Покистоннинг Афғонистондаги зарбалари оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, дейди Толибон
Покистон 10 та нишонга зарба берганини маълум қилиб, бу зарбалар "фақат аниқланган ҳарбий объектлар билан чекланганини" қўшимча қилди.

Покистоннинг Афғонистондаги зарбалари оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, дейди Толибон
Афғонистоннинг Толибон ҳукумати икки томон ўртасидаги кескинликнинг навбатдаги кучайиши фонида Покистоннинг бир қатор ҳаво ҳужумлари оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди.
Манбаларнинг BBC’га хабар беришича, зарбалар Толибоннинг ҳокимият маркази бўлган Қандаҳор каби вилоятларга берилган. Маҳаллий аҳоли вакили AFP ахборот агентлигига самолёт овозини, кейин эса кучли портлашни эшитганини ва шаҳарда ёнғин бошланганини айтган.
Покистон ўз кучлари Афғонистондаги 10 та нишонга зарба берганини маълум қилди, бироқ уларнинг қаерда жойлашганини очиқламади ва зарбалар «фақат аниқланган ҳарбий нишонлар билан чекланганини» билдирди.
Бу Покистонда 18 сентябрь куни полиция маҳкамасига уюштирилган қонли ҳужумдан кейин, сўнгги бир ҳафта ичида Покистоннинг Афғонистон ҳудудига берган иккинчи ҳаво зарбалари сериясидир.
Толибон ўз баёнотида ҳужумдан кейин «муносиб жавоб» бўлишини билдирди, Покистон эса ҳар қандай навбатдаги «провокацион ҳаракат»га жавоб қайтарилишини айтди.
Толибон ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳужумлар Афғонистоннинг Қандаҳор, Пактия ва Хост вилоятларида содир бўлганини маълум қилди.
Пактияда расмий вакилнинг айтишича, қирувчи самолётлар Афғонистон Қуролли Кучларининг Толибон назорати остидаги 203-Мансурий корпусини бомбалаган, бироқ қурбонлар ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Хостда матбуот котиби зарбалар оқибатида уйларга шикаст етганини, қурбонлар ҳақида маълумот йўқлигини айтди. Маҳаллий гувоҳ Абдуллоҳ Reuters ахборот агентлигига зарбалар ярим тунда содир бўлганини билдирди.
«Одамлар бақиришарди, ҳамма ёқда ваҳима эди», деди у. «Кейин қишлоқ оқсоқоли келиб, уйларга қараб овоз берди ва ҳалок бўлганлар бор-йўқлигини сўради. Хайриятки, ҳеч ким ҳалок бўлмаган».
Яна бир маҳаллий аҳоли вакили Саламат Хон Reuters агентлигига «бу ерда ҳеч қандай ҳарбий база йўқ, ҳарбий хизматчилар ҳам йўқ»лигини айтиб, «бу ерда фақат оддий тинч аҳолининг уйлари жойлашган»ини қўшимча қилди.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳужумни «ўйламай қилинган, бепарво ва душманона» деб атади ва бу «Покистон ҳарбийлари учун салбий оқибатларга олиб келишини» айтди.
Покистон Ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар зарбалар «пухта ўйланган, аниқ, меъёрланган ва мутаносиб бўлганини ҳамда фақат Покистонга қарши уюштирилган ҳужумларга бевосита алоқадор бўлган аниқланган ҳарбий нишонлар билан чекланганини» таъкидлади.
AFP хабарига кўра, ўтган ҳафта Покистон шимоли-ғарбидаги полиция мажмуасида жойлашган масжидда камида 31 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан кейин жанглар қайта бошлангунга қадар, Толибон ва Покистон ўртасида уч ойлик нисбий осойишталик ҳукм сурган эди.
Исломобод Кобулни ТТП (Покистон Толибони ҳаракати) жангариларига бошпана беришда айблаб келади. Афғонистоннинг Толибон ҳукумати буни инкор этиб, жангарилик Покистоннинг ички муаммоси эканини айтади.
Покистон полиция маҳкамасига қилинган ҳужумдан сўнг, шу ҳафта бошида Афғонистон-Покистон чегара ҳудудида ҳаво зарбалари берганини ва 28 жангарини йўқ қилганини маълум қилган эди.
Кунар вилоятидаги Толибон ҳукумати матбуот котиби Фарид Деҳқон BBC’га берган интервюсида зарба оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва яна тўрт киши яраланганини айтди. БМТнинг Unama миссияси ҳам камида уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Кейинчалик, чоршанба куни Покистон Афғонистондан ўз ҳудудига учирилган дронларни аниқлаганини ва уларнинг барчаси «зарарсизлантирилганини» маълум қилди. Толибон расмийлари ўша куни ўз ҳукумати Покистонга қарши дронлар учирганини инкор этди.
Unama ташкилотининг июль ойида маълум қилишича, 2025 йилнинг октябридан 2026 йилнинг июнига қадар Толибон ҳукумати кучлари ва Покистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги трансчегаравий қуролли тўқнашувлар оқибатида камида 499 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ва 1216 киши яраланган.
Энг даҳшатли ягона ҳодиса март ойида содир бўлган бўлиб, унда Покистоннинг Кобулга берган ҳаво зарбаси оқибатида 269 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Афғонистон Толибони ушбу зарба наркологик реабилитация марказига берилганини айтган. Исломобод бу айбловни рад этиб, «ҳарбий иншоотлар ва террорчиларни қўллаб-қувватловчи инфратузилмани аниқ нишонга олганини» билдирган.
Қўшни давлатлар март ойида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди, бироқ халқаро воситачилик барқарор тинчликка олиб келмади.
Шу ҳафта бошида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган учрашувда Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор Афғонистон ҳудудидан «терроризм» учун фойдаланилмаслигини таъминлаш мақсадида «аниқ ва текширилиши мумкин бўлган» чоралар кўришга чақирди.

