Сиёсат

«Пахта иши» қатағонларини қўллаган раҳбар – Рафиқ Нишонов нега Москвага чақириб олинганди?

1988-йил сентабр. Ўзбекистонда «Пахта иши» қатағонлари давом этмоқда. Ана шундай вазиятда республика раҳбари Иномжон Усмонхўжаев ишдан олинади ва унинг ўрнига Рафиқ Нишонов тайинланади. Бироқ янги раҳбар Ўзбекистонни бор-йўғи 1 йил 18 кун бошқаради холос. 1989-йил кузда Нишоновни Москвага чақиришади. Хўш, ўшанда у нега Ўзбекистон раҳбарлигидан кетганди?

«Пахта иши» қатағонларини қўллаган раҳбар – Рафиқ Нишонов нега Москвага чақириб олинганди?

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари ҳақидаги навбатдаги мақоламиз умрининг сўнгги 35 йилини Россияда ўтказган Рафиқ Нишонов ҳақида бўлади. Бу шахснинг СССР парчаланиб кетганидан сўнг Ўзбекистонга қайтмагани ва Москвада яшаб қолгани юзасидан турли гап-сўзлар тарқалган. Хўш, нега у СССР парчаланиб кетгач Ўзбекистонга қайтмади?

### Ўқитувчидан чиққан раҳбар

Рафиқ Нишонов 1926-йилда Бўстонлиқ тумани маркази бўлган Ғазалкент шаҳрида туғилади. У 1942-йилдан бошлаб колхозда ишлай бошлайди. Кўп ўтмай комсомол сафига киради ва шу ташкилотнинг Бўстонлиқ тумани бўлимида фаолият юритади.

1945-1950 йилларда ҳарбий хизматни ўтайди ва Ўзбекистонга қайтгач, Тошкент шаҳридаги туманларнинг бирида комсомол ташкилотида ишини давом эттиради.

У 1955-йилда Ички ишлар вазирлиги таркибидаги ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг сиёсий ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Сўнг Тошкент шаҳридаги Октабр тумани партия қўмитаси масъули бўлади. 1959-йилда эса шу туман раҳбарига айланади.

Рафиқ Нишонов 1962-йилда Тошкент шаҳар ижрои қўмитаси раиси, 1963-йилда эса Тошкент шаҳри раҳбари этиб тайинланади. Ўша йили у Ўзбекистон компартияси марказий қўмитаси бюроси аъзоси бўлади.

Рафиқ Нишонов 1970-йилда СССР ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтади ва советларнинг Шри-Ланка ҳамда Малдив оролларидаги элчиси этиб тайинланади.

Ҳозирги пайтда Россия ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб турган Сергей Лавров ўша пайтда Нишоновнинг қўл остида ишлаган. 1978-йилда Нишонов СССРнинг Иорданиядаги элчиси лавозимига ўтказилади ва у бу ерда 1985-йилгача фаолият олиб боради.

1985-йил 11-март куни СССР раҳбарлигига Михаил Горбачёв келгач, Нишонов Тошкентга қайтади ва 30-март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланади.

1986-йилда Нишонов Ўзбекистон олий кенгаши президиуми раиси бўлади. 1987-йилда эса уни СССР олий кенгаши президиуми раиси ўринбосари этиб тайинлашади.

1988-йил январ ойида Ўзбекистон раҳбари Иномжон Усмонхўжаев ишдан бўшатилади, унинг ўрнига Рафиқ Нишонов республика раҳбари бўлади.

Рафиқ Нишоновнинг 1985-йилдан бошлаб лавозим пиллапояларида тезлик билан юқорига кўтарилишида ўша пайтда СССРни бошқариб турган Михаил Горбачёвнинг ҳиссаси катта.

Рафиқ Нишонов Горбачёв билан дўстона алоқаларга эга бўлган ва шу сабабли орқаваротдан уни «Гобачёвнинг Рафиқи» деб аташган.

Таниқли ўзбек сиёсатчиси Нуритдин Муҳитдинов ўз эсдаликларида Рафиқ Нишонов Горбачёвга жуда содиқ шахс бўлганини ва ўша пайтда Ўзбекистон манфаатларидан кўра Марказ манфаатларини устун қўйганини таъкидлаган.

1989-йил 3-12 июн кунларида Фарғона вилоятида қонли ҳодисалар бўлиб ўтади. Вилоятда яшовчи месхети турклар олдиндан режалаштирилган иғволар оқибатида ўзбеклар ҳужумига учрайди.

Ҳодиса содир бўлганда Рафиқ Нишонов ва республиканинг бошқа раҳбарлари Москвада эди. Хабарни олгач, Нишонов дарҳол Ўзбекистонга қайтиш ва шошилинч чоралар кўриш ўрнига Москвада қолади ва Халқ депутатлари йиғинида қатнашишда давом этади.

