Президент автомобилнинг ўзгартирилган юришини (пробегини) яширганлик учун жарималар тўғрисидаги қонунни қайтарди
Ўзбекистон Президенти харидорни одометр кўрсаткичлари ўзгартирилгани ҳақида огоҳлантирмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунни парламентга қайтарди. Эътирозлар қаторида — бундай жавобгарликка бўлган ёндашувнинг ўзи ва кодекснинг янги таҳрири тайёрланиши арафасида процессуал нормаларнинг киритилиши бор. Қонун қайта кўриб чиқишдан олиб ташланди.

Президент ўзгартирилган автомобиль пробегини яширганлик учун жарималар тўғрисидаги қонунни қайтарди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни парламентга қайтарди. Бу ҳақда 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида депутат Гулшана Худоёрова маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 27 январда қабул қилинган, сўнгра май ойида Сенат томонидан маъқулланиб, Президент Администрациясига юборилган эди. 8 сентябрь куни давлат раҳбари «бир қатор концептуал масалалар ва эътирозлар»ни кўрсатиб, уни парламентнинг ҳар икки палатасига қайтарди.
Қонунда автомобиль харидорига одометр кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометрнинг ўзи алмаштирилгани ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши кўзда тутилган эди.
Бунинг учун МЖТКни янги 178−2-модда билан тўлдириш таклиф этилганди. Сенатда ушбу норма автомобиль харидорларини пробег ҳақидаги нотўғри маълумотлардан ва машина сотишдаги суиистеъмолликлардан ҳимоя қилишга қаратилгани таъкидланган эди.
Ҳужжат, шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартибини ҳам ўзгартирар эди.
Эътирозлардан бири ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири тайёрланаётгани билан боғлиқ.
Йиғилишда таъкидланганидек, Президентнинг 2026 йил 7 майдаги Ф-30-сонли фармойишига мувофиқ, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари олимлар билан биргаликда МЖТКнинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Унда алоҳида процессуал қисмни ажратиш режалаштирилган бўлиб, унда ишларни кўриб чиқишнинг ҳар бир босқичида юритиш нормалари ва тартиби батафсил баён этилади.
«Кодексга иш юритиш тартибига тааллуқли такрорий ўзгартиришларни қисқа муддатда киритиш амалиётнинг нотўғри шаклланишига, ноаниқликлар ва турлича талқинлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», — деди Худоёрова эътирозларга таяниб.
МЖТКнинг янги таҳририни тайёрлаш август ойида тасдиқланган «Адлия — 2030» стратегиясида ҳам кўзда тутилган: Адлия вазирлигига Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда лойиҳани 2027 йил 1 апрелгача ишлаб чиқиш топширилган.
Қўмита қонунда кўзда тутилган автомобиллар одометрлари кўрсаткичлари билан боғлиқ жавобгарликка алоҳида тўхталди.
Президентнинг эътирозларида Германия, Польша, Франция, Канада, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар тажрибаси келтирилган.
«Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, харидорни одометр кўрсаткичлари нотўғри эканлиги ҳақида хабардор қилмаганлик учун эмас, балки одометр кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида унга ташқи таъсир кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган», — деди қўмита вакили.
Бошқача айтганда, эътироз ҳуқуқбузарлик таркибига ёндашувнинг ўзига тегишли: жавобгарликни харидорга кўрсаткичларнинг нотўғрилиги ҳақида кейинчалик хабар бермаслик билан эмас, балки бевосита одометр ишига аралашиш билан боғлаш таклиф этилмоқда.
Қўмитада билдирилган эътирозларни қонун лойиҳасининг дастлабки концепцияси доирасида бартараф этиш имконсиз эканлиги маълум қилинди.
Шу муносабат билан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси қонунни Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқишидан олиб ташлашни таклиф қилди.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов вазиятга изоҳ берди.
«Қонун биздан ҳам, Сенатдан ҳам ўтди. Унда нимадир нотўғри деб бўлмайди. Лекин ҳозир Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири тайёрланмоқда. Бу масалаларни унинг принципларидан келиб чиқиб, у билан бирга кўриб чиқиш тавсияси берилди», — деди у.
Депутатлар қонунни қайта кўриб чиқишдан олиб ташлаш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

