ROX Group Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида йирик лойиҳаларни амалга ошириши мумкин
Вьетнамнинг ROX Group компанияси Ўзбекистоннинг бир йўла бир нечта ҳудудларида янги лойиҳаларни кўриб чиқмоқда. Бухорода гап 85 гектардан ортиқ майдонда қурилиш ишларига 2 миллиард долларлик инвестиция киритиш, Самарқандда — туристик мажмуа, Жиззах вилоятида эса — меҳмонхоналар ва саноат зонаси ҳақида бормоқда.

ROX Group Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида йирик лойиҳаларни амалга ошириши мумкин
ROX Group Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида йирик лойиҳаларни амалга ошириши мумкин
Вьетнамнинг ROX Group компанияси Ўзбекистоннинг бир йўла бир нечта ҳудудларида янги инвестициявий ташаббусларни ўрганмоқда. Бу ҳақда вилоятлар раҳбарлари 11 сентябрь куни компания асосчиси Ань Туан Чаннинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилишди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ROX Group Бухоро шаҳри ва Бухоро туманидаги 85 гектардан ортиқ майдонда йирик объектлар қуриш лойиҳасини тақдим этганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, инвестициялар ҳажми 2 млрд долларга баҳоланмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига замонавий кўчмас мулк объектлари, турар жойлар, мактаблар, боғлар ва бошқа инфратузилмаларни қуриш режалаштирилган.
«Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу объектларнинг қурилиши 5000−6000 та янги иш ўрни яратиш имконини беради, шунингдек, 50 мингдан ортиқ фуқаронинг уй-жой шароитини яхшилашга ҳисса қўшади», — деди Ботир Зарипов.
Унинг қўшимча қилишича, учрашув якунлари бўйича Президент лойиҳани амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берган.
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ROX Group Самарқанддаги туристик мажмуа яқинидаги ҳудудни комплекс ривожлантириш концепциясини тақдим этганини маълум қилди. Лойиҳа сайёҳлар учун қўшимча меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш объектлари, уй-жойлар ва бошқа инфратузилмаларни қуришни назарда тутади.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, Президент компания билан биргаликда қисқа муддатда таклифлар тайёрлаш, қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Президент Администрациясига киритиш бўйича топшириқ берган.
Адиз Бобоев янги мажмуа ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга ва сайёҳларнинг Самарқандда қолиш вақтини узайтиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Юсупов вилоят ҳам ROX Group компаниясига бир қатор лойиҳаларни таклиф қилганини маълум қилди. Компания вакилларининг вилоятга ташрифи кутилмоқда.
Хусусан, Арнасой туманида инвесторга кўл яқинида беш юлдузли меҳмонхона қуришни таклиф қилиш режалаштирилган.
Зомин туманида яна бир меҳмонхона лойиҳаси, шунингдек, халқаро инвесторларни жалб қилган ҳолда саноат ипотекаси асосида майдони қарийб 600 гектар бўлган саноат зонасини ташкил этиш кўриб чиқилмоқда.
Баҳром Юсуповнинг сўзларига кўра, Жиззах вилояти компанияга янги уй-жойлар қуриш ва индустриал зоналарни ривожлантириш бўйича ҳам лойиҳаларни таклиф қилган.
Вьетнамнинг ROX Group компанияси Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида қиймати қарийб 1,5 млрд долларлик йирик лойиҳани ҳам кўриб чиқмоқда. 37 гектар майдонда ишбилармонлик ва кўнгилочар марказлар, уй-жойлар ва янги инфратузилма қуриш таклиф этилмоқда. Компания мамлакатда кўчмас мулк, энергетика ва молиявий хизматларни ривожлантириш ниятида.

