Ўзбекистонда олий маълумотли аёллар сони эркакларникидан кўпроқ экани маълум бўлди

Ўзбекистонда олий маълумотга эга аёллар сони эркакларникидан кўпроқ экани аниқланди
Канаданинг Висуал Сапиталист медиа платформаси мутахассислари Жаҳон банки ҳамда ЮНЕСКО Статистика институтининг 2022-2025-йиллардаги маълумотларига таянган ҳолда, бугун эркаклар кўпроқ олий маълумотлими ёки аёлларми, деган саволга жавоб излашди.
Натижаларга кўра, дунё бўйича аёллар олий маълумот олишда эркаклардан ўртача 12 фоизга олдинда. Хусусан, Ўзбекистонда аёлларнинг олий таълим билан қамраб олиниши эркакларникига нисбатан 14 фоизга юқори бўлиб, мамлакат бу йўналишда жами 148 та ўрин ичида 105-поғонада қайд этилган.
Аёллар ва эркаклар ўртасида университетни тамомлаш бўйича энг катта тафовут Гамбия Республикасида кузатилган. У ерда аёллар қарши жинс вакилларидан 83 фоизга олдинда.
Олий маълумотли аёллар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда Сент Мартен туради, бу ерда тафовут аёллар фойдасига 78 фоизни ташкил этади. Учинчи ўринда эса Сент Винсент ва Гренадин ороллари жойлашган — 68 фоиз.
Дунёда аёллар эркаклардан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлган ўнта мамлакат қаторига Қатар (64 фоиз), Малдив ороллари (64 фоиз), Тувалу (60 фоиз), Гаяна (57 фоиз), Аруба (57 фоиз), Самоа (57 фоиз) ва Кирибати (56 фоиз) ҳам киради.
Йирик иқтисодиётга эга давлатлар орасида Швеция (40 фоиз), Полша (37 фоиз), Бразилия (36 фоиз) ва АҚШ (32 фоиз) бу рейтингда ажралиб туради.
МДҲ ҳудудида хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш бўйича Қирғизистон ва Арманистон етакчилик қилмоқда. У ерда олий ўқув юртларига кирган ва битирган аёллар сони эркакларга қараганда 28 фоизга кўп.
Ушбу рейтингга кўра, Ҳамдўстлик мамлакатлари орасида иккинчи ўринни 22 фоиз фарқ билан Озарбайжон, учинчи ўринни эса Қозоғистон (17 фоиз) эгаллаган.
Рейтингда Ўзбекистон (14 фоиз) Хитой ва Беларус билан бир хил кўрсаткич қайд этган. Россияда бу фарқ 7 фоизни ташкил этади. Шуни таъкидлаш керакки, Тожикистонда олий маълумотли эркаклар сони аёлларга қараганда 5 фоизга кўп.
Рейтингнинг қуйи қисмида олий таълим қамрови бўйича эркаклар аёллардан устун бўлган мамлакатлар жойлашган.
Энг катта фарқ Бенинда қайд этилган. У ерда эркаклар кўрсаткичи аёлларникидан 41 фоиз юқори.
Олий маълумотли эркаклар сони аёлларга нисбатан сезиларли даражада кўп бўлган давлатлар қаторига Конго Республикаси (тафовут 33 фоиз), Малави (30 фоиз), Буркина Фасо (26 фоиз), Лаос (25 фоиз), Бангладеш (23 фоиз), Кения (21 фоиз) ва Руанда (20 фоиз) ҳам кирди.

