Путинни кўндира олишмади. Уруш олтинчи йилга ўтади
Россия Украинада бошлаган ва «уч кунда тугатишни мақсад қилган» уруш олтинчи йилга ҳам ўтадиган бўлди. Трампнинг куёви Кушнер ва қурувчи дўсти Уиткофф аввал Москвага, кейин Киевга бориб, музокаралар ўтказди. Бу гал ҳам улар кутилганидек урушни тугатиш бўйича ҳеч қандай натижага эриша олмади.

Путинни кўндиришнинг иложи бўлмади. Уруш олтинчи йилга ҳам киради
Россия Украинада бошлаб, «уч кунда тугатишни мақсад қилган» уруш энди олтинчи йилга ҳам чўзиладиган бўлди. Трампнинг куёви Кушнер ва қурувчи дўсти Уиткофф аввал Москвага, сўнг Киевга бориб, музокаралар олиб борди. Бу сафар ҳам улар кутилганидек урушни якунлаш борасида ҳеч қандай натижага эриша олмади.
Мен Доналд Трампнинг дўсти Стивен Уиткоффнинг бундай даражадаги музокараларда қатнашишига бошидан салбий қараганман. Чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда юз бераётган энг йирик урушни тўхтатиш бўйича музокараларда профессионал дипломатлар иштирок этиши керак, «дом» сотиб бойиган миллиардерлар эмас. Трампнинг куёви Кушнер ҳам, ошиб борса, қайнотаси ёрдамида бирор бизнесдан бойишни биладиган пултопар.
Дипломатия — санъат, олибсотарлик эмас. Дунёнинг йирик нашрлари «Трампнинг элчилари ҳеч қандай натижага эришмади», деб ёзаётган бир пайтда мистер Уиткоффнинг гапларига эътибор беринг: «Москвада сезиларли ютуқларга эришдик деб ўйлайман, янги ғоялар эшитдик». Қандай «янги ғоялар» эканини тахмин қилиш қийин эмас. Масалан, Путин урушни тугатиш учун Украина энди фақат Донбассдан эмас, Запорижжя, Херсон ва Сумидан ҳам чиқиб кецин, деган бўлса керак.
Жаноблар, Москвага ҳар сафар боргандан кейин Путинни оғзидан бол томиб мақтайдиган, «Путин ўз черковида шам кўтариб, Трампни дуо қилибди», деб ҳаяжон билан гапирадиган миллиардердан уруш музокараларида нима кутиш мумкин? Мен куёв Кушнер ва қурувчи Уиткофф Россия ҳозир Украинанинг қайси қисмини босиб олганини, фронт қаерда музлаб турганини, Донбасснинг ўзи нимани англатишини билмаслигига шубҳа қилмайман. Ишонмасангиз, шу икковидан Суми области қаерда жойлашганини, Гомел кимга тегишли эканини сўранг — жавоб бера олмайди. Бу одамларга фақат аввал Москвага, кейин Киевга борасан, мана бу гапларни айтасан, дейишган, холос.
Бутун бошли уруш музокараларида қатнашаётган одам почталён вазифасини бажариб, гапларни у ёқдан бу ёққа етказиши керак эмас; бу ишни телефонда ёки Оқ уйдагилар ёқтирадиган Сигнал мессенжеридаги чатда ҳам қилиш мумкин.
Бутун бошли Америка номидан музокара олиб бораётган одамларнинг бунақа юмшоқ позицияда гаплашиши менга жуда ғалати туюлади. Айтайлик, бирор давлат «сиёсий очко» ишлаш илинжида ўртакашлик қилиб, икки томонга ҳам ёқадиган гаплар айца, қўйингларей урушмайлик, деса, тушунса бўлади. Лекин Америкадек кучли давлат номидан гапираётган одамлар анча дадилроқ позицияда бўлиши керак, деб ўйлайман. Ёки умуман музокарада қатнашмаслик керак. Ҳавога ўқ узишдан нима фойда?

