Маҳаллий

Педагогнинг бир неча фарзанди контрактда ўқиса, ҳар бирига 30 фоиз чегирма берилади

Педагогларнинг давлат олийгоҳларида кундузги таълим шаклида контракт асосида ўқиётган ҳар бир фарзандига алоҳида 30 фоизлик чегирма қўлланади. Контрактни олдиндан тўлаб қўйганлар ҳам имтиёздан фойдаланиб, ортиқча маблағни қайтариб олиши ёки кейинги ўқув йили ҳисобига ўтказиши мумкин.

Педагогнинг бир нечта фарзанди контракт асосида ўқиётган бўлса, уларнинг ҳар бирига 30 фоизлик чегирма берилади.

Чегирмадан фойдаланиш учун kontrakt.edu.уз платформаси орқали ариза топшириш лозим. Ариза икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Талабанинг педагог фарзанди экани тасдиқлангач, чегирма автоматик тарзда қўлланади.

Имтиёз фақат давлат олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга тегишли. Агар педагогнинг бир нечта фарзанди ушбу талабларга мос келса, уларнинг ҳар бири чегирмадан алоҳида фойдаланиши мумкин.

Тўлиқ бўлмаган грант асосида, яъни харажатларнинг 50 фоизи давлат гранти, қолган 50 фоизи контракт ҳисобидан қопланадиган тартибда ўқиётган талабаларга ҳам ушбу имтиёз татбиқ этилади. Бунда 30 фоизлик чегирма фақат контракт қисмига ҳисобланади.

Педагогнинг давлат ёки хусусий таълим ташкилотида ишлаши имтиёз олишга тўсқинлик қилмайди. Хусусий олийгоҳ, мактаб ва боғчаларда ишлайдиган педагогларнинг фарзандлари ҳам белгиланган шартлар асосида чегирма олиши мумкин. Боғча тарбиячилари ҳам имтиёз доирасига киради.

Берилган тушунтиришга кўра, педагоглар доираси Адлия вазирлигида 2026-йил 9-июнда 3849-рақам билан рўйхатдан ўтказилган педагогик фаолиятга оид лавозимлар рўйхати асосида белгиланади. Ушбу рўйхатда 465 та лавозим бор. Тюторлар ва ўқув марказлари ўқитувчилари бу имтиёз қамровига кирмайди.

Чегирма қуйидагиларга татбиқ этилмайди: олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида ўқиётганларга; нодавлат олийгоҳлар, Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳлар ва уларнинг филиаллари талабаларига; кечки, масофавий ва сиртқи таълим шаклларига; қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контрактга; хорижий ҳамкор олийгоҳлар билан қўшма таълим дастурлари ва факултетларида ўқиётганларга.

Имтиёз ҳар бир ўқув йили учун бир марта қўлланади ва кейинги йилларда ҳам ундан қайта фойдаланиш мумкин. Агар ота ёки она педагог тоифасидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма бериш тўхтатилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.