“Ўзбекистон мустақиллиги Буюк Британия учун муҳим”. Элчи Тимоти Смарт — ислоҳотлар, ҳамкорлик ва минтақа хавфсизлиги ҳақида
Ўзбекистондаги миссиясини якунлаётган Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт ўз фаолияти сарҳисоби ва ўзаро муносабатлар ривожи ҳақида сўз юритди. У Газета билан суҳбатда Ўзбекистон мустақиллиги Лондон учун нега муҳим экани, Буюк Британиянинг МО мамлакатлари билан ҳамкорлик истиқболларига тўхталди.

“Ўзбекистон мустақиллиги Буюк Британия учун муҳим”. Элчи Тимоти Смарт — ислоҳотлар, ҳамкорлик ва минтақа хавфсизлиги ҳақида
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт Тошкентдаги миссиясини якунламоқда. У 2023-йилдан 2026-йилгача қирол зоти олийларининг элчиси сифатида фаолият юритди. Кетиш арафасида, ушбу лавозимдаги сўнгги интервюсида у Газетаъга савдо, инвестициялар, таълим ва хавфсизлик соҳаларида қандай ўзгаришлар бўлгани, Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги Буюк Британия учун нега муҳимлиги ҳамда Марказий Осиё билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапириб берди.
— Мен Ўзбекистонга келганимдан сўнг, асосий эътиборни Ўзбекистон ва ўз мамлакатим ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратдим: савдо ва инвестициялар, шунингдек, хавфсизлик соҳаси ва одамлар ўртасидаги муносабатларда қандай юксалишга эришиш мумкин? Буларнинг барчаси аввалги элчилар — Тим Торлоу, Крис Аллан ва улардан олдин бу ерда ишлаганларнинг барчаси — яратиб кетган пойдеворга таянган эди. Сизнинг улкан тарихингиз ва маданиятингизни инобатга олган ҳолда, муносабатларимиздаги ва умуман минтақадаги ҳақиқий имкониятлар ҳамда туб ўзгаришлар 2016-йилдан кейин юз берганини англадик.
Мен 2023-йилда лавозимга келганимда, ўша пайтга келиб СОВИД-19 пандемиясидан эндигина чиқиб келаётган эдик, Қобулдаги ҳукумат қулаши ҳам, Россиянинг Украинага босқини ҳам содир бўлиб улгурган эди. Яъни, геосиёсий вазият аллақачон янада мураккаблашган эди.
Тошкентга келишимдан бир ой олдин, Буюк Британиянинг ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Буюк Британияда бўлиб ўтган учрашувида қатнашдим. Уларнинг илк бор юзма-юз кўришганини эслайман, бу жуда ажойиб лаҳза эди — улар бир-бирларини маҳкам қучоқлаб саломлашишди. Ўшанда чинакам самимият ва илиқ кутиб олишни дарҳол ҳис қилдим.
Сизнинг ислоҳотлар дастурингиз ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли ва биз кўмагимиз чинакам фойда бера оладиган соҳаларда сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Мамлакатингиз, жумладан, чегарангиздан жанубда жойлашган Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олсак, мураккаб минтақада жойлашганини тушунамиз. Шунингдек, сиз ўз мамлакатингизнинг геосиёсий ҳолатини биздан яхшироқ англайсиз, буни тан оламиз. Тўғри, биз сизни Украинадаги урушни тўхтатишда ёрдам бериш учун бор имкониятингизни ишга солишга ундаймиз, лекин бу сиз учун нақадар нозик масала эканини ҳам тушунамиз. Шундай экан, аввало, сиздан эшитмоқчимиз: биз қандай ёрдам бера оламиз? Ислоҳотлар дастурингизни, ҳудудий яхлитлигингиз ва мустақиллигингизни қандай қўллаб-қувватлай оламиз?
Ва мен эшитганманки, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашган ҳар бир британиялик вазир, ҳар бир ташқи ишлар вазири ва бошқалар учрашувни айнан шу сўзлар билан бошлайди: “Биз бу ерга ҳамкор ва дўст сифатида келдик, қандай ёрдам бера оламиз?” Сизга ёрдам бериш бизнинг умумий манфаатларимизга мос келади. Бутун миссиям давомида шу нарса менга йўлчи юлдуз бўлди.
— Дипломатияни баъзан КПИ ёки индекслар билан ўлчаш қийин. Кўпинча ишимизнинг асосий натижаси олди олинган урушлар ва сақлаб қолинган ҳаётлар бўлади. Лекин Ўзбекистон мисолида буни ўлчаш мумкин.
