Маҳаллий

Ўзбекистон Қуролли Кучлари: тарих, салоҳият ва истиқбол ҳақида

**Ўзбекистон Қуролли Кучлари: Тарих, Салоҳият ва Келажак Истиқболлари**

35 йил – инсон ҳаётида етукликка эришиш, ўтмишга назар ташлаб мулоҳаза юритиш учун етарли муддат. Аммо тарих миқёсида бу жуда қисқа давр. Шунга қарамай, 35 йил ичида йирик давлатлар пайдо бўлиши ёки мавжудлари парчаланиши, ўнлаб, ҳатто юзлаб миллионлар ҳаётига таъсир қилувчи улкан воқеалар содир бўлиши мумкин. Бу давр мобайнида зулм остидаги халқлар озодликка эришиши ёки аксинча ҳолат юз бериши ҳам мумкин.

Ўзбекистон ўз тақдирини ўзи белгилашни бошлаганига ва халқаро майдонда мустақил субьект сифатида ўз ўрнини эгаллаганига 35 йил тўлди. Бу давр мобайнида ёш республиканинг мавжудлигини сақлаб қолишда, чегараларининг дахлсизлигини таъминлашда ва энг муҳими, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёт кечиришида Қуролли Кучларимизнинг хизмати беқиёсдир.

Ушбу мақолада Қуролли Кучларимизнинг тарихи, тузилиши, ҳарбий техникалари, Ўзбекистон мудофаа саноати комплекси ва янги харидлар ҳақида батафсил маълумот берилади.

**Бошланиш Нуқтаси**

Сиёсацҳуносликда давлатнинг учта асосий белгиси сифатида ҳудуд, аҳоли ва суверен ҳокимият саналади. Бироқ, Қуролли Кучларсиз на сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш, на муайян чегаралар ичида мустақил сиёсат юритиш имкони мавжуд эмас. Айнан шу сабабдан Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ миллий ва профессионал армияни ташкил этишга жиддий эътибор қаратди.

1991-йил 6-сентябрда Президент Ислом Каримовнинг фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Шундан сўнг босқичма-босқич унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ташкилий тузилмаси йўлга қўйилди. Ёш республика учун 1992-йил 14-январ тарихий кунга айланди. Айнан шу санадан бошлаб СССР Қуролли Кучларининг Ўзбекистон ҳудудидаги барча ҳарбий қисмлари, ўқ-дори омборлари, машғулот полигонлари ва ўқув юртлари мамлакат тасарруфига ўтказилди. Кейинчалик бу сана Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланадиган бўлди.

Ёш республиканинг Қуролли Кучлари Туркистон ҳарбий округининг моддий-техник базаси асосида ташкил этилди. Бу жараёнда, айниқса, Афғонистонда жанг қилган 40-армия муҳим рол ўйнади. Гап шундаки, советлар Афғонистонга бостириб кириш учун Туркистон ва Ўрта Осиё ҳарбий округларидан қўшин ва ҳарбий техникалар олиб, ушбу тузилмани шакллантирган эди. Қизил Армия Афғонистондан олиб чиқилгач, кўп сонли ҳарбий автомобиллар, танклар, артиллерия тизимлари, жанговар бортлар ва бошқалар Ўзбекистон ҳудудида қолди. Кейинчалик миллий армиямиз айнан шу 40-армиянинг моддий-техник базаси асосида қурилди.

Бироқ Москва бундай қимматли активлардан осонликча воз кечишни истамасди. Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов СССР Қуруқликдаги қўшинлари Бош қўмондони Владимир Семёнов билан бўлган воқеани шундай эслайди:

"Бу ерга Семёнов деган одам келди. У қуруқликдаги қўшинлар бош қўмондони эди. Семёнов менга Фарғонадаги бир юз бешинчи ҳаво десант дивизиясининг тақдирини ҳал қилиш учун келганини айтди. Мен унга “Сиз нима қилмоқчисиз? Олиб чиқиб кетиш ниятидамисз? Улар нима, стратегик кучларми?", дедим.

