Маҳаллий

Ўзбекистон қурувчилари Сербияда 200 километрлик темирйўл қурилишида иштирок этади

Ўзбекистонлик қурувчилар Сербияда 200 километрлик темирйўл қурилишида қатнашади

Ўзбекистон қурувчилари Сербияда темирйўл инфратузилмасини янгилаш жараёнида, жумладан, 200 километрлик темирйўл участкасини барпо этишда иштирок этади.

Маълум бўлишича, 7-сентябр куни, президент ташрифи олдидан Ўзбекистон—Сербия ҳукуматлараро комиссиясининг илк мажлиси ўтказилган. Учрашувга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Сербия халқаро иқтисодий алоқалар вазири Ненад Попович ҳамраислик қилди. Унда, шунингдек, икки томоннинг тегишли вазирликлари, идоралари ва ҳудудлари вакиллари қатнашди. Кун тартиби бир нечта устувор йўналишни қамраб олди. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, туризм, маданият, академик алмашинув ва меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, савдони янада эркинлаштириш йўлида муҳим қадам қўйилгани билдирилди. Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш юзасидан келишувга эришилди. Бу механизм товар ва хизматларнинг ўзаро етказиб берилишини, савдо тартибларининг соддалаштирилишини ҳамда товар айирбошлаш ҳажмининг ошишини таъминлаши кўзда тутилган.

“Биз бир қатор келишувларга эришдик. Биринчидан, савдога тўғридан тўғри фойда берадиган механизм бу эркин савдо битими бўйича ишларни бошладик. Тез орада битим лойиҳаси бўйича ишларни якунлаб, уни имзолаймиз ва бу орқали Ўзбекистон маҳсулотларига Сербия бозорида жозибадор шароитлар яратилади. Бундан ташқари, биз саноат кооперациядан ҳам алоҳида дастурни қабул қилдик. Бу дастур доирасида биз енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, геология ва металлургия ва ИТ йўналишларида аниқ лойиҳаларни белгилаб олдик”, дейди Лазиз Қудратов.

Вазирнинг айтишича, ўзбекистонлик темирйўлчилар ва қурувчиларнинг Сербияда темирйўл лойиҳаларини амалга оширишдаги иштироки бўйича келишувга эришилган. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ва Сербия томони ҳамкорлигида мамлакат ҳудудидаги темирйўл тармоғини модернизация қилиш, жумладан, 200 километрлик темирйўл участкасини қуриш ишлари режалаштирилмоқда.

“Эртага икки президент учрашувларидан кейин бу бўйича протокол имзоланади. Иккита лойиҳа, иккита маршрут бўйича ҳозир транспорт вазирликлари гаплашяпти ва бу биз учун жуда катта имконият”, дейди инвестициялар, саноат ва савдо вазири.

Лазиз Қудратов ушбу ташаббус Ўзбекистон қурувчиларининг Европа бозорига чиқиши ва қитъада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги дастлабки тарихий қадам бўлиб, келажакда шундай йирик лойиҳаларни давом эттириш учун мустаҳкам асос яратишини таъкидлади.

Маълум қилинишича, йиғилиш якунида саноат шериклигини ривожлантириш бўйича 2028-йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.