Мен бу ерга келганимда ўзаро савдо айланмаси 275 млн фунтни ташкил этарди. Сўнгги кўрсаткич, 2026-йил июл ойи якунига кўра, 1,3 млрд фунтга, 2025-йил давомидаги ҳажм эса 2,1 млрд фунтга етди. Бунинг асосий қисми Буюк Британия томонидан олтин хариди ҳиссасига тўғри келади. Шунга қарамай, товар айланмаси ҳажми бир неча баробар ошди.
Фикр етакчилари, вазирлар ва Президент администрацияси вакиллари билан суҳбатларда мен бир хил асосий фикрни қайта-қайта эшитаман: Ўзбекистонда ҳар йили миллионга яқин бола туғилади, денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат эса савдони кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишга айниқса муҳтож. Бугун Ўзбекистон замонавий, ислоҳ қилинган бозор иқтисодиётига ўтмоқда. Бундай трансформация вақт талаб этади. Шу билан бирга, мамлакат барча йўналишларда: шимол, жануб, шарқ ва ғарбга савдо алоқаларини ривожлантиришга интилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун унга ишончли ҳамкорлар керак. Ўзбекистонга Хитойдан, Кўрфаз мамлакатларидан инвестиция оқими кириб келмоқда, анъанавий ҳамкорлар ҳам бу ерга сармоя киритмоқда.
Мен ўзимга шундай саволларни бераман: ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун нима зарур? Барқарорликни нима таъминлайди? Инвестицияларни нима жалб қилади? Британия ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун нима таклиф қила олади? Шубҳасиз, бу Лондондаги капитал бозорларидан фойдаланиш имкониятидир. Лондон фонд биржаси, қарз ва аксиядорлик капитали, хусусий молиялаштириш, исломий молиялаштириш — буларнинг барчаси биз ёрдам бера оладиган соҳалардир. Буни менга кўп айтишади. Ва биз ёрдам беряпмиз. Жумладан, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (УзНИФ) активларининг жойлаштирилишида кўмаклашдик. Ҳукумат яқин бир неча йил ичида бошқа давлат активларини ҳам жойлаштиришни режалаштирмоқда. Биз бу тарихнинг бир қисми сифатида сиз билан бирга бўлишни истаймиз.
— Девид Кемерон ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири сифатида Ўзбекистонга келганида жуда аниқ ва ҳақ гапни айтган эди: сизнинг демократиянгизга атиги 8 йил, бугунга келиб эса 10 йил бўлди. Бизда аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши учун 300 йилдан ортиқ вақт кетган. Сиз эса қанча йўл босиб ўтганингизга бир қаранг.
Мен имконим даражасида қўллаб-қувватлаган йўналишлардан бири шуки, менинг бу ерга келишимдан бироз аввалроқ ёки деярли ўша пайтларда президент Дубай ва Остонадаги мавжуд намуналар асосида, бироқ айнан Ўзбекистонга мослаштирилган халқаро тижорат судини ташкил этиш ниятини эълон қилган эди. Чунки бу тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.
Яқинда бундай суднинг ташкил этилиши эълон қилинди ва афтидан, бу ҳақиқатан ҳам мустақил суд бўлади. Бу арбитражни фақат Лондонда, Ню-Ёркда, Форс кўрфази мамлакатларида ёки Остонада ўтказиш шарт эмаслигини англатади — бизнес энди бу ерга ҳам кириб келади. Бу эса менинг ворисларимга асосий вазифалардан бири — Ўзбекистонга инвестицияларни жалб этиш вазифасини амалга оширишда ёрдам беради.
Мен бу ерга келганимда, Ўзбекистон ҳақида биладиган Британия компаниялари жуда оз эди, бугун эса анча кўп. Улар сизнинг ЖСТга аъзо бўлиш арафасида турганингизни эшитганда, ислоҳотлар дастури ҳақида билиб олганда ёки ЯИМнинг 7 фоиздан ортиқ ўсаётганини кўрганда, шундай савол ҳам беришади:
“Мен учун нотаниш бўлган бу бозорда қандай кафолатлар бор?”
Мустақил тижорат суди айнан шу саволга жавоб бўлиб, инвесторларни жалб этади ва улар ўзлари учун янги бозорда ўзларини анча ишончли ҳис қилади.