У менга қараб, "Нима, ўзбеклар парашютдан сакрай оладими?" деб сўради. "Аллақа­чон сакрашяпти. Уларни олиб чиқиб кетмоқчимисиз? Мен рухсат бермайман. Ҳудудда махсус ички қўшинлар бор, уч ярим минг киши. Улар йўлингизни тўсиб қўяди. Қолаверса, офицерларнинг ўзи хизмат қилишни хоҳламайди. Россия бу СССР эмас, Совет Иттифоқи эмас. Бу энди бутунлай бошқа давлат." У "Нима, жанг билан чиқиб кетамизми?" деб сўради. Мен эса айтдим: “Ҳаракат қилиб кўринг”.

Қизил империянинг парчаланиши Югославияга қараганда анча тинчроқ кечди. Шу боис Ўзбекистон йирик қуролли можаро домига тортилмади. Бироқ мамлакатнинг ўз муаммолари бор эди. Бу қўшни мамлакатда юз берган фуқаролар уруши, террорчи гуруҳларнинг вазиятни издан чиқаришга бўлган уринишлари билан боғлиқ эди.

Мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучлари юзлашган дастлабки йирик синовлардан бири 1992-йилда Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши эди. Ўзбекистон қўшни давлатда юз бераётган воқеаларни жим кузата олмасди, чунки вазият издан чиқса, бу ёш мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид соларди. Шу боис Тошкент можарога фаол аралаша бошлади. Президент Каримовнинг буйруғи билан Имомали Раҳмон назоратидаги кучлар фаол қўллаб-қувватланди. Баъзи манбаларга кўра, Ўзбекистон қурол-яроғ етказиб бериш ва логистик ёрдам билан чекланмай, ҳал қилувчи операцияларда ўз махсус кучлари билан қатнашган. Мамлакат ҳарбий авиацияси эса мухолифат лагерларига зарба берган.

Иккинчи жиддий синов 1999-йилга тўғри келди. Ўшанда жангарилар Тожикистон орқали Қирғизистоннинг Боткен вилоятига кириб келди. Улар айрим аҳоли пунктларини эгаллаб, одамларни гаровга олди. Қирғизистон тинч аҳолини озод қилиш ва террорчиларни ўз ҳудудидан сиқиб чиқариш учун жанговар тажрибага эга қўшнисидан ёрдам сўради. Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва махсус кучлари Қирғизистон ҳамда Тожикистонда, шунингдек улар билан чегарадош ҳудудларда операциялар олиб борди. Бу орқали жангарилар Фарғона водийсига кириб келишининг олди олинди. Аммо энг жиддий имтиҳон ҳали олдинда эди.

**“Тор-мор қилиш операцияси”**

Қирғизистон орқали Ўзбекистонга кира олмаган жангарилар бу сафар Тожикистон орқали уриниб кўрмоқчи бўлди. Улар 2000-йил июл ойида Саросиё ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларига кириб келди. Шундан сўнг Ўзбекистон куч тузилмалари ҳамкорлигида террорчиларга қарши кенг кўламли операция бошлади. Бу ҳаводан ва қуруқликдан баравар амалга оширилган, юқори даражада мувофиқлаштирилган йирик операция эди.

*Фото: Сариосиё воқеаларидан*

Бироқ миссия осон кечмади. Жангарилар тоғли рельефдан фойдаланиб, яширинишга ва пистирмалар қўйишга муваффақ бўлди. Ҳудудни террорчи унсурлардан бутунлай тозалаш бир ойдан кўпроқ вақт олди. Афсуски, ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида жон берган ўғлонлар ҳам йўқ эмасди.

