Ўзбекистонда 13 мингдан ортиқ болага мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди

Ўзбекистонда 13 мингдан зиёд болага мактаб формаси ва ўқув анжомлари туҳфа этилди.
Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан кам таъминланган оилалардаги 13 000 дан ортиқ ўқувчига мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг маълумотига кўра, республикадаги 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Ушбу хайрия аксияси доирасида кўрсатилган ёрдамнинг умумий қиймати 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, 2026-йилда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари, мактаб формалари ва ўқув қуроллари тақдим этилди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчига ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон мактабларида 2026/27-ўқув йили 2-сентябр, чоршанба кунидан бошланади. Жорий йилда биринчи синфга қабул қилинадиган 795 мингдан ортиқ ўқувчига “Президент совғаси” тантанали равишда топширилади.