Албатта, ривожланиш секинроқ кечаётган соҳалар ҳам бор, бироқ бунинг сабаблари тушунарли ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари бу жараённи тезлаштира олишига ишончим комил эмас. Сиз гендер зўравонлигига оид қонунчиликда салмоқли ютуқларга эришдингиз. Бироқ давлат томонидан қилинаётган барча саъй-ҳаракатлардан ташқари, жамиятда улкан маданий ўзгариш ҳам юз бериши керак.
Маданиятларимизда аёл бўлиш қандай эканини тушуниш — бугунги кунда дунёдаги жуда кам эркаклар бош қотирадиган масала. Ҳаётимизда ва жамиятимизда аёллар эркаклар томонидан кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва тушунишга муҳтож. Мамлакатларимизда аёллар иқтисодий ўсишнинг фаол иштирокчилари — тадбиркор аёллар, элчилар бўла олмас экан, биз ищи кучининг 50 фоизини йўқотамиз. Барқарор иқтисодий ўсиш учун барчамиз аёлларнинг тўлиқ жалб этилишига эришишимиз лозим.
Маданий жиҳатдан Ўзбекистоннинг ислом анъаналарини очиқлик, замонавийлик ва ўзининг кўп қатламли тарихий меросига ҳурмат билан уйғунлаштиргани мени айниқса ҳайратга солди.
Бунга Тошкентдаги янги Ислом сивилизацияси маркази яққол мисол бўла олади. У ерда мамлакат тарихининг зардуштийлик, буддавийлик ва Бақтрия подшолиги каби барча қатламлари ҳақида сўз юритилади ва айни вақтда бизни бирлаштирувчи қадриятлар: билимга интилиш, илм-фанга муҳаббат ва башарият бирлиги алоҳида таъкидланади. Бу ғоялар, айниқса, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино ва ал-Хоразмий меросида ёрқин мужассамлашган.
Ўйлайманки, бу бутун минтақа учун чинакам илҳомлантирувчи андозадир. Жанубингизда содир бўлаётган воқеалар фонида сиз очиқ, инклюзив ва замонавий ислом жамиятини намоён этмоқдасиз. Шу маънода Ўзбекистон минтақа учун ҳақиқий йўлчи юлдузга айланиши мумкин ва мен буни юксак қадрлайман.
— Ўшандан буён алоқаларимиз мунтазамлашди; вазирлар ташрифлари давом этмоқда. Мен кетганимдан кейин ҳам икки-учта вазирнинг ташрифи режалаштирилган. Президент администрацияси раҳбари Буюк Британияда икки маротаба бўлди. Президент ва Буюк Британиянинг аввалги бош вазири Доҳа ҳамда Бокуда учрашдилар. Феврал ойида Лондонда “Марказий Осиё + Буюк Британия” форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Айрим учрашувларнинг кечикиши ташқи ишлар вазирларимизнинг доимий ўзгариб тургани билан боғлиқ эди.
Ҳар сафар янги ташқи ишлар вазири ёки янги бош вазир иш бошлаганида, биз уларга Ўзбекистон ва Марказий Осиё нақадар муҳим эканини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Девид Кемеронгача Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бу ерга 1990-йилларнинг охиридаги Малколм Рифкинд давридан бери келмаганди. Ҳозир эса вазирларимиз мунтазам учрашиб турибди. Вазир Саидов Жеймс Клеверли, Девид Лемми, Иветт Купер билан учрашди ва ишончим комилки, яқин орада жаноб Милибенд билан ҳам учрашади. Билишимча, улар аллақачон ўзаро ёзишмалар олиб бормоқда. Вазирлар ҳар икки томонга ҳам сафар қилмоқда: вазир Қудратов ўтган йили Лондонда Иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ҳаракатлар режасини ҳамда муҳим минераллар бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Тошкентга савдо элчиси лорд Олдердайс ташриф буюрди, унинг президент билан ажойиб учрашуви бўлиб ўтди ва у бу ерда бир ҳафта қолди. Тошкент халқаро инвестиция форумига инвестициялар бўйича вазир лорд Жейсон Стоквуд келди. Унинг ташрифи етарлича рамзий маънога эга эди.
2024-йилнинг май ойида мен учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашдим ва турли мамлакатлардан келган жуда кўп делегатларни кўрдим. Мен шундай ўйладим: дунё Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан учрашиш учун айнан шу ерга келяпти, биз яхшироқ ишлашимиз керак, бизга анча сезиларлироқ Британия иштироки зарур.