Тожикистондаги фуқаролар уруши, Боткен воқеалари, Сурхондарёга бостириб кирган жангариларга қарши амалиёт ва бошқа катта-кичик хуружлар — буларнинг бари Ўзбекистон Қуролли Кучларига қимматли тажриба ва ўзига бўлган ишонч берди. Айни шу куч-қудрат ва сиёсий ирода сабаб Ўзбекистон 11-сентябр воқеаларига қадар Марказий Осиёда тинчликнинг асосий кафолати бўлиб келди. Бошқача айтганда, минтақа хавфсизлик архитектураси Тошкент атрофида қурилганди. Мамлакат нафақат ўз сарҳадларини, балки қўшни мамлакатларни ҳам ишончли ҳимоя қилди. Террорчилар хуружларини бостириб, тартибсизлик кенг ёйилишининг олдини олди. АҚШ Афғонистонга қўшин киритган сўнг ҳам ўзини четга тортмади, балки халқаро коалицияни билвосита қўллаб-қувватлади.

**Бизда нималар бор?**

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан иборат мураккаб институт ҳисобланади. Мудофаа вазирлиги ҳамда Бош штаб қуруқлик кучлари, Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) қўшинларини тасарруф қилади. Улар тўртта ҳарбий округга ажратилган ҳолда бошқарилади. Округларнинг бош штаб квартиралари Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қарши ва Нукус шаҳарларида жойлашган. Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмалари ҳам Қуролли Кучларнинг бир қисми ҳисобланади. Уларнинг барчасига фақат бир киши — Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони, яъни президент бирдек буйруқ бера олади.

*Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳарбий саноат ютуқлари билан танишмоқда. Фото: president.uz*

Бироқ аввал таъкидланганидек, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ядросини Қизил Армиядан қолган моддий-техник база ташкил этади. Қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар рўйхати анча кенг бўлиб, унинг ичидан минглаб номларни топиш мумкин. Келинг, ҳарбий ҳаво кучларидан бошласак. Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидан ўз ҳаво сарҳадларини Су-27 ва МиГ-29 қирувчилари билан муҳофаза қилиб келади. Тузилма бундан ташқари, Су-24 бомбардимончилари ҳамда Су-25 ҳужумчи самолётларини ҳам ўз инвентарига қабул қилиб олган. Аммо Су-24 ҳамда Су-27 самолётлари анчадан буён мудофаа вазирлиги ҳамда давлат телевидениеси лавҳаларида кўринмай қолди. Шундан келиб чиқиб, улар узоқ муддатли сақловга юборилганини тахмин қилиш мумкин.

МиГ-29 қирувчиларига келсак, улар ҳануз фаол ва мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилмоқда. Бироқ ўтган асрда хизматга кирган бу “пўлат лочинлар” ўз парвоз ресурсининг катта қисмини ишлатиб бўлди. Шу боис Ўзбекистон қирувчилар паркини замонавий учоқлар билан янгилашга бел боғлаган. Бу учун Хитойнинг Ж-10СЕ самолётлари танлаб олинган.

*Фото: Ўзбекистоннинг Ж-10СЕ қирувчиси*

Улар ҳозир том маънода Хитой ҳарбий саноат комплексининг ташриф қоғозига айланган. Нисбатан арзон нарх, эксплуатация харажатларнинг озлиги, кенг спектрдаги қурол-яроғларни қўллаш имконияти, замонавий электрон уруш тизимлари, илғор радарлар ва юқори аеродинамик имкониятлар ишлаб чиқарувчига катта шуҳрат олиб келган. Мутахассисларга кўра, қирувчи 4+ авлодига мансуб. Яъни у биргина миссияда турли вазифаларни бажара оладиган универсал платформа ҳисобланади. Қолаверса, замонавий авионика, хусусан АЕСА радларига эга. Агар стелс хусусиятини ҳисобга олмаса, у бешинчи авлод самолётларидан катта фарқ қилмайди.

