Маҳаллий

Ўзбекистонда мандат 15-август куни эълон қилинади

Ўзбекистонда 2026/2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига кириш тест синовлари натижалари 15-август куни эълон қилинади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Дарё” мухбирига берган интервюсида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида кириш имтиҳонларида 56,7 баллдан паст натижа кўрсатган абитуриентлар улуши сезиларли даражада камайган. Тўрт йил аввал бу кўрсаткич 46 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда 34 фоизга тушган. Шу билан бирга, абитуриентларнинг 74 фоизи 56,7 баллдан юқори натижа қайд этган.

Шарипов барча мактаб битирувчиларининг олий маълумот олиши шарт эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, меҳнат бозорида олий таълимга бўлган эҳтиёж тахминан 30 фоизни ташкил этади, қолган 70 фоиз ёшлар эса ўрта махсус таълим орқали тайёрланиши лозим.

Вазир олий таълимга қабул жараёнида меҳнат бозори эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини қайд этди. Жорий йилда давлат гранти асосида 36 мингта ўрин ажратилган бўлса, қарийб 200 мингта ўрин контракт асосида шакллантирилган. Қабул кўрсаткичлари йўналишлар ва талаб этилаётган мутахассислар сонидан келиб чиқиб белгиланган.

Шунингдек, бу йил айрим университетларда меҳнат бозори талабларига мос янги таълим йўналишлари очилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025/2026-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари 13-август куни эълон қилинган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.