўрадим. Улар хоҳлаган вақтда рейсдан фойдаланиши ёки пулларини қайтариб олиши мумкинлиги ҳақида кафолат тайёрланди. Уни инглиз, рус ва ўзбек тилларида чоп эттириб, ҳар бир йўловчига тарқатдим.
Фото: Кинематография агентлиги.
Командирнинг вазифаси фақат самолётни бошқариш билан чекланмайди. У йўловчи, багаж ва бошқа кўплаб масалалар учун ҳам жавобгар ҳисобланади. Бундай вазиятда командир бир вақтнинг ўзида ҳам консул, ҳам элчи ролини бажаради.
Шундан сўнг самолётни парвозга тайёрладик, ёқилғи қуйдик, техник текширувдан ўтказдик. Ҳар бир йўловчи билан алоҳида гаплашиб, қайтишига розилигини олдим. Кечаси Бирмингемга учдик.
Атлантика океани устидан ўтаётганимизда осмонда бирорта ҳам самолёт йўқ эди.
Фақат биз учардик. Эрталаб Бирмингемга қўндик. У ерда ҳам аеропорт деярли ишламаётган, самолётлар учмаётган эди.
Мен бошқарган самолётга Лондонда турган бошқа экипажни олиб келишди. Парвоз вақтим ва кучим Бирмингемдан Тошкентгача етиб боришга етмасди. Самолётни уларга топширдим. Экипаж аъзоларим билан Лондонда қолдик. Меҳмонхонада уч кун ичидаги ҳамма хатти-ҳаракатларим, айтган гапларимни бирма-бир таҳлил қилдим.
Шунда барча қарорларимни тўғри қабул қилганимга ишонч ҳосил бўлди.
Икки кундан кейин Тошкентга оддий рейс билан учиб келдик. Ўзбекистонга қайтганимда алоҳида маросим билан кутиб олишмаган. Аеропортдан чиқиб, такси тўхтатиб, уйга кетганман (кулади). 2001-йилда биз билан боғлиқ воқеа катта шов-шув бўлмаган. Йиллар ўтиб, эътироф этилдик. 2007-йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилдим.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан.
2001-йилнинг октабр охирларида яна Ню Ёркка учдим, воқеа содир бўлган жойга — савдо марказлари вайрон бўлган ҳудудга бордим.
Ҳали ҳам у ерда тутун чиқиб турарди. Гул сотиб олиб, ўша жойга қўйдим. Бегуноҳ одамлар ҳалок бўлганидан қаттиқ таъсирланганман.
11-сентабр куни парвоз вақтида қўрқув бўлганми, деган саволга келсак, учувчи қўрқса, самолёт бошқариши қийин. Бундай вазиятда совуққонлик керак.
Билимингизни ишлатиб, вазиятдан чиқиш йўлини ўйлашингиз зарур. Қўрққан одамнинг билими ҳам, фикри ҳам чалкашиб кетади. Мен эса шу пайтгача турли танг вазиятларда билимимга таяниб иш қилганман. Гоосе Байъга қўнишда ҳам бошқа вариант қолмаган эди.
Мен “қандай бўлмасин, қўнаман”, деган ишончда эдим.
У ерда ИЛС тизимининг Басксоурсе деб аталадиган камёб тури бор эди. Мен бу тизимни яхши билардим, ҳатто бошқа учувчиларга ҳам ўргатганман. Қўниш пайтида шу билимларим қўл келди.
101-рейс қалбимда чуқур из қолдирган, ҳеч қачон ўчириб бўлмайди. Бу оддий рейс эмас эди. Ўша воқеани эслаганимда, хаёлимга биринчи навбатда хавф ва масъулият келади. Учувчилик осон касб эмас. Одамлар “автопилотни ёқиб қўяди, ўтириб чой ичиб кетади”, деб ўйлаши мумкин. Аслида ундай эмас. Мен 45 йил осмонда учдим, 26 минг соат парвоз қилдим. Бу касб кучли соғлиқ, чуқур билим ва ҳар қандай вазиятда ўзини босиб тута олишни талаб қилади.