Энг муҳими, Ж-10СЕ бир вақтнинг ўзида ҳам МиГ-29, ҳам Су-25 самолётларининг ўрнини боса олади. Бироқ Ўзбекистон уларнинг иккинчисини яқин орада нафақага чиқариш ниятида эмас. Буни Чирчиқ шаҳрида олиб борилаётган кенг кўламли модернизация дастури тасдиқлайди. Гап ҳужумчи самолётнинг ҳам қўлларини, ҳам умрини узайтириш ҳақида бормоқда.

*Фото: Ўзбекистоннинг Су-25 ҳужумчи самолёти*

Су-25 самолётлари қуруқлик кучларини яқин масофадан қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилган. Жанговар борт ўзининг зирҳланган кабинаси, 30 мм калибрли автоматик тўпи ҳамда қарийб 5 тонна фойдали юк кўтариш имконияти билан машҳур. Шу боис авиация ишқибозлари уни “қанотли танк” деб атайди. Бироқ Стингер каби кўчма ҳаво мудофаа тизимлари сабаб Су-25 ҳарбий ҳаракатлардаги аҳамияти тушиб кетди. Ушбу моделдаги самолётларнинг энг йирик операторларидан бири сифатида Ўзбекистон жараённи жимгина кузата олмасди. Шундан сўнг қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Су-25 самолётларининг юзаки модернизацияси билан чекланишни хоҳламади. Шу боис корпусни бўяш ёхуд механизмларни мойлаш эмас, балки тўлақонли янгиланиш дастури йўлга қўйилди. Соддароқ айтганда, эски самолётдан фақат платформа қолди. Жараёнда замонавий навигация тизимлари, борт компютери, тунги шароитда ҳам миссия бажариш учун оптик мосламалар, нишонга олиш ва электрон ҳимоя тизимлари ўрнатилди. Шундай қилиб, Су-25 жабҳа чизиғига келмай, юқори аниқликдаги ўқ-дориларни масофадан ишга туширадиган замонавий самолётга айланди. Синовларнинг бирида у мана шундай авиабомба билан 4 км узоқликдаги нишонга, энг муҳими, юқори аниқликда зарба берди.

Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларининг вертолётлар парки ҳам анча кенг. Рўйхатда Ми-24, Ми-35 ҳужумкор вертолётларини ҳамда Ми-8 ва Ми-171 транспорт вертолётларини топиш мумкин. Мамлакат, бундан ташқари, Аирбус компаниясидан Ҳ125М ва Ҳ225М кўп мақсадли тикучарларини ҳам харид қилган.

**Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари**

Ҳарбий авиация сарҳадлар мудофаасини таъминлашда муҳим актив ҳисобланса-да, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ўрни беқиёс ҳисобланади. Очиқ манбаларга кўра, Ўзбекистон Қизил Армиядан Оса, Шилка ва С-125 каби тизимларни қабул қилиб олган. Мустақиллик йилларида улар модернизациядан ўтказилган. Шунингдек, янги харидлар ҳам амалга оширилган. Хитойдан сотиб олинган ФД-2000 зенит-ракета комплекси бунга яққол мисол. У Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган С-300 тизимининг муқобили бўлиб, деярли барча турдаги ҳаво таҳдидларини зарарсизлантиришга мўлжалланган.

Бироқ таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Турли радиусларда ишлашга мўлжалланган зенит-ракета комплекслари харид қилинди. Натижада Ўзбекистонда эшелонлаштирилган ҳаво мудофаа тизими ташкил этилди. Соддароқ айтганда, бу мамлакат ҳаво сарҳадларини бузиб кирган дрон ёхуд самолёт бир неча қатламли ҳимоя тизимларига дуч келишини англатади.

