Ўзбекистонда 115 минг кишига мўлжалланган янги турар жой массивлари барпо этилиши режалаштирилмоқда
Вьетнамнинг РОХ Гроуп компанияси вакиллари президентга Тошкент, Бухоро ва Самарқандда умумий қиймати 4,5 млрд доллар бўлган тўртта шаҳарсозлик лойиҳасини тақдим этди.

Ўзбекистонда 115 минг кишига мўлжалланган янги турар жой массивлари барпо этилиши режалаштирилмоқда
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида Вьетнамнинг РОХ Гроуп компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Компания вакиллари Бухорода иккита, Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ва Самарқандда биттадан — жами тўртта шаҳарсозлик лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Уларнинг умумий майдони 285 гектарни, инвестиция ҳажми 4,5 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳалар 115 минг нафар аҳоли учун мўлжалланган.
Бухоро туманида 65 гектар, Бухоро шаҳрида эса 25 гектар майдонда янги турар жой массивлари қурилиши бошланган. Уларда 30 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар обектлар барпо этиш кўзда тутилган.
Ветнамлик инвестор Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат зонаси ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Президент тақдим этилган консепсияларни маъқуллаб, лойиҳаларда илғор шаҳарсозлик ечимларини қўллаш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга лойиҳалар учун зарур инфратузилма ва амалга ошириш механизмларини компания билан биргаликда пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