Командир бир вақтнинг ўзида психолог ҳам, шифокор ҳам, бошқа кўплаб вазифаларни бажаради.
Учувчи ҳар бир рейс олдидан орқасида ўтирган 200–250 нафар одамнинг ҳаёти унинг қўлида эканини ҳис қилиши керак.
Кейинчалик Ню Ёрк кўчаларида кетаётиб, бир аёл мени таниб қолиб, югуриб келиб, қучоқлаб олди. “Сиз менинг командирим бўлгансиз, эслайсизми, Гоосе Бай аеропортида?”, деди. Мен билан суратга тушди, унга ёрдам берганим учун раҳмат айтди. Аеропортларда ҳам бир-икки ўзбекистонлик йўловчи мени таниб, “бу бизнинг командиримиз”, дегани ҳалигача эсимда.
Ўша воқеадан кейин ҳам учувчилик фаолиятимни давом эттирдим. Кўплаб парвозларни амалга оширдим, учувчиларни тайёрладим, жумладан Кореяда ҳам Боеинг самолётларида учишга ўқитдим, кўплаб шогирдлар етиштиришга ҳисса қўшдим.
2020-йил пандемия бошланганида Москвадан рейс билан қайтиб келгандим. Бизни экипаж билан бирга карантинга олишди. Ўша пайтда 65 ёшга яқинлашган эдим ва пенсия масаласи кўтарилди. Ариза ёзиб, нафақага чиқдим.
Кейин ҳам авиациядан узилиб қолмадим.
Боеинг самолётлари учувчилари тренажёрда ҳар уч ёки олти ойда текширувдан ўтиши керак. Тренажёрда инструктор бўлиб ишладим, янги учувчиларни тайёрладим. 70 ёшга тўлганимдан кейин эса “энди ўзим учун яшайман”, деб фаолиятимни тўхтатдим.
Ҳозир набираларим билан вақт ўтказаман. Икки қизим ҳам бир муддат борт кузатувчиси бўлиб ишлади. Икки-уч йилча учишди, кейин оилавий сабабларга кўра касбдан кетишди. Ўғлим ҳам авиация соҳасида ишлайди — авиакомпаниянинг Туркиядаги бош вакили.
101-рейс мен учун ҳеч қачон оддий рейс бўлиб қолмайди.
Мен учун энг катта мукофот — 180 нафар йўловчини хавфсиз жойга олиб чиқиш, уларни яна Бирмингемга эсон-омон қайтариш ва оғир вазиятда менинг гапларимга ишониб, ортимдан эргашгани. Айниқса, нотаниш аеропортга, бошқача тизимда биринчи марта қўниб, шунча одамнинг хавфсизлигини таъминлаш — мен учун шунинг ўзи катта мукофот!
Гулнора Мусаева, собиқ “Баҳор” давлат ўзбек халқ рақс ансамбли артисти, Тамарахоним уй-музейи директори
2001-йилда ўзимнинг “Гули-Бону” продюсерлик марказимга раҳбарлик қилардим ва “Анор” вокал гуруҳининг продюсери эдим. Мамлакатимизда ва хорижда маданий тадбирларни ташкил этиш билан шуғуллардим. Ўзбекистоннинг Германия, АҚШ, Франсия ва Ҳиндистондаги элчихоналари билан ҳамкорлик қилардик.
Сентабр ойида тўрт нафар ижрочидан иборат “Анор” гуруҳи АҚШдаги элчихона томонидан Ўзбекистоннинг Мустақиллик кунига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун таклиф қилинди. Биз маданий дастур учун масъул эдик.
Байрам тадбири 13-сентабр куни Вашингтонда ўтказилиши керак эди. Делегациямиз анча катта эди.
Биз билан бирга Вазирлар Маҳкамаси вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг икки нафар ходими, дуторчи Аббос Қосимов ва раққоса Гулшода Абдиева ҳам учган.
Гулнора Мусаева.