Одатда бундай ҳалқалардан тўртта бўлади. Ўзбекистонда ҳаво мудофаасининг дастлабки чизиғини ҚВ-18 кўчма ракета тизимлари, ЗСУ-23-2 ва ЗСУ-23-4 зенит қуроллари ташкил этади. Кейинги ҳалқани эса Хитойдан сотиб олинган ФМ-90 ва Россия-Беларус ҳамкорлигидаги Печора-2М зенит-ракета тизимлари ҳимоя қилади. Учинчи ҳалқага келсак, унинг асосини Хитойдан сотиб олинган Каишан тизимлари ташкил этади. Ўзбекистон ихтиёридаги энг қудратли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бироз олдин тўхтаб ўтилган ФД-2000 ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг эшелонлаштирилган ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ҳақида мана шу ерда ўқишингиз мумкин.

**Қуруқлик қўшинлари**

Ўзбекистон 40-армиядан қолган минглаб танклар, пиёда жанговар машиналари, зирҳли транспорт воситалари, артиллерия тизимлари ва бошқа техникаларни ўз арсеналига муваффақиятли тарзда интеграция қилди. Мамлакат уларни шунчаки ўз тасарруфига олиш билан чекланмасдан қатор модернизация дастурларини амалга оширди. Бундан ташқари, уларни қўллаш бўйича тактик усуллар ҳам мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Қуруқлик кучлари сафида учувчисиз учиш тизимларининг оммалашгани бунга кўплаб мисоллардан биридир.

Қуруқлик кучлари арсеналини замонавий тизимлар билан бойитиш устувор масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Глобал Фире Повер индексига кўра, мамлакат ихтиёрида 470 та танк, 8 мингдан ортиқ зирҳли транспорт воситаси, 177 та ўзиюрар артиллерия тизимлари бор. Аммо жиддий нашрлар ва профессионал доиралар бу индексга суянмайди. Боиси портал Қўшма Штатларда истиқомат қилувчи ҳаваскор блогер томонидан юритилади. Табиийки, блогернинг ўз сайтида эълон қилган маълумотлари ва асл ҳолат ўртасида катта фарқлар бўлади. Боиси мамлакатлар ўз ҳарбий ҳолати, хусусан арсенали ҳақида ортиқча маълумот беришдан ўзини тияди.

**Миллий мудофаа саноати**

Тарихчи олимларнинг ёзишича, ўтган асрнинг биринчи ярмида мустамлака зулмига қарши курашган Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ва Иброҳим Лақай каби машҳур қўрбошилар қуролсозлик заводлари фаолиятини йўлга қўйишган. Улар буни муттасил таъқиб, изоляция ва етишмовчиликка қарамай, мустақил равишда амалга оширишган. Ўз эҳтиёжлари учун милтиқлар, ҳатто кичик калибрли замбараклар ишлаб чиқаришган. Бироқ афсуски, қўрбошилар ўзлари бошлаган ишни охирига етказа олишмади. Аммо мустақиллик, тинчлик ва ошиб бораётган иқтисодий қудрат бир вақтлар миллат қаҳрамонлари учун ширин орзу бўлган ишларни амалга ошириш имконини беради.

Ўзбекистонда қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техникалар, шунингдек икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва модернизациядан ўтказиш билан Мудофаа саноати агентлиги шуғулланади. У худди шу йўналишда фаолият кўрсатувчи давлат ҳамда хусусий корхоналарни бирлаштирган тизимдир. Тармоқ таркибидаги ишлаб чиқарувчилар сони ортиб боряпти, каталог эса кенгаймоқда. Ўзбекистон ўз ҳарбий саноат комплексини илк бор 2025-йил феврал ойида халқаро ҳамжамиятга кўз-кўз қилди. Ўшанда бир неча ишлаб чиқарувчилар мамлакат номидан Абу Даби шаҳрида ўтган ИДЕХ-2025 кўргазмасида қатнашди.

Дунёнинг энг йирик мудофаа технологиялари кўргазмаси Ўзбекистон павилёнининг ҳам пайдо бўлиши халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмади. Ҳарбий соҳага ихтисослашган нуфузли нашрлардан бири Дефенсе Блог ўшанда Арслон 8х8, Арслон 6х6 зирҳли транспорт воситалари ҳамда Тўфон ўзиюрар гаубицалари ҳақида материал тайёрлаб, шундай ёзганди:

"Ўзбекистон ўзининг ички мудофаа саноатини ривожлантиришда катта ютуқларга эришди ва энди ўзининг энг сўнгги таклифлари билан глобал қурол бозорига кирмоқда."

