Ўзбекистонда камбағаллик даражаси олти ойда 5 фоиздан 4,5 фоизга пасайди — Жамшид Қўчқоров
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров камбағаллик даражаси 2026-йилнинг биринчи ярмида 5 фоиздан 4,5 фоизга пасайганини маълум қилди. Бу даврда ижтимоий реестрдаги 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган, 104 мингта микролойиҳа ишга туширилган.

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси олти ой ичида 5 фоиздан 4,5 фоизга тушди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатасида 2026-йилнинг биринчи ярмидаги давлат дастури ижроси бўйича ҳисоботида маълум қилди.
Қўчқоровнинг сўзларига кўра, ижтимоий реестрга киритилган 227 мингта камбағал оилага даромадларини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган. Шунингдек, маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш мақсадида 104 мингта микролойиҳа ишга туширилган бўлиб, бу 246 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаган.
Ҳисобот даврида 460 минг нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий иш билан таъминланди. 2750 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди. Оғир тоифадаги 37 та ҳамда “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги 33 та туман ва 915 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш дастурларига 9 триллион сўм ажратилиб, 3200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.
Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, 2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 8,5 фоизга ўсган. Саноат 8 фоизга, хизматлар соҳаси 16,9 фоизга, қурилиш 13,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,7 фоизга ўсишни қайд этган.
Ҳисобот даврида 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Олтинни ҳисобга олмаганда экспорт ҳажми 14,4 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,6 фоизга кўпайди. Капитал қўйилмалар ҳажми қарийб 339 триллион сўмни ташкил этди. Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 6,4 фоизни ташкил этди.
21-июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар ЯИМнинг камида 8 фоиз ўсишини таъминлаш вазифаси қўйилган. Бош вазир ўринбосари бунинг учун зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини белгилашда қўлланадиган кўрсаткич 6,9 фоизга – бир киши учун ойига 669 минг сўмдан 715 минг сўмгача (кунига 22 минг сўмдан 23 минг сўмгача) оширилганди. 2022-йилдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этишда қўлланадиган жон бошига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилган. Айрим нафақалар ва бошқа ижтимоий нормалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан паст бўлмаган даражада тўланиши лозим.

