Президент Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди
Ўзбекистон Президенти 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, у ерда тарихий мажмуанинг аҳволи билан танишди ва ҳудуднинг маънавий мероси муҳимлигини таъкидлади.

Президент Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасида бўлди
3 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрди, бу ерда у бунёдкорлик ишларининг бориши ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги лойиҳалар амалга оширилиши билан танишади. Ташрифнинг биринчи объекти Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш бўлди.
Мажмуада Қуръон суралари ўқилиб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.
Хўжа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд — XIV аср илоҳиётчиси ва «Нақшбандия» сўфийлик тариқати асосчисидир. Асрлар давомида унинг мақбараси атрофида шаклланган меъморий мажмуа ислом дунёсининг энг муқаддас зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади.
Ўртача ҳисобда мажмуага ҳар куни 15 мингга яқин киши ташриф буюради. У «Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори» объекти таркибида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда бу ерда мажмуанинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ва зиёратчилар учун шароитлар яратиш бўйича ишлар амалга оширилди. XV асрга оид чизмалар асосида Дониёлбий оталиқ мадрасаси ва Тоқи Миёна дарвозаси қайта таъмирланди. Бундан ташқари, музей экспозицияси ва илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Мирзиёев Бухоронинг маърифий исломни ривожлантиришдаги тарихий ўрнини таъкидлаб, минтақанинг маънавий меросини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ушбу меросдан ёшларни тарбиялашда, уларни билим ва маърифатга жалб этишда фойдаланиш керак.
«Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги мажмуалар — буларнинг барчаси ягона мақсадга: буюк аждодларимизнинг илмий меросини давом эттириш ва ёшларни шу руҳда тарбиялашга хизмат қилади», — деди президент.