Ўзининг таҳлилий материаллари билан танилган Армй Ресогнитион медиа-портали эса Ўзбекистон маҳаллий мудофаа саноатини ривожлантириш орқали бир вақтнинг ўзида ҳам совет меросидан босқичма-босқич воз кечаётганини, ҳам ташқи таъминотчиларга боғлиқликни камайтираётганини таъкидлаган.

“Абу Дабида ўтказилган ИДЕХ-2025 кўргазмаси Ўзбекистон учун ўзининг тобора ривожланиб бораётган мудофаа саноатини намойиш этишда муҳим майдон вазифасини бажарди. Хусусан, Арслон 6×6 зирҳли транспорт воситаси мамлакатнинг ҳарбий технологиялар борасидаги ютуқларидан бири сифатида ажралиб туради.

“Арслон” оиласи мустаҳкам ҳимоя, илғор қурол-яроғ тизимлари ва юқори ҳаракатчанлик кабиларни ўзида мужассам этган. Бу Ўзбекистон Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва уни НАТО стандартларига мослаштириш йўлида муҳим қадамдир”, дея ёзганди нашр.

Ўзбекистон мана шундай йирик халқаро тадбирларнинг доимий иштирокчиси сифатида 2026-йил феврал ойида Ар Риёд шаҳрида ўтган Волд Дефенсе Шов кўргазмасида ҳам қатнашди. Ўшанда Ўзбекистон номидан учта ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини намойиш этди. Юзга яқин турдаги ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган Инновация технологиялари маркази ҳамда электрон уруш тизимлари йўналишида фаолият кўрсатадиган ЭАС компанияси ўзининг янги ҳамкорларини топди. Эътиборлиси, бу учувчисиз учиш тизимлари ишлаб чиқарадиган Саҳро компанияси учун дебют чиқиш бўлди.

Орадан бир неча ой ўтиб яна бир йирик халқаро кўргазмада дебют амалга оширилди. Мудофаа саноати агентлиги тизими Франсия пойтахтида ўтган Эуросаторй 2026 халқаро кўргазмасида илк бор қатнашди. Бу жаҳоннинг энг йирик қуролсозлари жамланган кўргазмада Ўзбекистон ҳарбий саноат комплексининг ютуқларини намойиш этиш, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш имконини берди.

Бугун Ўзбекистон 32 тонна оғирликдаги баҳайбат зирҳли техникадан тортиб, кичик калибрли ўқ-дориларга қадар мустақил ишлаб чиқармоқда. Ўз Қуролли Кучларини деярли барча турдаги дронлар ҳамда уларга қарши электрон уруш тизимлари билан таъминлаб келмоқда. Энг муҳими, ишлаб чиқариш қуввати ортиб, маҳсулотлар каталоги эса кенгайиб боряпти. Хомашёшга ишлов беришдан тайёр маҳсулотга қадар тўлиқ занжир йўлга қўйилмоқда. Бу хорижга боғлиқликни камайтириш, ташқи таъминотчиларга кетадиган маблағларни мамлакат ичида қолдириш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш имконини беради.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарих учун қисқа, аммо машаққатли йўлни босиб ўтди. Турли бўҳронлар, хуружлар ва зиддиятлардан муносиб чиқиб, мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолди. Миллий манфаатларни илгари суришда тенгсиз рол ўйнади. Айни шу кунларда ҳам номаълум дрон ёхуд самолёт ярим тунда ширин уйқумизни бузишига йўл қўймаслик учун сон-саноқсиз инсонлар хизмат қиляпти. Уларни ва бутун халқимизни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклаймиз. Мустақиллик муборак бўлсин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.