Ўзбекистондаги савдо бўйича директоримиз Лори Мурхед, сўнгра унинг вориси Николас билан биргаликда 2025-йилда Британия бизнесининг 60 га яқин вакилини жалб қилган эдик. Бу йилги делегацияга эса Лорд Стоквуд бощилик қилди. Стандард Чартеред Банк бош директори, Лондон фонд биржаси ва УК Эхпорт Финансе раҳбарлари ҳамда 250 нафар британиялик иштирокчи ташриф буюрди. Яъни, Британиянинг Ўзбекистонга ягона таклифи бор эди: давлат, бизнес, молия.
Фото: президент матбуот хизмати.
Инвестиция форумининг ўзида бир нечта сессия ўтказдик, президент, Президент администрацияси раҳбари ва бош вазир ўринбосарлари — Қўчқоров, Хўжаев ва бошқалар билан ажойиб учрашув бўлиб ўтди. Аввалгидан анча кўп битимлар имзоланди, биргаликда ишлаш истаги ҳам ортди. Биз президент билан кузда бош вазир ўринбосари Хўжаев бощилигидаги Ўзбекистон делегацияси кейинги босқичга ўтиш ҳамда янги лойиҳалар ва йўл хариталарини келишиб олиш — биргаликда яна нималар қила олишимизни англаш учун — Буюк Британияга ташриф буюриши ҳақида келишиб олдик.
— Мен учун бу масалада ҳеч қандай чегара йўқ. 2015-йилдаги Ўзбекистонга оид халқаро кун тартибига назар ташласак, ўшанда инсон ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор қаратилган эди — назаримда, ҳақли равишда — ва аксилтеррор амалиётлари бўйича келишувларни имзолашнинг иложи йўқ эди. Энди эса биз бир-биримиз билан ишлаяпмиз, бир-биримизни таниймиз. Сиз биз ҳақимизда ёки биз сиз ҳақингизда хавотирланишимиз мумкин бўлган барча масалаларни ўтириб гаплашиб олдик ва ўзаро ишончни йўлга қўйдик.
Биз, хусусан, Бош прокуратура билан ҳамкорлик қиляпмиз, жумладан, малака ошириш борасида. Икки томон хавфсизлик хизматлари анча яқинроқ ишлаяпти. Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Илгари эса, тушунишимча, бизга фақат инглиз тилидан дарс беришга рухсат этилган, холос. Энди эса: нима билан шуғулланмоқчисиз? Дронлар ҳақида гаплашишни хоҳлайсизми? Тоғдаги жанг тактикаси ҳақида гаплашишни истайсизми? Энди биз бу ва бошқа масалалар устида биргаликда ишлай оламиз. Ўзбекистон Буюк Британиядаги Самбриан Патрол машғулотларида ажойиб натижаларни қайд этмоқда, ҳарбийларингиз у ерга иштирок этиш учун боради; улар зўр атлетлар ва ҳақиқий профессионаллар. Бироқ бугунги кунда муносабатларимиз ушбу машғулотлардан анча кенгроқ.
Бизнинг ҳамкорликдаги фаолиятимизда мутлақо муаммо йўқ. Биз ўз тизимимиз ҳақида қўлимиздан келган барча маълумотни сизга тақдим этдик, сиз ҳам ўз тизимингиз бўйича қўлингиздан келганича маълумот бердингиз ва орамизда улкан ишонч мавжуд. Бу муносабатлар ҳақиқатан ҳам жуда мустаҳкам. Мен бот-бот такрорлайман, исталган одам ноутбукимни бемалол текшириши мумкин — у ерда сизнинг мустақиллигингиз ва ҳудудий яхлитлигингизга дахл қиладиган ҳеч нарса йўқ. Хўш, нега Британия элчиси Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги ҳақида бунчалик қайғуради? Бунга соф прагматик нуқтаи назардан қараш мумкин: бизга йирик давлатларнинг ўз таъсир доирасини кенгайтириб, бошқаларнинг заифлигидан фойдаланиши ёқмайди.
Чегараларингиз келгуси ўн йилликлар давомида хавфсиз бўлиши учун биргаликда ишлаяпмиз. Ва сизнинг хавфсизлигингиз — бизнинг ҳам хавфсизлигимиз.
— Сизнинг мустақиллигингиз Буюк Британия учун муҳим. Агар бирор йирик давлат бу минтақанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилмасликка қарор қилса, бу масала сизга қанчалик тааллуқли бўлса, бизга ҳам шунчалик тааллуқли.