Ўзбекистонга фақат Республика Вазирлар Маҳкамаси раиси Ғайрат Қодиров ва Фарғона вилояти раҳбари Шавкат Йўлдошевни жўнатиб юборади. Ўшанда йиғинда Михаил Горбачёв ҳодиса ҳақида сўраганда Рафиқ Нишонов фожиа кўламини англаб етмасдан ёки камайтириб кўрсатиш мақсадида турли гапларни айтади.

Жумладан, у Горбачёвнинг саволига жавоб бера туриб, Фарғонадаги қонли можаро бир товоқ қулупнай туфайли келиб чиққанини таъкидлайди. У миллати месхети турк бўлган харидор ўзбек сотувчисига қўполлик қилиб, тоғорадаги қулупнайни туртиб юборгани ва оқибатда жанжал бошланганини айтади.

Бу ҳақда у 2020-йилда ЎзАга берган интервюсида шундай эслайди:

«1989-йил, СССР халқ депутатлари биринчи қурултойи сессияларининг иккинчи ҳафтаси давом этаётган эди. 3-июн куни кечқурун меҳмонхонада ҳаётимдаги энг даҳшатли қўнғироқлардан бири янгради. Фарғонада Тошлоқ, Комсомол қишлоқларида, Марғилон шаҳрида фалокат содир бўлганини айтишди. Қароқчиларнинг уюшган тўдаси уйларга бостириб кириб, талон-тарож, шафқациз қотилликлар амалга ошириб, биноларни ёқиб юрган экан.

Эрталаб қурултойда ваҳима: нима бўлади, ўйлаб тагига ета олмайман. Горбачёв менга ўгирилиб: «Нима маълум қила оласан», деб сўради. Менда вазиятнинг таҳлили у ёқда турсин, комиссия аъзоларидан ишончли маълумотлар ҳам йўқ эди. Бу ҳақда минбарга чиқмасдан, ўтирган жойимдан айтдим. Кейин маълумотларимга кўра, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал – месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дея қўшимча қилдим. Кейинчалик бу гапим учун мени қаттиқ танқид қилишганди».

Ўшанда Ўзбекистондан ваҳимали хабарлар келишда давом этаверади ва Нишонов фожиа бошланганидан икки кун ўтгач СССР ички ишлар вазири билан бирга Ўзбекистонга қайтади. Бироқ шунда ҳам фожиани жиловлашда сусткашликка йўл қўяди.

Нуритдин Муҳитдиновга кўра, ўшанда Рафиқ Нишонов Ўзбекистон раҳбари сифатида заифлик қилган ва ҳаракатларда сусткашликка йўл қўйган. У Нишоновнинг «бир товоқ қулупнай» ҳақидаги гапларини раҳбар масъулияцизлиги ва халқ бошига тушган кулфатнинг асл кўламини яшириш деб баҳолаган.

Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 100 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлади, мингдан ортиқ одам жароҳатланади. Аксарият таҳлилчилар ва замондошлар агар ўшанда Нишонов қатъият кўрсатганда Фарғонадаги фожиа аланга олмасдан уни жиловлаш мумкин эди, деб ҳисоблашади.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг Фарғона фожиасини Москва уюштиргани ошкор бўлади ва шундан сўнг кўплаб инсонлар месхети туркларга нисбатан адолациз ишлар қилинганини англаб етади.

Афсуски, ўшанда ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган «муаммони юқоридагилардан яшириш, унинг кўламини камайтириб кўрсатиш» касаллиги туфайли Фарғона фожиаси ўзбек миллатининг гарданига доғ бўлиб тушади.

Шу ўринда бир муҳим маълумотни келтириб ўтмоқчимиз. Ўшанда месхети турклар ҳамда ўзбеклар ўртасидаги можаро фақат Фарғона вилояти ҳудудида содир бўлади. Бошқа вилоятларда келишмовчиликлар юз бермайди.

Шу сабабли Москва фақат Фарғона вилоятида яшаб келган месхети туркларнинг бир қисмини олиб чиқиб кетади, қолган вилоятларда улар тинч-тотув яшашда давом этади. Бугунги кунда ҳам турли вилоятларда 50 мингдан ошиқ месхети турклар яшайди ва улар Ўзбекистон фуқароси сифатида ватанимиз равнақига ҳисса қўшиб келмоқда.

Рафиқ Нишонов Ўзбекистон раҳбари бўлган кезда республикада «Пахта иши» қатағонлари давом этаётган ва Гдлян ҳамда Иванов қама-қамаларни давом эттираётган эди.

Ўшанда вазият шу даражага етадики, Москва Ўзбекистон раҳбари Иномжон Усмонхўжаевни ҳам жазолашга қарор қилади. Аввалига уни ишдан бўшатишади. Сўнг СССР олий кенгаши президиуми таркибидан, сўнг КПСС марказий қўмитаси аъзолигидан чиқаришади. 1988-йил октабрда Усмонхўжаев ҳибсга олинади ва бир қатор жиноятларда айбланади.

