Ўзбекистон ва яна тўрт давлатда ягона ҚР-тўлов тизими жорий этилиши мумкин
Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки маълум қилди.

Ўзбекистон ва яна тўрт давлатда ягона ҚР-тўлов тизими жорий этилиши мумкин
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон миллий ҚР-тўлов тизимларини ўзаро интеграция қилиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки маълум қилди.
22–23 октябр кунлари Тожикистонда беш давлат марказий банклари вакилларининг тўлов тизимларини ривожлантиришга бағишланган тўртинчи минтақавий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида миллий тўлов платформалари, тезкор пул ўтказмалари, ҚР-код стандартлари, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва масофавий идентификация тизимларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Қозоғистон томони рақамли тенге, биометрик идентификация, очиқ банкинг ва телефон рақами орқали пул ўтказиш имконини берувчи банклараро тўлов тизими бўйича ўз тажрибасини тақдим этди.
Музокаралар якунида иштирокчилар миллий ҚР-тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича Қозоғистон таклифларини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, 2026-йил охирига қадар ушбу тизимларни ўзаро боғлаш механизмини аниқ ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ташаббус амалга оширилса, беш давлат фуқаролари ўзаро сафарлар чоғида ўз банкининг одатий мобил иловаси орқали ҚР-кодни сканерлаб, товар ва хизматлар учун тўлов қилишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасида реал вақт режимида пул юбориш ва қабул қилиш имкониятини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Учрашувда рақамли активларни тартибга солиш, тўлов инфратузилмасини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш, молиявий фирибгарликка қарши курашиш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳозирча тизим ишга туширилмаган. Уни интеграция қилиш механизми 2026-йил охирига қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