Аввалига АҚШга 9-сентабр куни, бошқалардан икки кун олдинроқ учиб кетишни режалаштиргандим. Ню Ёркдаги ҳамкорларим билан биргаликда маданий лойиҳа тайёрлаётгандик. Уларнинг офиси Жаҳон савдо маркази минораларидан бирининг 78-қаватида жойлашган эди. Сафарларим давомида у ерга тез-тез бориб турардим, баъзан бутун кунни ҳам ўша ерда ўтказардим.
Сафарга чиқишимдан бир неча кун олдин элчихонадан қўнғироқ қилиб, режаларимни ўзгартиришни сўрашди. Менга икки вариант таклиф қилинди: 9-сентабр куни учиб бориб, бир неча кунга турар жойни ўзим ҳал қилиш ёки 11-сентабр куни делегация билан бирга йўлга чиқиш. Бутун делегацияни ўз ҳисобимдан жойлаштириш қийин эди. Шунинг учун санъаткорларнинг авиачипталари ўзгартирилди. Аввалига барибир 9-сентабр куни ёлғиз учиб, Ню Ёркдаги ҳамкорларимникида қолишни ўйлагандим. Аммо ҳамма билан бирга кетишга қарор қилдим.
11-сентабр куни Тошкентдан Ню Ёркка учдик. Ўша йилларда самолётлар бу йўналишни тўғридан-тўғри босиб ўта олмасди, шунинг учун рейсимиз йўл-йўлакай Англияда техник қўниш қилиб, ёқилғи қуйди. Тўхташ вақтида йўловчилардан бирининг юраги хуруж қилди. Бу воқеа яхши ёдимда. Транзит ҳудуди кичик эди. Мен аёлга скамейкага ётишига ёрдам бердим ва доим ўзим билан олиб юрадиган дориларимдан бердим. Кейин тиббий ёрдам чақирилди ва уни шифокорлар олиб кетишди. Рейсимиз тахминан бир соатга кечикди. Қолган йўловчилар самолётга қайтганида, ўша аёл вафот этгани маълум бўлди. Шу тариқа, рейсимиз фожиа билан бошланди. Кейинчалик бу кечикиш ҳақида кўп ўйладим. Агар ўз вақтида учганимизда, ҳаво ҳудуди ёпилган пайтда Ню-Ёркка анча яқинлашиб қолган бўлишимиз мумкин эди. Ўшанда воқеалар қандай ривожланган бўларди — буни ҳеч ким билмайди.
Гулнора Мусаева “Анор” гуруҳи ва Гулшода Абдиева билан. Канададаги Гоосе Бай аеродромида. / Фото: Шахсий архив.
Парвозни давом эттирдик. Менинг эслашимча, Ню Ёркка етиб боришимизга тахминан 40 дақиқа қолганида, борт кузатувчилари об-ҳаво шароити туфайли самолёт белгиланган аеропортга қўна олмаслигини маълум қилишди. Самолёт Канададаги Гоосе Бай аеропортига йўналтирилди. Маршрут ўзгаришининг асл сабаби ҳақида бизга ҳеч нарса айтишмади. Эҳтимол, самолёт бортида ваҳима кўтарилмаслиги учун ҳақиқий сабабни айтмаган бўлишса керак.
Самолёт Гоосе Бай аеропортига қўнганидан кейин ортимиздаги қаторда ухлаб келган бир йигит уйғонди. Биз аллақачон АҚШга етиб келдик, деб ўйлаб, онасига қўнғироқ қилди: “Ойи, етиб келдим”. Бирдан унинг овози ўзгариб кетганини эшитдим:
“Нима? Қандай? Урушми? Эгизак минораларми?”
Йигитнинг гапларидан ҳамма бирданига унга қаради. Борт кузатувчиларидан бири унинг олдига бориб, ўзи билан бирга юришини сўради.
