Покистон-Афғонистон чегарасида беш соатлик отишма юз берди — манба

Покистон-Афғонистон чегарасида беш соат давом этган отишма юз берди — манба
Афғонистоннинг Пактия вилоятидаги чегара ҳудудида 22-сентябр куни кечқурун “Толибон” кучлари билан Покистон ҳарбийлари ўртасида қарийб беш соатлик отишма бўлиб ўтди. Аму ТВ нашри манбаларига кўра, Зази Орюб туманида юз берган тўқнашув натижасида бир нечта уй зарар кўрган, айрим одамлар эса уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Ҳар икки томон расмийлари ҳам ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.
Шу билан бирга, 23-сентябр куни Покистон хавфсизлик кучлари Коҳат ва Торхам яқинида Афғонистондан учирилган саккизта дронни уриб туширганини даъво қилди.
ТОЛОневс манбасининг билдиришича, “Толибон” Покистонга Афғонистон томонидан дронлар учирилгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Манбанинг қўшимча қилишича, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари ҳозирча ҳеч қандай дрон ҳужумини амалга оширмаган.
Мазкур ҳодисалар Кунар ва Пактика вилоятларига Покистон томонидан ҳаво зарбалари берилганидан кейин юз берди. БМТнинг Афғонистондаги миссияси Кунардаги ҳаво ҳужумларида камида уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди.
Покистон томонининг таъкидлашича, ҳарбий операциялар вақтида чегарага яқин ҳудуддаги “террорчилар” обьектлари нишонга олинган ва 28 нафар жангари йўқ қилинган.