Гарчи 1988-йилнинг охирлари ва 1989-йилнинг бошларида СССРда ошкоралик шамоллари эса бошлаган, Болтиқбўйи республикалари мустақиллик талаб қилаётган бўлса-да, Рафиқ Нишонов республика раҳбари сифатида Ўзбекистондаги қатағонларга кўз юмади.

У Москвадан Гдлян ва Иванов бощилигидаги терговчиларни ортга қайтаришни сўраш ўрнига, уларни қўллайди. Жумладан, мажлисларнинг бирида у «Пахта иши» қатағонларини қўллаб гапиради ва шу жойда «Шарафрашидовщина» атамасини ишлатади.

Ўшанда Рафиқ Нишоновнинг бу иши Ўзбекистондаги кўплаб фаолларга ёқмайди ва халқ олдида унинг обрўси тушишига сабаб бўлади. Кейинчалик Рафиқ Нишонов ЎзАга берган интервюсида бу ҳақда берилган саволга шундай деб жавоб беради:

«Октабр инқилоби байрами тўғрисидаги маърузам билан Олий Совет Президиумининг раиси сифатида нутқ сўзлар эканман, мен ушбу атамани биринчи марта ўша пайтда Ўзбекистонда, бутун Иттифоқдаги каби бошқаришнинг авторитар услуби ҳукм сурган вазиятни тасвирлаш учун ишлатганман. «Шарафрашидовщина» ибораси шу қадар кенг қўлланишини ҳеч ўйламагандим. Нутқимни қўллаб-қувватлаганлар, муносабатимга қўшилганлар бўлди. Шу билан бирга «Нима учун мавзуни кескинлаштиряпсиз, бўлиб ўтган ишни эслаш шартми?» деганлар ҳам бўлди».

Рафиқ Нишонов кейинчалик ҳам, ҳатто орадан 30 йил ўтгандан кейин ҳам «Пахта иши» бўйича фикрларини ўзгартирмаган ва ўзбек амалдорларини пора-олди бердисида айблаган. Жумладан, у 2020-йилда ЎзАга берган интервюсида бу ҳақда шундай дейди:

«Аввало, ёвузлик айнан халққа қарши қаратилган, пахтакорларга тўланмаган пуллар ҳам республикада, ҳам Москвада порага ишлатилган, уларга «Волга» автомобиллари, дабдабали қасрлар, тақинчоқлар олинган»

Рафиқ Нишонов шу интервюси давомида Гдлян ва Иванов бощилигидаги тергов гуруҳини текшириш бўйича комиссия раиси бўлиб ишлаган Вениямин Яриннинг айбланувчилардан юз миллион сўм пул ҳамда тақинчоқлар мусодара қилингани ҳақидаги гапларини келтиради.

Ўзбек халқи Гдлян ва Иванов гуруҳи ўша юз миллион сўм пул ҳамда қимматбаҳо тақинчоқларни қандай қўлга киритганини яхши билади.

Ўшанда улар ҳибсда сақланаётган шахснинг қариндошларига «Фалон пул топиб келсанг, қамоқдаги одамингни озод қиламиз», деб аврашади. Қариндошлар қарз-ҳавола қилиб айтилган пулларни топиб боргандан сўнг, уларни ҳибсдаги шахснинг ўзига қарши ашёвий далил сифатида фойдаланишади.

Умуман олганда Нишоновнинг ўз китобларида ёзган ва интервюларида гапирган гапларидан шуни уқиш мумкинки, у ўзбекистонлик масъул шахсларнинг «Пахта иши» туфайли жазоланишини тўғри иш бўлган деб ҳисоблаган. Буни ҳатто ЎзАга берган интервюсида ҳам англаш мумкин.

«Пахта иши» ва Фарғона фожиасидаги сусткашликлар Ўзбекистонда Рафиқ Нишоновнинг обрўси тушишига сабаб бўлади. Айниқса «Пахта иши» қатағони туфайли халқнинг сабр косаси тўлиб бораётган эди.

Ана шундай шароитда Михаил Горбачёв ўз «Рафиқ»ини Москвага чақириб олади ва уни СССР олий совети миллатлар кенгаши раиси лавозимига қўяди.

1991-йил августда СССР парчаланиб кетгач бу ташкилот ҳам тугатилади ва Рафиқ Нишонов нафақага чиқади. Бироқ у Тошкентга қайтмайди ва Москвада яшаб қолади.

Ислом Каримов даврида Рафиқ Нишонов совет тузумининг ва «Пахта иши» даврининг рамзи сифатида кўрилган ва Ўзбекистонда унга нисбатан сиёсий жиҳатдан совуқ муносабатда бўлинган. Балки шу сабабли у ватанига қайтмаган.

Рафиқ Нишонов Москвада яшаган йилларида бир неча марта Путин томонидан мукофотланган ва орденлар олган. Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари умрининг сўнгги дамларини Швейсарияда ўтказади ва 2023-йилда шу ерда вафот этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.