У қайтиб келганида, онаси гўёки филм кўраётгани ва унинг гапларини нотўғри тушунганини айтди. Телефонини эса ундан олиб қўйишди. Қўнишдан кейин самолёт ичида тахминан саккиз соат қолдик. АҚШ ҳаво ҳудуди ёпилган, Канадага эса жуда кўп рейслар йўналтирилаётган эди. Ёнимизга яна бир нечта самолёт қўнди, улар орасида Россия ва Буюк Британия самолётлари ҳам бор эди. Самолётимиз атрофида эса қуролланган ҳарбийлар туришарди.
Шу пайтга келиб, самолётдаги овқат тугаган, сув ҳам деярли қолмаган эди. Сувни, аввало, болалар ва кекса йўловчиларга беришга ҳаракат қилишарди. Мен санъаткор ҳамроҳларим билан тез-тез хорижга бориб турардим. Шунинг учун танишларим қариндошларига бериб юбориш учун орқали менга турли егуликлар — нон, қази, қўрт бериб юборишарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Чемоданимдаги барча маҳсулотларни олиб, борт кузатувчиларига бердим ва: “Ҳаммасини тўғраб, бўлиб чиқинглар. Аввало, албатта, учувчиларни овқатлантиринглар — агар парвозни давом эттирсак, улар оч қолмаслиги керак. Қолганини йўловчиларга тарқатинглар”, — дедим.
Шу тариқа, олиб келган егуликларимизни самолётдаги барча одамлар ўртасида бўлиб беришди. Ўша рейсда бизнес-класс деярли бўш эди. Гулшода ҳомиладор бўлгани учун борт кузатувчиларидан уни бизнес-классга ўтказишга рухсат сўрадим. Узоқ парвоздан кейин бироз ётиб, дам олиши учун шундай қилишга рози бўлишди.
Ниҳоят, самолётдан тушишга рухсат берилганида, бизга ўзимиз билан фақат ҳужжатлар, пул ва бошқа қимматли буюмларни олишимиз мумкинлиги айтилди. Сумкалар ва қолган барча юклар самолётда қолиши керак эди. Ҳарбий база ҳудудига киришдан олдин бизни синчиклаб текширишди. Эсимда, ҳатто қандайдир дезинфексия жараёнидан ҳам ўтгандик. Атрофда қўлида қурол ушлаган аскарлар турарди. Буларнинг барчаси жуда ғалати ва хавотирли туюларди. Биз ҳануз нима бўлганини аниқ тушунмасдик.
Самолётда биз билан бирга Бухоро яҳудийлари диаспораси вакиллари — аввал Ўзбекистонда яшаган америкаликлар ҳам учиб келган эди. Катта дам олиш хонасига кирганимизда, улар аллақачон телевизор қаршисида ўтиришган экан. Мени чақириб: “Гулнора, бу ёққа келинг, нима бўлганини кўринг”, — дейишди.
Телевизор экранида самолётнинг эгизак миноралардан бирига урилиб, бино ичига кириб кетаётгани кўрсатилаётган эди. Аввалига бу кадрларни филмдан олинган, деб ўйладим.
Бундай воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлиши мумкинлиги хаёлимга сиғмасди. Бу воқеа айнан бугун содир бўлганини айтишганида эса қаттиқ шокни бошдан кечирдим.
Экранга қараб, бир неча ой олдин борган жойларимни, у ердаги танишларимни, 78-қаватда жойлашган офисни ва ўша ерда дераза ёнида туриб шаҳарни томоша қилганимиз акс этган видеони ўйладим. Кейинчалик самолёт минорага улар ишлаган қаватлар баландлигига яқин жойдан урилганини билдим. Ўша сафаримизда бизга ҳамроҳлик қилган инсон ва бошқа ҳамкорларимнинг бир қисми терактда ҳалок бўлган.
Ёнаётган эгизак миноралар. Чапда — Жанубий, ўнгда — Шимолий минора. Сурат: Тҳомас Нилссон / Геттй Имагес.
