Академик лицей ўқувчилари бино, инфратузилма ва техник жиҳозлар бўйича муаммолар борлигини қайд этди — сўровнома
Унда ўқувчилардан 16,6 мингдан ортиқ мазмунли жавоб олинган. Уларнинг 1 337 таси шикоят сифатида таснифланган. Спорт инфратузилмаси ҳамда синф хоналари ва маиший шароитлар энг паст баҳоланган йўналишлар бўлган.

Академик лицей ўқувчилари бино, инфратузилма ва техник жиҳозлар бўйича муаммолар мавжудлигини қайд этган — сўровнома
Ўзбекистондаги академик лицейлар ўқувчилари таълим муассасаларининг бино ва инфратузилмаси, техник жиҳозланиши ҳамда ўқув шароитларини яхшилаш зарурлигини билдирган. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг 2026-йилда ўтказилган умуммиллий сўровнома натижалари асосидаги таҳлилида маълум қилинган.
Тадқиқот республиканинг 14 та ҳудудидаги 73 та академик лицейни қамраб олган. Унда 24 557 нафар ўқувчи ва 2 520 нафар педагог қатнашган. Сўровноманинг очиқ саволлари бўйича 16 645 та мазмунли жавоб таҳлил қилинган. Шулардан 15 308 таси ёки 91,97 фоизи таклиф, 1 337 таси ёки 8,03 фоизи шикоят сифатида таснифланган.
Энг кўп таклифлар ўқув жараёни ва дастурларини такомиллаштиришга тегишли бўлган — 2 763 та. Бино ва инфратузилмани яхшилаш бўйича 2 417 та, техник жиҳозларни модернизация қилиш юзасидан эса 1 432 та таклиф билдирилган.
Шикоятлар орасида ҳам айнан шу йўналишлар устунлик қилган. Жумладан, ўқув жараёни ва дастурлар бўйича 243 та, бино ва инфратузилма юзасидан 173 та, техник жиҳозланиш бўйича эса 90 та шикоят қайд этилган. Бундан ташқари, ўқувчилар имтиҳон ва баҳолаш тизими, спорт шароитлари, ошхона фаолияти ҳамда қўшимча таълим имкониятларини яхшилаш бўйича ҳам фикр билдирган. Спорт инфратузилмаси ва маиший шароитлар энг паст баҳоланган.
Ўқувчилар берган баҳолар асосида ҳисобланган таълим ресурслари ва инфратузилманинг республика бўйича ўртача кўрсаткичи 61,8 баллни ташкил этган. Дарслик ва кутубхона ресурслари бўйича ижобий баҳолар 83 фоиз, ахборот технологиялари ва интернет шароитлари бўйича 75 фоиз бўлган. Спорт инфратузилмаси 58,8 фоиз, синф хоналари ва маиший шароитлар эса 58,6 фоиз билан энг паст баҳоланган йўналишлар сифатида қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида таълим ресурслари ва инфратузилма бўйича энг юқори натижа Бухоро вилоятида кузатилган — 77,8 фоиз. Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 72,7 фоиз, Қашқадарёда 72,3 фоиз, Сурхондарёда 71,3 фоизни ташкил қилган. Энг паст натижалар Тошкент шаҳрида — 45,2 фоиз, Сирдарё вилоятида — 47,3 фоиз ва Тошкент вилоятида — 49,4 фоиз қайд этилган.
Алоҳида йўналишлар бўйича энг паст кўрсаткич Тошкент вилоятидаги спорт инфратузилмасига тўғри келган — 24 фоиз. Тадқиқотда педагогларнинг баҳолари ҳам ўрганилган. Уларнинг 76,2 фоизи академик лицейларнинг моддий-техник базаси тўлиқ ёки етарли даражада таъминланганини билдирган. ИТ ва интернет таъминоти бўйича ижобий баҳолар эса 73,8 фоизни ташкил этган.
Мазкур йўналишда Андижон вилоятида педагогларнинг 46 фоизи, Жиззах вилоятида 54 фоизи ИТ ва интернет шароитларини ижобий баҳолаган. Ҳисобот хулосасида академик лицейларда аудиториялар ҳолати, маиший шароитлар, спорт инфратузилмаси ва техник жиҳозларни яхшилаш аксарият ҳудудлар учун устувор вазифалардан бири экани таъкидланган. Шунингдек, ўқувчиларнинг очиқ жавобларида таъмирлаш, жиҳозлаш, ўқув дастурларини янгилаш ва таълим жараёнини такомиллаштиришга оид масалалар кўп учрагани қайд этилган.
Ушбу таҳлилга кўра, академик лицейларда таълим сифати ва ўқув жараёни бўйича республика ўртача кўрсаткичи 71,4 баллни ташкил этган. Энг юқори натижа Қарши давлат техника университетининг 2-сон академик лицейида қайд этилган — 96,4 балл. Энг паст кўрсаткич Тошкент архитектура-қурилиш университети академик лицейида аниқланган — 51,1 балл.

