Пенсия тайинлаш бўйича ихчам бошқарув тизими жорий этилмоқда
Тажриба доирасида Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари давлат пенсияларини тайинлаш, қайта ҳисоблаш, турини ўзгартириш ва тўлашни ташкил этиш бўйича ваколатларга эга бўлади. Пилот лойиҳа 2026 йилнинг октябрь–декабрь ойларида ўтказилади, 2027 йилнинг январидан эса янги механизмни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда.

Пенсия тайинлаш бўйича ихчам бошқарув тизими жорий этилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 19.10.2026 йилдаги «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 576-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 26.06.2025 йилдаги ПФ-105-сон Фармонида 2027 йил 1 январдан бошлаб Ғазначилик ва Пенсия жамғармаси тизимларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали Ғазначилик қўмитаси ҳамда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ва ҳудудларда ихчам офисларни ташкил этиш назарда тутилган.
Бунда Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларида ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 та штат бирлигидан иборат хизмат кўрсатиш ихчам офислари ташкил этилади.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилнинг октябрь–декабрь ойларида тажриба тариқасида Андижон, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг айрим шаҳарларида Пенсия жамғармасининг пенсияларни тайинлаш, қайта ҳисоблаш, пенсия турини ўзгартириш ва тўловларни ташкил этиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.
Пилот туманларининг барча ҳудудий бошқармаларида Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМҚнинг 13.10.2022 йилдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ пенсияларни белгилаш ва тўлаш учун 3 кишидан иборат комиссия тузилади.
Тажриба натижаларига кўра, ушбу механизмни 2027 йил 1 январдан эътиборан бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 19.10.2026 йилдан кучга кирди.

