Маҳаллий

Ўзбекистонда норасмий маклерлар фаолияти қонунийлаштирилади ва ягона мултилистинг тизими жорий этилади

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида норасмий воситачиларни қонунийлаштириш ва фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида ъкўчмас мулк агентиъ тоифаси ҳамда ягона реестр жорий этилмоқда. Ушбу механизмлар эълонларнинг ишончлилигини ошириб, воситачилар мақомини текшириш имконини беради, деди Давактив вакиллари.

Ўзбекистонда норасмий маклерлар фаолияти қонунийлаштирилади ва ягона мултилистинг тизими жорий этилади

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида норасмий воситачилар фаолиятини қонуний йўлга қўйиш, риелторлар ва агентлар ҳақидаги маълумотларни ягона тизимда жамлаш ҳамда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда кўчмас мулк агенти тоифаси ва ягона мултилистинг тизими жорий этилади. Бу ҳақда 9-октабр куни Контент тайёрлаш марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.

Миржамол Миркамаловнинг айтишича, риелторлик фаолияти ҳақидаги аввалги қонун 2010-йилда қабул қилинган бўлиб, асосан лицензиялаш ва давлат назорати масалаларини қамраб олган. Кейинчалик лицензиялаш талаби бекор қилингани, шунингдек, соҳа иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг тарқоқ ҳолда бўлиши фаолиятни тартибга солиш учун янги механизмлар ишлаб чиқиш заруратини туғдирган.

Агентлик ташаббуси билан тайёрланган янги қонун 2026-йил 8-августда қабул қилинди. Унда риелторлик хизматларининг турлари, соҳа иштирокчиларининг мақоми ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби аниқлаштирилган.

Қонуннинг асосий янгиликларидан бири — кўчмас мулк агенти тушунчасининг киритилишидир. Аввалги қонунчиликда малака сертификатига эга риелтор назарда тутилган бўлса, янги тартиб норасмий ишлаб келган воситачиларга ҳам қонуний фаолият юритиш имконини беради.

Миржамол Миркамаловнинг таъкидлашича, кўчмас мулк агенти малака сертификатини олмасдан, мулкдор билан шартнома тузган ҳолда ахборот-маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиши мумкин. Бунинг учун у якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритиши мумкин.

“Риелторлик соҳасида, халқ тили билан айтганда, „қора бозор“ бор. Маклерлар фаолиятига чек қўйиш учун кўчмас мулк агенти тоифасини киритдик”, — дейди агентлик вакили.

Унинг сўзларига кўра, янги тоифани жорий этишдан мақсад норасмий воситачиларни мураккаб талаблар қўйиш ёки малака имтиҳонларидан ўтказиш орқали эмас, балки содда механизмлар ёрдамида қонуний фаолиятга жалб қилишдир.

“Қора бозордан қонуний йўлга ўтиш учун энг осон йўлни танладик. Кўчмас мулк агентларини малака имтиҳонларидан ўтказиш ёки уларга мураккаб талаблар қўйишни режалаштирмаяпмиз”, — дейди Миржамол Миркамалов.

Агентлик вакили бу тартиб, айниқса, интернет орқали кўчмас мулк қидираётган фуқароларни ҳимоя қилиш учун муҳимлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ОЛХ ва Телеграм каналларидаги эълонлар орқали фуқароларнинг маклерлар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига дуч келиши кузатилади.

Янги қонун билан Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига риелторлик соҳасидаги ягона реестрни юритиш вазифаси юклатилмоқда. Унда малака сертификатига эга риелторлар, риелторлик ташкилотлари, кўчмас мулк агентлари ва соҳадаги жамоат бирлашмалари ҳақидаги маълумотлар жамланади.

Миржамол Миркамаловнинг айтишича, аввал ҳам риелторлар ва ташкилотлар ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган, бироқ улар тўлиқ эмасди. Лицензиялаш бекор қилинганидан кейин ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар тарқоқ ҳолга келган, айрим жамоат бирлашмалари эса ўз расмий сайтларида соҳа иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ жойлаштирмаган.