Хабар тарқалгач, одамлар яқинларига қўнғироқ қила бошлашди. Ўша пайтда онам ҳали ҳаёт эди. У ҳам бошқа йўловчиларнинг яқинлари каби воқеаларни телевизор орқали кўриб, қаттиқ хавотирланган. Базада бизга телефонлардан бепул фойдаланиш имконини беришди. Истаганимизча гаплашиб, яқинларимизга ҳаммамиз соғ-саломат эканимизни айтишимиз мумкин эди.
Нега самолётда шунча вақт қолиб кетганимиз кейинроқ маълум бўлди.
Ҳарбийлар биз учун вақтинча яшаш жойларини тайёрлаётган экан.
Бизни икки кишидан жойлаштиришди. Бу меҳмонхона хоналари эмасди, аммо шароитлар анча қулай эди: хоналарда кроват, ҳожатхона ва душ бор, бизга ётоқ жиҳозлари, тиш чўткаси ва зарур бўлган бошқа нарсалар ҳам берилди. Кунига уч маҳал тўлиқ овқатланишни ташкил қилишди.
Менга ҳарбийларнинг ҳудуд бўйлаб доимий равишда юриб тургани ёдимда қолган. Ҳатто улардан: “Нега умуман ухламайсизлар?”, деб сўраганман. Кейинроқ эса биз уларнинг хоналарини эгаллаб олганимизни, шунинг учун уларнинг ўзлари дам оладиган жойи қолмаганини тушундим.
Базада икки кеча ва уч кун бўлдик. Ташқарига чиқишимизга ҳам рухсат беришарди. Менда сақланиб қолган суратларда йигитларимиз ҳарбийлар билан билярд ўйнаётгани, кичик барда ўтириб суҳбатлашаётгани акс этган. Биз келганимиздан кўп ўтмай, барчамизни ошхонага йиғиб, шаҳар мери билан учрашув ташкил қилишди.
У кимдир сиёсий бошпана сўраб, Канадада қолишни истайдими, деб сўради. Ўзбекистон фуқароларидан ҳеч ким бундай истак билдирмади.
Мен учун ҳам уйга қайтиш муҳим эди — ўзимни ҳеч қачон бошқа мамлакатда яшайдиган инсон сифатида тасаввур қилмаганман.
Орамизга журналистлар ҳам келиб, Ўзбекистон ва қаерга кетаётганимиз ҳақида саволлар беришди. Мен маҳаллий радиостансияга интервю бердим. Мамлакатимиз, “Анор” гуруҳи ва Мустақиллик кунини нишонлаш учун йўлга чиққанимиз ҳақида гапирдим. Интервюдан кейин “Ватан” қўшиғини қўйишни таклиф қилдим. Уни гуруҳ солисти Карен Гафуржанов ёзган эди. Қўшиқ ҳақиқатан ҳам Канада радиосида эфирга узатилди.
Гулнора Мусаева “Анор” гуруҳи ва Гулшода Абдиева билан. Канададаги Гоосе Бай аеродромида. / Фото: Шахсий архив.
Эртаси куни бизни маҳаллий маданият марказига олиб боришди. У ерда йўловчилар учун денгизчилар чиқиш қилди — уларнинг ўз ҳаваскор жамоаси бор экан. Кейин кимдир ўзбек санъаткорлари ҳам чиқиш қилса, деган таклифни билдирди. “Анор” гуруҳи бир нечта қўшиқ ижро қилди, Гулшода эса рақсга тушди. Менимча, ўша пайтда мусиқа одамларни бироз бўлса-да, оғир ўйлардан чалғитишга ва ёлғиз эмасликларини ҳис қилишга ёрдам берди.
Канададан Ўзбекистонга қайтдик. Сафар амалга ошмагани учун авиачипталар пулини бизга қайтаришди. 13-сентабр куни Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган тадбир ҳам, табиийки, бекор қилинди. Ўзбекистонга қайтганимдан кейин, эҳтимол, бундай фожиани бошдан кечирган ҳар қандай инсон каби ўзимни ҳис қилдим. Қанча одам ҳалок бўлганини англаш оғир ва аламли эди.
Ташқи томондан ҳаётим ўзгармади, аммо ичимдаги қайғу қолди.
