Ўзбекистон президенти БМТ Бош котиби билан учрашди
Антониу Гутерриш давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик,

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекда бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.
Учрашув аввалида БМТ Бош котиби Ўзбекистон раҳбари ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилади.
Музокаралар чоғида БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Мирзиёев Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади ва Бош котибнинг ташкилот тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Томонлар фаол мулоқот, ўзаро ташрифлар ва Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органлари фаолиятидаги иштироки кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилингани таъкидланди.
Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги катта ютуқларини олқишлади ва бу борадаги ҳамкорликни янада фаол давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, келгуси қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

