Покистон Афғонистонга ҳалокатли ҳаво зарбалари берди
Афғонистон Толибони тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтмоқда, Покистон эса зарбалар натижасида 22 жангари ўлдирилганини билдирди.

Покистон Афғонистонда ҳалокатли ҳаво ҳужумларини амалга оширди
Афғон Толибони тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтмоқда, Покистон эса зарбалар натижасида 22 нафар жангари ўлдирилганини билдирмоқда.
Покистон Афғонистонга яна ҳаво ҳужумлари уюштирди, оқибатда тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди ва яна 11 киши яраланди, деб хабар берди Толибон ҳукумати.
Исломобод Ахборот вазирлиги зарбаларни тасдиқлаб, улар йигирма икки жангарини йўқ қилганини маълум қилди.
Афғон Толибони бош матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, зарбалар Покистон билан чегарадош Кунар ва Ҳилманд вилоятларидаги уйларга берилган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, деб ёзди у X тармоғидаги постида.
«Биз бу ҳаракатни барча қабул қилинган тамойилларни бузувчи тажовуз ва жиноят сифатида қоралаймиз», деди у.
Покистон бутунлай бошқача баёнот бериб, «яхши режалаштирилган ва аниқ ҳисобланган» ҳужум Афғонистондаги кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар сақланадиган «террорчилар лагерлари»ни нишонга олганини айтди.
Покистон Ахборот вазирлиги тинч аҳоли орасида тасодифий қурбонлар бўлмаслигини таъминлаш учун максимал даражада эҳтиёт чоралари кўрилганини билдирди.
Покистон Афғон Толибонини Афғонистон ҳудудидан туриб Покистонга қарши ҳужумларни режалаштирувчи ва амалга оширувчи жангари гуруҳларга бошпана беришда қайта-қайта айблаб келади.
Афғон Толибони буни инкор этиб, Покистондаги жангарилик ички муаммо эканини айтади, бироқ бу икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг жиддий ёмонлашишига олиб келди.
Илгари иттифоқчи бўлган, кейинчалик эса душманга айланган томонлар ўртасидаги тўқнашувлар жорий йилнинг февраль ойида кескин тус олди, ўшанда Покистон ҳалокатли тўқнашувлар ва чегаралараро ҳаво зарбалари кўпайганидан кейин Афғонистон билан «очиқ уруш» ҳолатида эканини эълон қилди.
Хитой восичилигидаги музокаралар март ойида заиф сулҳ тузилишига олиб келган эди.
Ўтган ой Покистон шимоли-ғарбидаги полиция маҳкамасига уюштирилган ва 24 кишининг ҳаётига зомин бўлган қонли ҳужум икки давлат ўртасидаги кескинликни янада кучайтирди.
Ўтган ҳафта Покистон Афғонистонга ҳаво ҳужумлари уюштирди, улар бошқа вилоятлар қатори Толибоннинг ҳокимият таянчи бўлган Қандаҳорга ҳам зарба берди. Афғон Толибони ҳукуматига кўра, ўша аввалги ҳужум оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