Бундай воқеалар, ҳатто фожиа жойида бевосита бўлмаган бўлсангиз ҳам, изсиз ўтиб кетмайди.
Ўша йилнинг ноябр ойида компаниям ташкил этган тадбирда иштирок этиш учун яна Ню Ёркка боришимга тўғри келди. Бу сафар ёлғиз бордим, чунки гуруҳни ўзим билан олиб боришдан қўрқдим. Жаҳон савдо маркази ҳудуди ўраб қўйилган эди. Тўсиқ ортида ҳали ҳам ишлар давом этаётган, вайроналарнинг ҳаммаси тозаланмаган эди. Мен кичик бир тирқиш топиб, қолган манзарани суратга олдим. Ноябр ойида ҳам у ердан чанг кўтарилиб турарди. Бу жуда қўрқинчли манзара эди.
Мен билан бирга 11-сентабр терактида эгизак миноралардан бирида ҳалок бўлган ўзбекистонлик қиздан қолган ота-она ҳам учди.
Бу уларнинг қизлари вафотидан кейин АҚШга биринчи сафари эди. Отаси 11-сентабр куни эрталаб қизлари билан телефонда гаплашганини айтди. Ўша пайтда Тошкентда кеч, Ню Ёркда эса кун энди бошланаётган эди. Унинг айтишича, қизи бахтли эди, янги иши ҳақида гапирган. Бу уларнинг сўнгги суҳбати бўлиб қолган. Фарзандидан айрилган ота-онага тасалли бериш учун қандай сўз топиш мумкинлигини билмайсан.
25 йил ўтиб, албатта, бу даҳшатларнинг барчасини унутишни истардим, аммо бунинг иложи йўқ.
Кўз олдимда ҳамон телевизор экранидаги вайрон бўлаётган миноралар, ҳарбий базада телевизор қаршисида ўтирган одамлар, икки ойдан кейин Ню Ёркда кўрганим ўраб қўйилган ҳудуд гавдаланади.
Бундай воқеалар инсон ҳаёти қанчалик қисқа эканини ва эртанги кун бизга нималар олиб келишини қанчалик кам билишимизни янада теранроқ ҳис қилдиради.
Шунинг учун бугунги кун билан яшаш, яхшилик қилиш, ўзингдан мазмунли бирор нарса қолдириш муҳим. Энг муҳими эса — севган инсонларимизни асраш ва улар билан кўпроқ бирга бўлиш, деб ўйлайман.
Гулшода Абдиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти
2000-йилларда “Ўзбекрақс” ижодий бирлашмаси таркибидаги “Тановар” рақс-театрлаштирилган ансамблида фаолият юритардим. Ўша даврда Гулнора Фарҳодовна продюсерлигидаги “Анор” гуруҳи билан ҳамкорликда кўп ишлаганман. Карен Гафуржанов гуруҳ солисти эди. “Анор” замонавий қўшиқлар куйларди, мен эса консертлар орасида миллий рақсларимизни ижро этардим. Дастуримизда “Тановар”, “Муножот”, “Роҳат” каби рақслар бор эди. Мазкур гуруҳ билан Германия, Франсия, Италия, Голландия ва Европанинг бошқа давлатларига кўп марта ижодий сафарларга чиққанман.
Гулшода Абдиева.
2001-йилда гуруҳ билан Америкага бориш таклифи бўлди. Ўша пайтгача жуда кўп хорижий гастролларда бўлганман, аммо океанортига ҳали бормаган эдим. Биз Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан Ню Ёркда ўтказиладиган тадбирда иштирок этишимиз керак эди. АҚШдаги элчихонамизда учрашув ва консертлар режалаштирилганди.
11-сентабр куни Тошкент аеропортидан Ню Ёркдаги Кеннеди аеропорти томон учдик. Ўша пайтда 23 ёшда эдим ва тўрт ойлик ҳомилам бор эди. Лекин озғин ва бўйим баланд, миллий либосларимиз ҳам кенгроқ бўлгани учун ҳомиладорлигим сезилмасди.