Ва биз — хоҳ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги мақомимиз орқали, хоҳ бугун йўлга қўяётган иқтисодий ўсиш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз орқали — сиз энг яхши ҳолатда бўлишингиз, мустақиллигингизни ҳеч ким, ҳеч қачон қайта тортиб ололмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Чунки бу қоидаларга асосланган халқаро тизим ҳаддан ташқари емирилаётганини англатади, бу эса, прагматик нуқтаи назардан айтганда, Буюк Британия учун муҳим аҳамиятга эга.
Шахсан олганда эса, Ўзбекистонда фаолият юритаётган деярли ҳар қандай британиялик дипломат ёки тадбиркор сизга: “Сизлар яхши дўсцизлар ва биз сизнинг гуллаб-яшнашингизни истаймиз”, дейди. Чин дилдан.
— Ҳамкорликнинг мен шахсан катта иштиёқ билан қарайдиган ва тизимим тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган бир жиҳати — бу етакчилар даражасидаги ўзаро ҳамкорликка эришишдир. Бунга тўсқинлик қилган ягона нарса — Буюк Британияда бош вазирлар ва ташқи ишлар вазирларининг алмашинуви бўлди. Сўнгги беш йил ичида бизда беш нафар бош вазир алмашди.
Шу боис етакчилар даражасидаги учрашувни ўтказишга тайёрлик масаласи ҳақиқатда бор.
Мен айнан шуни кўришни истайман, чунки бу сизнинг тизимингиз учун қанчалик муҳимлигини биламан. Менинг тизимимда ҳам раҳбарларимизнинг мунтазам мулоқотда бўлиши аҳамиятли. Шу пайтгача буни таъминлай олмаганимдан афсусдаман.
Янги бош вазиримиз эндигина иш бошлади ва менинг ворисим фаолиятининг бошиданоқ олий даражадаги учрашувлар ниҳоят бошланишига жуда умид қиламан.
Ўйлайманки, айнан шу йўналишда ҳаракат қилиш керак. Буни биз ҳам, сиз ҳам истаймиз, бунда манфаат кўряпмиз ва бу амалга ошиши керак. Девид Кемерон икки йил аввал бу ерга келганида Буюк Британия бош вазири ва Ўзбекистон президенти мунтазам равишда, жумладан, “Марказий Осиё + Буюк Британия” форматида ҳам, икки томонлама ҳам, саммит даражасида ҳам учрашиб туриши зарурлигига амин бўлган эди. Фақат бир нарса бор — бизда ҳокимият тез-тез алмашиб турди. Лекин, менимча, барқарорлик бўлса, бу сўнгги бўшлиқни ҳам ниҳоят тўлдирамиз.
— Сизнинг кўп векторли ташқи сиёсатингиз ва турли йўналишларда турлича ҳамкорларга эга эканингиз бизга жуда маъқул. Биз буни ўта прагматик ва оқилона ёндашув деб ҳисоблаймиз. Сизнинг кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларингиз борлигини биламиз — буни тушунамиз, қабул қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Сиз — Марказий Осиё учун мустақиллик маёғисиз. Илгари, ҳозирги президент давригача минтақавий интеграцияга бунчалик эътибор қаратмаган пайтингизда, Марказий Осиё бўлиниб кетган, натижада эса ҳамма заифроқ эди. Қозоғистон кўп жиҳатдан нефт ва газ ҳисобига ўзини ўзи таъминлай оларди. Аммо Президент Мирзиёев даврида Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан алоқалар йўлга қўйилди, энди бунга Боку ҳам қўшилмоқда. Сизда минтақавий ўзига хослик шаклланяпти ва у ҳақиқатан ҳам қудратли. Бу ўзаро боғлиқлик эса ўсишингизни молиялаштиришга ёрдам беради ва сизга бозорларга чиқиш имконини яратади.
Қирғизистон орқали Хитойга ўтадиган темир йўл бутун бир улкан “шарқ-ғарб” таъминот йўналишини келгуси авлодлар учун ўзгартириб юборади. Транскаспий йўналиши ҳам худди шундай вазифани бажаради. Қайта тикланувчи энергетика, электр энергиясини биргаликда ишлаб чиқариш, ўзаро боғлиқлик ва сув таъминотига эътибор қаратиш катта зиддият манбаи бўлиши мумкин бўлган ҳолатни куч-қудрат манбаига айлантирмоқда.
