Маҳаллий

Пенсия тизими ислоҳоти кечикса, бир неча йилдан кейин индексациянинг ўзи хавф остида қолади - Отабек Бакиров

Фискал таҳлиллар институти минимал суғурта стажини етти йилдан 15 йилгача ошириш ва пенсия тайинлашда охирги 20 йиллик даврни ҳисобга олишни таклиф қилди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, пенсия тизимида асосий муаммо индексация миқдори эмас, балки тизимнинг молиявий мувозанати. Пенсияларни ошириш “қолдиқ принсипи”га асосланади. “Агар ҳозирги ҳолат давом эца, пенсионерлар сонининг ортиши…

Пенсия тизимидаги ислоҳотлар кечиктирилса, бир неча йилдан сўнг пенсияларни индексация қилиш имконияти ҳам хавф остида қолиши мумкин, дея огоҳлантирди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Фискал таҳлиллар институти томонидан илгари сурилган пенсия тизими, ижтимоий солиқ ва бошқа иқтисодий ислоҳотларга оид таклифлар юзасидан берган интервюсида Бакировнинг таъкидлашича, ҳозирда пенсияларни ошириш "қолдиқ принсипи" асосида амалга оширилмоқда. Бу шуни англатадики, бюджет имкониятлари ҳисобга олингандан сўнггина пенсияларни қанча миқдорда ошириш мумкинлиги белгиланади.

"2026-йилда тарифлар ўртача 10 фоизга оширилиши эълон қилинди, пенсиялар эса 7 фоизга оширилди. Рақамларнинг ўзи вазиятни кўрсатиб турибди. Агар пенсия тизимининг мувозанатини тикламасак, тарифлар юқори суръатларда ўсишда давом этади, пенсия ва ижтимоий нафақаларни ошириш эса иккинчи даражали масалага айланиб қолади", - деди у.

Иқтисодчи бунга мисол сифатида Қирғизистондаги вазиятни келтирди. Унинг сўзларига кўра, қўшни давлатда 2026-йил 1-октабрдан пенсиялар 20 фоизга индексация қилинади. Шу пайтгача Қирғизистонда ўртача ва минимал пенсиялар Ўзбекистондагидан паст бўлган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич ортда қолдирилиши мумкин.

"Улар пенсия тизимининг суғурта қисмини барқарорлаштириб олди. Биз эса керакли қарорларни вақтида қабул қилмаяпмиз. Агар ҳозирги ҳолат давом эца, пенсионерлар сонининг ортиши, бюджет имкониятлари ва иқтисодий ўсиш суръатларини ҳисобга олганда, икки-уч йил ичида пенсияларни ҳатто инфляция даражасида ҳам индексация қилиш қийинлашиши мумкин", - дейди Бакиров.

**"Пенсия жамғармаси даромади билан харажатлари ўртасидаги тафовут 2 миллиард долларга етган"**

Бакиров пенсия тизимидаги асосий муаммо Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовут йил сайин ортиб бораётганида эканини таъкидлади.

"Пенсия жамғармаси даромадлари билан харажатлари орасидаги фарқ қарийб 2 миллиард долларга етган. Бу маблағ бюджет трансфертлари ҳисобидан қопланмоқда. Лекин бундай амалиётни доимий давом эттириб бўлмайди. Жамғарма ўз даромадлари ҳисобидан ўз харажатларини қоплай оладиган тизимга айланиши керак", - деди у.

Унинг фикрича, бунга эришишнинг икки йўли бор: ижтимоий солиқ ставкасини ошириш ёки солиқ базасини кенгайтириш. Бакиров иккинчи йўл танланганини ижобий баҳолади.

"Энг осон йўли - ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 15 фоизга ошириш. Лекин бу иқтисодиёт учун фойда бермайди, аксинча, солиқ тўловчилар сонини камайтиради ва яна янги имтиёзлар талаб қилинишига олиб келади. Шунинг учун ставкани эмас, базани кенгайтириш йўли танлангани тўғри қарор", - деди иқтисодчи.

Мутахассис муҳокама қилинаётган таклифлар фақат ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ижтимоий солиғига қаратилмаслиги кераклигини таъкидлади.

"Ўзини ўзи банд қилганларнинг ижтимоий солиғи тўрт-беш баравар ошади деган сарлавҳа қўйиш осон. Аслида асосий ғоя бошқача: ҳамма бир хил қоидалар асосида ижтимоий солиқ тўлаши керак. Пенсия тизими фақат шунда мувозанатлашади", - деди у.

Суҳбат давомида Фискал таҳлиллар институти илгари сурган пенсияни сўнгги 20 йиллик даромад асосида ҳисоблаш таклифи ҳам муҳокама қилинди.

Бакировнинг айтишича, Ўзбекистон тўлиқ жамғариб бориладиган пенсия тизимига ўтмагунча, пенсияни ҳисоблаш формулалари ўзгаришда давом этади.

"Ҳар бир фуқаро ўз пенсиясини ўзи шакллантирадиган тизимга ўтмагунимизча, умумий "қозон" тамойили сақланиб қолади ва пенсияни ҳисоблаш мезонлари ҳам ўзгариб бораверади", - деди у.

Унинг фикрича, 20 йиллик даромадни ҳисобга олишнинг якуний таъсири фуқароларнинг меҳнат фаолияти давомида даромадлари қандай ўзгарганига боғлиқ бўлади.

Иқтисодчи меҳнат бозоридаги тенденсияларга ҳам эътибор қаратди. Унинг айтишича, аксарият ёлланма ходимларда даромадлар тахминан 25 ёшдан 45 ёшгача ўсади, ундан кейин эса деярли ўзгармайди ёки пасая бошлайди.

"Агар келажакда пенсия ёши босқичма-босқич 65 ёшгача оширилса, 45 ёшдан пенсияга чиққунга қадар даромадлар сезиларли ўсмаслиги мумкин. Сунъий интеллект ва технологиялар таъсири сабаб айниқса ёлланма ищиларда 40–45 ёшдан кейин даромадларни ошириш тобора қийинлашмоқда", - деди Бакиров.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.