Гуруҳимиз саккиз кишидан иборат эди. Ҳаммамизга эконом-классдан билет олинган. Самолёт ҳавога кўтарилиб, парвоз бошланганидан бир-икки соат ўтиб, Гулнора опа экипаж раҳбарияти билан гаплашиб, мени бизнес-классга ўтказиб қўйди. У ҳомиладорлигимни биларди ва узоқ парвозда бемалол ўтириб, дам олишимни истаганди. Шу сабабли парвоз давомида бизнес-классда ухлаб-уйғониб, овқатланиб, яна ухлаб кетганман. Гулнора опа тез-тез олдимга келиб, “Яхши ётибсанми? Қорнинг очмадими? Бирор нарса ейсанми?”, деб ҳолимдан хабар оларди.
Рейсимиз йўлда Англияда ёқилғи қуйиш учун техник қўнишни амалга ошириб, парвозни яна давом эттирди. Ёдимда, самолёт иллюминаторидан ташқарига қараётганимда, ёнимизда қандайдир кичик самолётни кўргандим. Кейин билсам, у қирувчи самолёт экан. Ўша пайтда унинг нима учун ёнимизда учиб юрганини тушунмаганман. Кейин иллюминаторларни ёпишди, қайта очишга рухсат беришмади. Гулнора опа ва стюардессаларнинг доимий эътиборидан буни оддий ҳолат, ҳомиладорлигим сабаб мени асрашяпти, деб ўйлаганман. Аслида эса ўша пайтда ҳавода жуда катта воқеалар содир бўлаётган экан.
Гулшода Абдиева, Гулнора Мусаева ҳамда “Анор” гуруҳи. Канада. / Фото: Шахсий архив.
Америкага яқинлашаётган пайтимизда самолёт капитани айрим сабабларга кўра Ню Ёрк аеропортига эмас, Канадага қўнишимизни айтди. Лекин мен вазиятнинг жиддийлигини тушунмаганман. Гулнора опа ҳам олдимга келиб, консертларимиз бекор бўлганини маълум қилган.
Самолёт Канаданинг Гус-Бей шаҳридаги ҳарбий база аеродромига қўнгач, беш-олти соат давомида самолёт ичида қолдик. Бизга овқат тарқатилди, чироқлар ўчирилди, иллюминаторлар очилмади. Аммо ҳеч қандай бақир-чақир, ваҳима ёки жанжал бўлмади.
Кейин ўйлаб қарасам, экипаж салонда тинчликни жуда яхши сақлаган экан, ҳеч кимни ваҳимага солишмаган.
Аеродромга тушганимиздан кейин бизни ҳарбий базага жойлаштиришди. База жуда тоза ва қулай эди. Ётоқхоналарда икки қаватли диванлар бор экан. Гулнора опа иккимиз битта хонада яшаганмиз.
Ўша ерда ниҳоят Гулнора опа менга нима бўлганини очиқ айтди: Ню Ёркда теракт содир бўлгани, самолётлар биноларга урилганини эшитганман. У “биз консерт қўядиган бино томонга самолёт келиб урилган”, деган мазмунда айтиб берган. Балки Гулнора опа шу вақтгача мени руҳан ҳимоя қилиб, асабларимни асраб келгандир. Ўшанда биринчи фарзандимни кутаётган бўлсам-да, “Энди нима бўлади, қаерда қолиб кетамиз, ўлиб қолмаймизми?”, деган қўрқув менда йўқ эди.
Базага кўплаб телефон аппаратлари ўрнатиб қўйишганди.
Ҳамма ўз оиласи билан бемалол ва бепул гаплашиши мумкин эди.
Мен ҳам кунига икки-уч марта уйдагиларга қўнғироқ қилардим. Яқинларим воқеадан телевизор орқали хабар топишган экан. Уларга сим қоққан пайтимда биринчи айтган гаплари “Вой, яхши телефон қилдинг, Худога шукур!” бўлган. Улар мендан хабар кутиб ўтиришган, қаердалигимизни ва биз билан нима бўлганини билмай хавотирда бўлишган экан.
