Президентнинг янги қарори қабул қилинди
2026-йил 1-октябрдан бошлаб электротехника саноати корхоналари учун айланма маблағлар билан таъминлашга тижорат банклари орқали кредитлар

Президентнинг янги қарори тасдиқланди
Электротехника саноатини ривожлантириш янги босқичга кўтарилади.
Қарорга мувофиқ, 2026-йил 1-октябрдан бошлаб электротехника саноати корхоналари учун:
- айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида тижорат банклари орқали қуйидаги шартларда кредитлар ажратилади:
- «Савдони ривожлантириш компанияси» аксиядорлик жамияти (Компания) маблағлари ҳисобидан 2 йилгача муддатга, 3 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 6 фоиз ставкада (шундан 2 фоизи банк маржаси) битта тадбиркор учун кўпи билан 5 млн АҚШ доллари миқдорида;
- кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисмига «Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси» АЖ томонидан кафиллик берилади, қолган қисми эса корхона томонидан ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномаси (келгусидаги пул тушумларига талаб ҳуқуқи асосида) ва/ёки бошқа турдаги таъминот билан қопланади;
- биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилишда ҳисоб-китоб қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 15-октябрдаги ПҚ–304-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳисобидан Компания томонидан «Ўзсаноатекспорт» АЖга тўғридан-тўғри 40 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади;
- биржа савдоларида мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизи корхона томонидан, қолган 75 фоизи эса «Ўзсаноатекспорт» АЖ томонидан 3 кун ичида амалга оширилади. Бунда битта тадбиркорлик субьектининг «Ўзсаноатекспорт» АЖ олдидаги қарздорлиги 3 млн АҚШ долларидан ошишига йўл қўйилмайди;
- корхоналар «Ўзсаноатекспорт» АЖ олдидаги мажбуриятини таъминлаш учун суғурта полиси тақдим этади;
- «Ўзсаноатекспорт» АЖ томонидан амалга оширилган 75 фоизлик тўлов корхоналар томонидан 90 кун ичида қайтарилади. Бунда кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун йиллик 6 фоиз ставкада фоиз ҳисобланади.

