Ўзбекистонда 2026-йилнинг саккиз ойида камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача пасайди

Ўзбекистонда 2026-йилнинг саккиз ойида камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача тушди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг илк саккиз ойида камбағаллик даражаси йил бошидаги 5,8 фоиздан 3,9 фоизгача камайди. Шу муддат ичида 49 та туман ва 3,5 мингта маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди.
2026-йил учун 1,1 миллион нафар аҳолини, яъни 263 мингта оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда йил охиригача камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан сезиларли пасайтириш вазифаси белгиланган. Шу мақсадда жорий йилнинг саккиз ойида Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб, 515 мингта оила учун индивидуал режалар тайёрланди.
Мазкур режалар асосида 390 мингта камбағал оила даромадини оширишга йўналтирилган 554 мингта бандлик хизмати билан қамраб олинди. Жумладан, 160 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 67 минг нафарга имтиёзли кредит ва субсидиялар берилди, 304 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 22 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
Маҳаллаларда янги даромад манбаларини яратиш мақсадида ҳоким ёрдамчилари томонидан қарийб 55 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 164 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Камбағал оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 700 миллиард сўмлик кредит ва 77 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Шунингдек, 1,4 минг гектар ўрмон фонди ерлари 1,8 мингдан ортиқ камбағал оилага кўчатхона ва доривор ўсимликлар етиштириш учун ижара асосида берилди. Вазирликка кўра, бунда оилаларга тайёр ёрдамдан кўра, ўз меҳнати орқали даромад олиш имкониятини яратишга алоҳида урғу берилган.
Камбағал оилалар фарзандларининг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 125 минг нафар бола қўшимча тўгаракларга жалб қилинди. Бунинг учун давлат бюджетидан қарийб 130 миллиард сўм ажратилди. Бундан ташқари, қарийб 50 минг нафар бола ахборот технологиялари, хорижий тиллар, электрон тижорат, СММ ва график дизайн каби йўналишларда бепул курсларда ўқитилди.
Германиянинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда 37 та оғир тоифадаги тумандаги 89 та техникумда қарийб 1 600 нафар ўқувчини тадбиркорлик йўналишида ўқитиш йўлга қўйилди.
Аҳолининг даромад топиш имкониятларини ошириш билан бирга, унинг саломатлигига ҳам эътибор қаратилди. Ижтимоий реестрдаги 351 минг нафар фуқарода турли касалликлар аниқланиб, улар уй шароитида, амбулатор ва турли даражадаги шифохоналарда даволанди. Қарийб 8,5 минг нафари жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилиб, меҳнат бозорига қайтарилди.
Ҳудудлардаги инфратузилмани яхшилаш учун Янги Ўзбекистон қиёфасидаги 33 та туман ва 330 та маҳалла, шунингдек, оғир тоифадаги 37 та туман ва 915 та маҳаллага жами 7,7 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар сув, электр энергияси, йўллар ва ижтимоий обьектларни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Йилнинг қолган қисмида ҳудудлар раҳбарларига яна 350 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 1 миллион нафар аҳолининг даромадини ошириш ва 230 мингта оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда камбағаллик даражаси пасайиб, эҳтиёжманд аҳоли сони камайгани, бироқ айрим маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги айтилганди. Шавкат Мирзиёев айрим ҳудуд раҳбарлари одамларни ишли қилишга билими ёки тоқати етмаётганини танқид қилган.