Канадада бизга жуда яхши муносабатда бўлишди. Кўп одам бўлишимизга қарамай, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилиб, навбат билан телефонлашар, овқатланарди. Бизга иссиқ кийимлар ҳам беришди, чунки 11-сентабр куни Ўзбекистонда ҳали иссиқ эди, Канадада эса бундай совуқ бўлишини билмай, енги узун кийимлар олмаган эканмиз.
Эртаси куни ҳарбий шаҳарчага экскурсия уюштирилди.
“Анор” гуруҳи билан маҳаллий аҳоли учун кичик консерт ҳам берганмиз.
Ўзимиз мусиқа чалиб, аёллар ва ҳарбийлар билан бирга рақс тушганмиз. Бу бир ярим соатча давом этган.
Бир неча кундан кейин бизни яна самолётга ўтқазиб, Тошкентга қайтаришди. Ўша пайтда менинг энг катта афсусим Америкага борма олмаганим эди. Аммо соғ-саломат қайтиб келганимиз катта бахт бўлган. Кейинчалик Америкага сайёҳ сифатида икки марта бориш насиб қилди. Ню Ёрк, Вашингтон ва Американинг бошқа жойларини кўрдим.
Шу сафарлардан бирида 2001-йилда самолётлар урилган бинолар турган жойни ҳам кўрдим. Ўша пайтда атрофи ўралган, қурилиш ишлари кетаётган эди. Одамлар у ерда аввалгидек айланиб юрмасди. Кейин у ерда майдон қилинганини эшитдим, лекин ўзим кейинги ҳолатини кўрмаганман.
Сафарларимнинг бирида 2001-йилги рейсда бўлган экипаж аъзолари билан яна кўришдик.
Гаплашиб, ўша кунларни эсладик. Кейинроқ экипаж аъзолари билан асосан шу воқеа ҳақидаги кўрсатувларда тез-тез учрашдик.
25 йил ўтиб, 11-сентабр кунини эсласам, биринчи бўлиб ўша самолётда бизнес-классда ухлаб, овқатланиб кетганим ёдимга тушади. Биз гастролларга доим эконом-классда учардик. Бизнес-классда эса деярли ҳеч қачон учмаганмиз (кулади).
Ўша воқеанинг аслида қанчалик мудҳиш бўлганини йиллар ўтиб тушундим.
Агар бироз эртароқ учиб ўтганимиз ёки ўша ҳудудга кириб қолганимизда нима бўларди? Ёки аксинча, бироз олдинроқ Америкага етиб бориб, самолёт урилган бинода консерт қилаётган бўлганимизда-чи? Шуларни ўйласам, ҳозир ҳам этим жимирлаб кетади.
“101-рейс” филмини кўрганимда ҳам жуда таъсирландим, ҳатто йиғладим. Филмда учувчиларнинг ўзаро гаплашгани, ҳавода нима бўлаётгани, Ўзбекистон самолётининг қандай вазиятда учиб боргани ҳақидаги воқеаларни кўриб, ўша пайтда мен билмаган нарсаларни англадим.
Умуман, 11-сентабр нафақат менинг, балки бутун дунё одамларининг ҳаётига катта таъсир қилган воқеа, деб ўйлайман.
Тинчлик ва хотиржамликнинг қанчалик муҳимлигини англашга ундаган.
2002-йил 28-январ куни қиз фарзандни дунёга келтирдим. Исми Мадина. Ҳозир оилали. Унга ўша воқеа ҳақида тез-тез гапириб тураман. Ҳозир ҳам ўша кунни эсласам, “Худо асраган экан”, дейман.
Капитанимиз Зариф ака ҳам самолётни жуда эҳтиёткорлик билан олиб бориб, яна бизни соғ-омон қайтарган экан. Ўша пайтда бунинг қадрини билмаган эканман. Йиллар ўтиб эса буни янада чуқурроқ англаяпман.

