“Пахтакор” дарвозасига иккита гол урган футболчига “Барселона” ва “Ал-Ҳилол” қизиқиш билдирмоқда
Португалия миллий жамоаси аъзоси Жоау Феликс фаолиятини бошқа клубда давом эттириши мумкин.

“Пахтакор” дарвозасига иккита гол урган футболчига “Барселона” ва “Ал-Ҳилол” қизиқиш билдирмоқда
Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби португалиялик ҳужумчи Жоау Феликсни ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.
Олдинроқ 26 ёшли ҳужумчига унинг собиқ жамоаси — “Барселона” ҳам жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, “кўк-анорранглилар” президенти Жоан Лапорта футболчини яна Каталонияга қайтаришни режалаштирмоқда. Бироқ Экрем Конурнинг айтишича, “Ал-Ҳилол” раҳбарияти Феликсни Саудия Арабистони чемпионатида олиб қолишни мақсад қилган. Ҳозирда риёдликлар футболчи атрофидаги вазиятни синчиклаб кузатиб бормоқда ва ушбу трансфер бўйича музокараларни бошлашга тайёр.
Маълумот учун, Жоау Феликс Криштиану Роналду билан бирга Ар-Риёднинг бошқа бир жамоаси — “Ан-Насср” шарафини ҳимоя қилмоқда. Ҳужумчи жорий мавсумда 10 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2-ноябр куни Феликс тўп сураётган “Ан-Насср” клуби Тошкентда “Пахтакор” меҳмони бўлди. Голлар шоусига айланган ушбу баҳсда португалиялик футболчи 2 та гол ва 2 та ассист қайд этиб, жамоасининг 6:2 ҳисобидаги йирик ғалабасига катта ҳисса қўшди.