Ягона реестр фуқароларга кўчмас мулкни сотиш ёки сотиб олишда хизмат таклиф қилаётган мутахассис ва ташкилотларнинг мақомини текшириш имконини беради.

Қонун билан соҳа устидан давлат назоратининг бир қисмини жамоат бирлашмаларига ўтказиш ҳам назарда тутилган. Риелторларга малака сертификатларини бериш ваколати агентликдан тегишли жамоат бирлашмаларига ўтказилади. Риелторлик ташкилотлари эса ўз фаолиятини амалга ошириш учун соҳадаги жамоат бирлашмаларидан бирига мажбурий аъзо бўлиши керак.

Қонун доирасида республикада ягона мултилистинг тизимини жорий этиш ҳам режалаштирилган.

Соҳибжон Муродовнинг тушунтиришича, электрон платформа кўчмас мулк обьектлари ва улар билан ишлаётган қонуний мутахассислар ҳақидаги маълумотларни бирлаштиради.

Тизим орқали кўчмас мулк ҳақидаги маълумотларни жамлаш, эълонларнинг ишончлилигини ошириш ва воситачининг қонуний мақомини текшириш имкони яратилади.

Масалан, агент мулкдор билан тузилган шартнома асосида обьект ҳақидаги эълонни ОЛХ ёки бошқа интернет платформасида жойлаштирса, мултилистинг тизими билан интеграция орқали унинг қонуний мақоми ҳақидаги маълумот эълонда автоматик кўрсатилиши мумкин.

Бунинг учун агентлик интернет платформаларига маълумотларни олиш имконини берувчи очиқ ахборот каналини тақдим этишни режалаштирмоқда. Хусусий эълон платформаларини тизимга уланишга мажбурлаш имкони бўлмаса-да, уларга маълумотларни интеграция қилиш шароити яратилади.

“Мултилистинг тизими жорий этилганда, кўчмас мулк обьектлари ва уларнинг ҳақиқий эгалари ҳақидаги маълумотлар базаси яратилади. Ундан республика бўйлаб фуқаролар, мулкдорлар ва риелторлар сутка давомида очиқ фойдаланиши мумкин бўлади”, — дейди Соҳибжон Муродов.

Унинг сўзларига кўра, тизимнинг техник шартларида бошқа интернет платформалари билан интеграция қилиш механизми ҳам назарда тутилган. Бу эса фуқароларга эълон жойлаштирган шахснинг мақомини текшириш ва ишончли маълумотлар асосида қарор қабул қилишда ёрдам бериши кутилмоқда.

Янги қонунда риелторлик хизматларининг тўртта асосий тури белгилаб берилган: кўчмас мулк билан боғлиқ битимларда воситачилик қилиш; ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва реклама қилиш; ауксион савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш; кўчмас мулкни ишончли бошқариш.

Агентлик вакиллари ишончли бошқариш хизматининг алоҳида йўналиш сифатида белгиланиши кўчмас мулк бозоридаги хизматларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилишини қайд этди.

Шу билан бирга, риелторлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш талаби аввалроқ бекор қилинган. Янги қонун эса соҳа иштирокчиларининг мақомини белгилаш, улар ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ва фаолиятни назорат қилиш механизмларини аниқлаштиради.

Матбуот анжуманида янги қонуннинг солиқ мажбуриятлари ва кўчмас мулк хизматлари нархига таъсири ҳақида ҳам савол берилди.

Миржамол Миркамаловнинг айтишича, кўчмас мулк агентлари якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритиши мумкин. У янги тартиблар кўчмас мулк нархларига таъсир қилмаслигини билдирди.

Агентлик вакиллари, шунингдек, қонунни амалга ошириш учун тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилганини билдирди. Қонун 2026-йил 8-ноябрдан кучга киради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.