Президент 2026-йил бошидан бери тадбиркорлар учун яратилган янги имкониятларни санаб ўтди
Жорий йилда кооперация, давлат хариди, стандарт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва урбанизация соҳаларида институционал ўзгаришлар қилинди. Солиқ сиёсатида ҚҚСга ўтиш чегараси оширилди, кафе ва ресторанларга 100 млрд сўм кешбек қайтарилди, ҚҚСнинг нол ставкаси ҳисобига 400 млрд сўм фермерлар ҳисобида қолди. Шунингдек, ташқи савдони эркинлаштириш ва транспорт-логистика соҳасида қатор янгиликлар бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда жорий йил бошидан буён тадбиркорлар учун яратилган янги имкониятлар ва иқтисодий ютуқларни санаб ўтди.
Давлат раҳбари, аввало, дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсганини таъкидлади. Фитч ва Моодйъс агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади. Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида Ўзбекистон 31-ўринни эгаллади. Шавкат Мирзиёев бу натижалар, аввало, тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини қайд этди.
Жорий йилда кооперация, давлат хариди, стандарт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва урбанизация соҳаларида институционал ўзгаришлар амалга оширилди. "Миллий саноат занжири" орқали хусусий корхоналар йирик давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик буюртмалар олди. Стратегик корхоналар маҳаллийлаштириш учун 650 дан зиёд янги маҳсулот рўйхатини эълон қилди, бу тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор яратди.
Қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди. Кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС кешбек сифатида қайтарилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нол ставка жорий қилиниши ҳисобига 400 миллиард сўм фермерларда қолди.
Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импортига чеклов бекор қилинди. Туркманистон билан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилди. Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан юзлаб маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилди.
Президент иқтисодиёт ўсишига катта туртки берадиган йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини ҳам қайд этди. Буларга Жиззахда атом электр стансияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси, "Тошкент – Самарқанд" ва "Тошкент – Андижон" замонавий автомобил йўллари киради. Хоразмда экологик авиаёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарлик замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда Янги Тошкент аеропорти қурилмоқда. Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади.
Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда. Бундай лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилади.
Транспорт-логистика соҳасида юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи нол ставкага туширилади. Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланади. Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.
Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда "Энтерприсе Узбекистан" халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Улар 20-25 миллиард доллар капитал, янги билим ва технологияларни жалб этиш имконини яратади.

