РОХ Гроуп Тошкентда Учтепа Ситйъни қуришга 1,5 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда
Ветнамнинг РОХ Гроуп компанияси Учтепада 1,5 млрд долларли йирик лойиҳа амалга оширишни кўриб чиқмоқда. 37 гектар ерда ишбилармонлик ва кўнгилочар марказлар, турар жойлар ҳамда янги инфратузилма қуриш таклиф қилинди. Компания кўчмас мулк, энергетика ва молиявий хизматларни ривожлантириш ниятида.

РОХ Гроуп Тошкентда Учтепа Ситй қурилишига 1,5 млрд доллар йўналтиришни режалаштирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 11-сентабр куни Ветнамнинг РОХ Гроуп компанияси асосчиси Ан Туан Чанни қабул қилди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда компаниянинг кўчмас мулк, энергетика, молия сектори ва туризм йўналишларидаги инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилди.
РОХ Гроуп — 1996-йилда Ветнамда ташкил этилган кўп тармоқли инвестиция гуруҳи бўлиб, кўчмас мулк, энергетика, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади.
Ўзбекистонда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида шаҳар ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш, қайта тикланадиган энергетика, геология, молия сектори ва туризм белгиланди. Учрашув якунида томонлар “йўл харитаси” асосида мавжуд ва янги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олди.
Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида пойтахтда РОХ Гроуп билан икки асосий йўналиш — қурилиш ва молия соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилаётганини айтди.
Хусусан, Учтепа туманида 37 гектар майдонда янги Учтепа Ситй мажмуасини барпо этиш таклиф қилинмоқда.
“Қурилиш соҳасида Учтепа туманида 37 гектар майдонда Учтепа Ситй лойиҳасини амалга оширишни режалаштиряпмиз. Лойиҳа замонавий ишбилармонлик ва кўнгилочар марказлар, турар жойлар ҳамда мутлақо янги инфратузилмани барпо этишни назарда тутади”, — деди ҳоким ўринбосари.
Унинг айтишича, лойиҳа қиймати 1,5 млрд долларга баҳоланмоқда.
“Уни амалга ошириш ҳисобига тахминан уч йил давомида 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган”, — деди Раҳмонов.
РОХ Гроуп асосчиси Ан Туан Чан учрашувдан кейин компания Ўзбекистонда “йирик, узоқ муддатли ва барқарор инвестиция лойиҳаларини” амалга ошириш ниятида эканини билдирди.
“Биз Ўзбекистонда йирик, узоқ муддатли ва барқарор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилганмиз. Ушбу ташаббуслар Ветнам ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига ҳамда иккала мамлакат ривожланишига ҳисса қўшишига ишонамиз”, — деди у.
Бизнесменнинг сўзларига кўра, РОХ Гроуп мамлакатда учта асосий йўналишни кўриб чиқмоқда.
Биринчиси — кўчмас мулк, жумладан уй-жойлар, тижорат обьектлари, меҳмонхоналар ва индустриал парклар қурилиши. Иккинчиси — энергетика.
“Биз қуёш электр стансиялари ва кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр стансияларини қуриш орқали мамлакатни барқарор энергия манбалари билан таъминламоқчимиз”, — деди Ан Туан Чан.
Учинчи йўналиш молия ва банк хизматлари бўлади. Унинг таъкидлашича, компания ушбу соҳаларда бир қатор лойиҳаларни белгилаб олган.
“Президентга ўз таклиф ва режаларимизни тақдим этганимиздан сўнг, у уларни амалга оширишни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди. Энди бизда амалий босқичга ўтиш имконияти бор”, — деди РОХ Гроуп асосчиси.
Кўчмас мулк соҳасидаги лойиҳаларни нафақат Тошкентнинг Учтепа туманида, балки Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ан Туан Чан, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан Ўзбекистон банк тизимининг жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
2025-йилнинг декабр ойида президент 37 гектар майдонда Учтепа Ситй қуриш режалари ҳақида маълум қилган эди.
Ўшанда лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган. Унда замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар, савдо-кўнгилочар мажмуаси ва апартаментлар қуриш кўзда тутилган эди.