Сиз худди 1950-йилларнинг охиридаги Европа ҳамжамияти каби бирлашяпсиз. Бундан туғилаётган иқтисодий ўсиш эса ҳайратланарли. Шу боис, бу жараённи қўллаб-қувватлаш — хоҳ бевосита ўз дастурларимиз, хоҳ БМТ ва халқаро молия институтлари орқали кўрсатаётган ёрдамимиз воситасида бўлсин — жуда ёқимли. Бу ерда бўлиб, буни қўллаб-қувватлаш ажойиб.
— Бошқа ҳар қандай масалада бўлгани каби, бу саволга ҳам ўз қарашларимдан келиб чиқиб жавоб беришим мумкин, лекин ҳудуднинг ўзидан у нимани хоҳлаётганини сўраш тўғрироқ бўлади. Минтақа Буюк Британия ва биз каби мамлакатларнинг қайси соҳаларда фаол иштирок этишини истайди?
Британия тажрибаси нимадан иборат? Биз қайси соҳаларда ёрдам бера оламиз? Лойиҳалаштириш борасида жуда катта тажрибага эгамиз. Агар ҳудудий боғлиқлик ва Транскаспий йўналиши ҳақида гапирадиган бўлсак, Британия тажрибаси йўлларни, чегара пунктларини ва бошқа барча нарсаларни лойиҳалашда сизга қандай ёрдам бериши мумкин? Минтақа учун ажойиб молиявий таклифимиз бор. Биргина Ўзбекистоннинг ўзи учун 4 млрд фунтлик экспорт молияси мавжуд. Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Озарбайжонга эса ўнлаб миллиард доллар ажратилган. Бу анча жиддий саъй-ҳаракатдир. Бундан ташқари, биз аксарият халқаро молия институтлари кенгашларининг аъзосимиз, агар бирор нарса тўғри ишламаётган бўлса, биз билан гаплашишингиз мумкин ва биз ёрдам берамиз. ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги келишувга эса анча олдин эришганмиз ва бу масалада асосий тарафдормиз.
Ўзбекистоннинг транспорт ва авиация ҳабига айланишга интилиши яққол кўриниб турибди. Бу борада Британия қандай ёрдам бера олади? Бизда авиация соҳасида жаҳон етакчиси — дунёдаги энг тежамкор ва самарали Трент 1000 двигателини ишлаб чиққан Роллс Ройсе компанияси бор. Бу двигателнинг рақобатчиси йўқ. Компания уни муаммолари бўлган биринчи босқичдан ҳар қандай рақобатчидан устун турадиган учинчи босқичга олиб чиқиш учун тадқиқот ва ишланмаларга 2 млрд фунт стерлинг сармоя киритди. Сиз янада яхшироқ двигателга эга бўласиз, уни арзонроқ нархда харид қиласиз, у узоқроқ хизмат қилади, фойдаланиш муддати тугагач, уни анча қимматга сотишингиз мумкин. Қолаверса, у ўз хизмат муддати давомида энг яқин рақобатчисига нисбатан ўн миллионлаб доллар ёқилғи тежаш имконини беради. Бу биз ёрдам бера оладиган соҳаларнинг кичик бир мисоли, холос.
Минтақа бошдан кечирадиган улкан ўсишни молиялаштириш учун маблағга эга бўлишингиз учун давлат корхоналарининг қандай ИПЎлари ўтказилади ва биз қандай қилиб бу жараённинг бир қисмига айланишимиз мумкин? Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалаларида қандай ёрдам бера оламиз? Бу соҳада катта тажрибага эгамиз. Биз қуёш панелларини етказиб беришда Хитой билан рақобатлашмаймиз, лекин бу тармоқларни лойиҳалаштиришда ёрдам бера оламиз. Шамол энергетикасига келсак, бу соҳада анча илгарилаб кетганмиз. Кичик модулли реакторлар — қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёнида энергия тизимингиз барқарорлигини таъминлайдиган атом энергетикасининг бу йўналишида биз жаҳон даражасидамиз. Яъни, бу ерда ҳам, бутун минтақада ҳам ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжуд.
Мен учун энг катта саволлардан бири шуки, сиз “Марказий Осиё бешлиги”мисиз ёки “Марказий Осиё олтилиги”ми? Буни биз ҳал қилмаймиз. Сиз қандай форматни кўрсацангиз, биз ўша форматда ишлайверамиз.
