Педагоглар фарзандлари учун контракт чегирмаси: ариза ва тўлов тартиби
Педагог ходимларнинг фарзандларига тўлов-контракт суммасидан 30 фоизлик чегирма қўлланади. Бунда талаба контрактнинг 70 фоизини тўлайди, қолган қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Имтиёз учун электрон аризаларни қабул қилиш имконияти тез кунларда ишга туширилиши билдирилган.

Педагоглар фарзандлари учун контракт чегирмаси: ариза ва тўлов тартиби
Берилган тушунтиришга кўра, чегирма Адлия вазирлигида 2026-йил 9-июлда 3849-рақам билан рўйхатдан ўтказилган қўшма қарорда педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхатига киритилган ходимларнинг фарзандларига қўлланади.
Маъмурий-бошқарув, техник ва хўжалик ходимлари бу рўйхатга кирмайди.
Талаба kontrakt.edu.уз ахборот тизими орқали тўлов-контракт шартномасини олиш учун ариза юборади. Унинг педагог фарзанди экани электрон тарзда текширилиб, тасдиқлангач, 30 фоизлик чегирма берилади.
Ариза икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма бир ўқув йили давомида бир марта қўлланади.
Талаба чегирмадан кейинги суммани бир йўла ёки бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Бўлиб тўлашда контрактнинг дастлабки тўлиқ суммасига нисбатан қуйидаги улушлар белгиланади:
- 25 фоизи — биринчи курсга тавсия этилганлар учун 15-октабргача, иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун 1-октабргача;
- яна 25 фоизи — 1-январгача;
- қолган 20 фоизи — 1-мартгача.
Шу тариқа, талабанинг жами тўлови контракт суммасининг 70 фоизини ташкил этади. Чегирмага тўғри келувчи 30 фоиз эса 1-майгача давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олий таълим ташкилотига қоплаб берилади.
Хабарда айтилишича, kontrakt.edu.уз тизимида ота-онанинг педагогик фаолиятини автоматик аниқлаш учун вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ариза топшириш имконияти ишга туширилгани ҳақида қўшимча эълон берилади.

