Маҳаллий

Ўзбекистон: аҳоли, уй-жой ва қишлоқ хўжалиги бўйича янги рақамлар

2026-йил 15-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг демографик ва аграр манзарасига оид янги маълумотлар 2026-йилги аҳоли, уй-жой ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларида ўз аксини топди. Мамлакат аҳолиси 39 миллиондан ошган, шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисидан кўпайган, шунингдек, қишлоқ хўжалигида илгари расмий статистикада қайд этилмаган қарийб 1 миллион гектар ер аниқланган.

2026-йил 15-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 047 321 нафарни ташкил этган. Шундан 21 276 729 нафари (54,5%) шаҳарларда, 17 770 592 нафари (45,5%) қишлоқларда истиқомат қилади.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри аҳолиси тўлиқ шаҳар аҳолиси ҳисобланади. Шаҳар аҳолиси улуши Наманган вилоятида 66,2%, Навоий вилоятида 59,3%, Тошкент вилоятида 58,7%ни ташкил этган. Самарқанд вилоятида эса шаҳар аҳолиси улуши 39,9%, Хоразм вилоятида 38,1% бўлган.

Рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг миллий таркиби қуйидагича:

* Ўзбеклар – 84,5%

* Тожиклар – 4,8%

* Қозоқлар – 2,4%

* Қорақалпоқлар – 2,2%

* Руслар – 1,8%

* Қирғизлар – 0,8%

* Татарлар – 0,4%

* Туркманлар – 0,3%

* Корейслар – 0,3%

* Украинлар – 0,1%

* Бошқа миллатлар – 2,4%

Тил хусусиятлари бўйича аҳолининг 91,3% ўзбек тилида, 2,3% қорақалпоқ тилида, 2,2% тожик тилида, 2% рус тилида, 1,4% қозоқ тилида сўзлашади.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг медиан ёши энг паст кўрсаткич Фарғона вилоятида – 26,7 ёш бўлган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти – 27 ёш ва Андижон вилояти – 27,1 ёш қайд этилган. Медиан ёш энг юқори ҳудудлар: Тошкент шаҳри – 30,9 ёш, Тошкент вилояти – 29,9 ёш, Бухоро вилояти – 29,5 ёш.

Рўйхат натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 99,5% Ўзбекистонда туғилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи 3,225 миллион аҳолининг 81,5% пойтахтнинг ўзида туғилган. Қолган 18,5% Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ёки хорижда туғилган. Тошкент вилоятида эса 3,763 миллион аҳолининг 90,9% шу вилоятда, 9,1% бошқа ҳудудлар ёки хорижда туғилган.

Уй-жой шароитлари бўйича аҳолининг асосий қисми – 85,3% якка тартибдаги турар-жой уйларида истиқомат қилади. Кўп квартирали уйларда яшовчилар улуши – 12,4%, дала ҳовлиларда – 1%, бошқа турдаги турар-жойларда эса 1,4%ни ташкил этган. Кўп қаватли уйларда яшовчилар улуши энг юқори Тошкент шаҳрида – 51,3%. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 25,4%, Тошкент вилоятида 18,7%ни ташкил этган.

Қишлоқ хўжалигида жами 1,03 миллион нафар ходим меҳнат қилади. Уларнинг 50,3% эркаклар, 49,7% аёллар. Энг эътиборли натижалардан бири – қишлоқ хўжалигида аввалги расмий статистик маълумотларда қайд этилмаган 985,4 минг гектар қўшимча ер ресурси аниқлангани бўлди.

Умуман, 2026-йилги рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари Ўзбекистоннинг нафақат демографик ҳолати, балки уй-жой шароитлари, меҳнат ресурслари, ер ва сув захиралари ҳамда чорвачилик таркиби ҳақида ҳам анча батафсил тасаввур бермоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.