14-сентабр куни Марказий Осиё халқаро институти айнан шу — Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги ва келажаги ҳақида суҳбатлашиш учун Британиянинг РУСИ, Чатҳам Ҳоусе ва бошқа таҳлилий марказларидан иборат бутун бир гуруҳни қабул қилади. Сизга режалаштиришда ёрдам бериш, ғоялар алмашиш ва уларни синовдан ўтказиш учун ўзимизнинг илғор мутафаккирларимиз, энг яхши стратегларимизни қандай қилиб олиб келишимиз мумкин?
Биз биргаликда бундан ҳам кўп ишларни қилишимиз мумкин эди, лекин бу жараёнда бизга минтақанинг ўзи йўл кўрсатишини истайман. Мен айтиб ўтадиган мавзулардан бири — қишлоқ хўжалиги. Бизда регенератив деҳқончилик — Регенеративе Агрисултуре дастурлари бор. Ўз томорқангизда ёки бошқа ҳар қандай ер участкасида сувни учдан бир баравар камроқ ишлатишингиз мумкин. Шунда ҳам ўша ҳосилни оласиз ва ҳеч қандай саноат ўғитларини қўлламайсиз. Яъни, оддий фермер ўғит масаласида нефтнинг жаҳон нархларига қарам бўлиб қолмайди. Сув сарфи учдан бирга камаяди, харажатлар кескин пасаяди, нефтнинг жаҳон нархига боғлиқлик йўқолади — ҳосил эса ўзгармайди. Тупроқнинг ҳолати ҳам яхшиланади. Бизда Қирғизистондаги тажриба лойиҳалари мисоллари бор.
— Менимча, биргина Лондон фонд биржасидаги листингнинг ўзи етарли эмас. Лекин бу жуда муҳим ишора. Биз юқорида Халқаро тижорат судини тилга олдик ва мен бундай институтлар инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради, деб чин дилдан ишонаман.
УзНИФ листинги ҳамма нафасини ичига ютиб кутган лаҳза бўлди. Уддалай олармикан ёки йўқ? Йирик халқаро инвесторлар ва хедж-фондлар Ўзбекистонга қараб: “Биз бу мамлакат ҳақида ҳеч нарса билмаймиз”, деб айтишармикан? Ёки: “Бу ерда барқарорлик бор, ислоҳотлар кетмоқда, хатарлар ҳамон мавжуд, лекин сармоя кирица бўлади”, дейишармикан? Менимча, бозор бунга ўз жавобини бериб бўлди.
Шу билан бирга, катта сармоялар фақат битта муваффақиятли жойлаштириш туфайли келиб қолмайди. Биз давлатлараро ҳамкорлик йўналишида ёрдам бера оламиз: Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан ишлашимиз, давлат бошқаруви ислоҳотларини қўллаб-қувватлашимиз, ҳуқуқ, тартибга солиш, стратегик коммуникациялар ва бошқа соҳаларда Британия тажрибасини тақдим этишимиз мумкин. Агар тўғри пойдевор қўя олинса, ўшанда бозорнинг ўзи кириб келади. Ҳақиқий катта пуллар эса айнан ўша ерда.
Муносабатларимизнинг анча вақтдан бери “донор-реципиент” модели доирасидан чиқиб кетгани мен учун ҳам муҳим. Бу чинакам шериклик бўлиши лозим. Албатта, ҳар бир мамлакат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб иш тутади. Буюк Британия ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ барқарор муносабатлар фақат ҳар икки томон ҳам ютган тақдирдагина самара беради. Агар биз шунчаки айрим битимларни тузиш билан чекланиб қолмай, стратегик шерикликни йўлга қўймоқчи бўлсак, ишонч зарур. Инвестициявий қарорлар айнан ишонч замирида ётади.
Шу боис УзНИФ нафақат ўз-ўзидан аҳамиятли. Умид қиламанки, у келажакда Ўзбекистон активларини жойлаштириш учун ишонч муҳитини шакллантиришга ёрдам берди. Навбатдаги жойлаштиришларни айнан қаерда ўтказишни Ўзбекистоннинг ўзи ҳал қилади. Лекин, албатта, сиз оладиган даромадни ҳамда бу ҳолат халқаро инвесторларга Ўзбекистон бозорининг етуклиги ҳақида қандай сигнал беришини инобатга олсак, Лондон жуда яхши платформа деб ҳисоблайман.
Лондон фонд биржаси каби платформага муайян даражадаги шаффофлик, корпоратив бошқарув ва ЭСГ стандартларига мувофиқликни намоён этмай туриб чиқиб бўлмайди. Активларнинг бу тарзда жойлаштирилишининг ўзиёқ глобал инвестиция ҳамжамиятига Ўзбекистон бизнес учун очиқ ва халқаро қоидалар бўйича ишлашга тайёр эканини англатади.
