Ўзбекистонда академик лицейлар таълим сифати бўйича сезиларли фарқ қилмоқда
Умуммиллий сўровнома натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткич Қарши давлат техника университетининг 2-сон академик лицейида, энг паст натижа эса Тошкент архитектура-қурилиш университети академик лицейида қайд этилди.

Ўзбекистонда академик лицейлар таълим сифати бўйича сезиларли тафовутлар кузатилмоқда
Ўзбекистондаги академик лицейлар орасида таълим сифати ва ўқув жараёни бўйича анча катта фарқ борлиги аниқланди. Энг юқори ва энг паст натижа олган лицейлар ўртасидаги тафовут 45,3 баллни ташкил этди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг академик лицейларда ўтказилган умуммиллий сўровнома натижаларига бағишланган таҳлилида маълум қилинди.
Тадқиқот 2026-йил 21-мартдан 9-апрелга қадар республиканинг барча 14 та ҳудудидаги 73 та академик лицейда ўтказилган. Унда жами 27 077 нафар респондент, жумладан, 24 557 нафар ўқувчи ва 2 520 нафар педагог иштирок этган. Таҳлил натижаларига кўра, академик лицейларда таълим сифати ва ўқув жараёни бўйича республика бўйича ўртача кўрсаткич 71,4 баллни ташкил этган.
Энг юқори натижа Қарши давлат техника университетининг 2-сон академик лицейида қайд этилган — 96,4 балл. Кейинги ўринларда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети академик лицейи — 93,2 балл, Интернатионал Финансе академик лицейи — 92,1 балл, Бухоро давлат тиббиёт академик лицейи — 91,3 балл ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти академик лицейи — 90,7 балл жой олган.
Энг паст кўрсаткич Тошкент архитектура-қурилиш университети академик лицейида аниқланган — 51,1 балл. Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика университети академик лицейи 51,2 балл, Шаҳрисабз давлат педагогика институти академик лицейи 54,7 балл, Тошкент давлат техника университетининг 1-сон академик лицейи 57,3 балл ва Ўзбекистон Миллий университетининг С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи 58,9 балл олган.
Ҳисоботга кўра, академик лицейларнинг 67,9 фоизи юқори ёки барқарор натижа қайд этган. Муассасаларнинг 10,5 фоизи эса паст ва жуда паст натижали тоифаларга киритилган. Ҳудудлар кесимида ҳам сезиларли тафовут мавжуд. Таълим сифати ва ўқув жараёни бўйича ҳудудий ўртача кўрсаткич 69,8 баллни ташкил этган. Энг юқори натижалар Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилиб, ҳар икки ҳудуд 86 баллдан олган.
Кейинги ўринларни Қашқадарё — 83 балл, Қорақалпоғистон Республикаси — 81 балл ва Андижон вилояти — 74 балл билан эгаллаган. Энг паст натижалар Тошкент шаҳри — 51 балл, Тошкент вилояти — 52 балл ва Сирдарё вилоятида — 57 балл қайд этилган. Шу тариқа, энг юқори ва энг паст ҳудудий кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ 35 баллга етган.
Ихтисослашув йўналишлари бўйича амалий-техник соҳа 89,7 балл билан етакчилик қилган. Тиббиёт йўналишидаги академик лицейлар ўртача 87,9 балл, педагогика йўналиши 80,1 балл, ижтимоий-гуманитар йўналиш эса 79,3 балл олган. Шу билан бирга, сўровномада қатнашган ўқувчиларнинг 86 фоизи дарс сифати ва ўқитувчилар маҳоратидан, 92,8 фоизи эса чуқурлаштирилган фанларни ўзлаштириш даражасидан қониқиш билдирган.
Таҳлил хулосасида паст натижа қайд этган академик лицейлар учун манзилли ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, юқори кўрсаткичли муассасалар тажрибасини оммалаштириш ва ҳудудлар ўртасидаги тафовутларни қисқартириш зарурлиги қайд этилган.