Шу сабабли, гап фақат фонд биржаси ҳақида эмас, деб айтган бўлардим. Гап қонун устуворлиги, институтлар сифати, ислоҳотларнинг башоратлилиги ва инвесторлар ишончи устида бормоқда. Сўнгги йиллардаги динамикага қарайдиган бўлсак, назаримда, Ўзбекистон “чегара бозори” деган тасаввурдан аста-секин узоқлашиб, жиддий инвестицион йўналиш сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
— Мен икки йил олдинги гапларимга қайтаман: биз одамларнинг Буюк Британияда яхши тажриба орттиришларини истаймиз. Бу биз учун фойдали — мева йиғим-теримида ёрдам кераклигини, корхоналаримизда кўмак зарурлигини биламиз. Шу билан бирга, Британияга келаётган ўзбекистонликлар ҳақиқатан ҳам ижобий тажриба орттиришига ҳамда қўлида маблағ билан ватанга қайтишига ишонч ҳосил қилишни хоҳлаймиз. Токи ўз мамлакатидаги бизнесга инвестиция кирицин.
Биз ищилар сонини белгиламаймиз, буни хусусий сектор ҳал қилади. Агар бош вазир ўринбосари олдимга келиб, “Бизга Буюк Британияда 20 минг мавсумий ищи керак”, деса, мен “Буни таъминлай олмайман, компаниялар билан ўзингиз келишишингиз керак бўлади”, деб жавоб беришимга тўғри келарди. Лекин биз бу борада иш олиб боряпмиз: Халқаро миграция ташкилотини молиялаштиришга кўмаклашдик ва Миграция агентлиги билан ҳамкорлик қиляпмиз. Мақсадимиз — Буюк Британияга бораётган ўзбекистонликлар ҳақиқатан ҳам яхши тайёргарликка эга бўлишсин: маданий фарқларни англашсин, топган пулларини қандай тасарруф этишни тушунишсин ва муаммолар юзага келганда кимга, қачон мурожаат қилишни билишсин.
Британия Ички ишлар вазирлигида виза режимини бузиш ҳолатлари бўйича аниқ меъёрлар белгиланган бўлиб, улардан ошиб кетилса, дастур тўхтатилиши мумкин. Мен бу ерда ишлаётган бутун давр мобайнида Ўзбекистон доим бу меъёрларга амал қилиб келди. Бир марта чегарага яқинлашдик, лекин масалани анча тез ҳал қилдик. Бу, шунингдек, Буюк Британияга бораётган ўзбекистонликлар ижобий тажрибага эга бўлаётганини, айни вақтда Ўзбекистонга қайтиб келиб, сармоя киритишдан манфаат кўраётганини ҳам кўрсатади. Бу барча учун бирдек манфаатли.
Айни пайтда меҳнат мигрантларингиз йўл олаётган мамлакатларни қай даражада диверсификация қилаётганингизни кўриб турибмиз. Шу билан бирга, Буюк Британиядан пул ўтказмалари ҳажми [биринчи ярим йилликда] 62 фоизга ошди — буни кўриш жуда ёқимли.
Мавсумий ищилар бўладими, талабалар ёки тадбиркорларми — одамлар ўртасидаги алоқаларнинг кучи ана шунда. Буларнинг барчаси сўнгги уч йил ичида қандай ривожланганини кўриб турибман. Бу менинг хизматим эмас; ҳамкасбларим билан бизнинг вазифамиз кенгроқ пойдевор яратиш ва муносабатларни йўлга қўйишга кўмаклашишдан иборат. Биз имкониятларни илғаймиз ва уларни бир нуқтага бирлаштирамиз.
— Мен учун буларнинг барчаси одамлар ўртасидаги алоқаларга бориб тақалади.
Элчи сифатида мен бу алоқаларни ўрнатишга ёрдам бераман, лекин бу борада омадим келган. Бу алоқалар мен келишимдан анча аввал, Халқаро Вестминстер университети очилиши билан шакллана бошлаган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Британия университетлари билан йигирмага яқин ҳамкорлик дастури мавжуд. Ўтган йили бу ерда Британия олий таълим дастурлари бўйича 15 минг киши таҳсил олган бўлса, ундан бир йил аввал бу кўрсаткич 10 минг кишини ташкил этганди. Бу йил уларнинг сони 20 мингдан ошса, ажабланмайман.
Самбридге Университй Пресс нашриёти миллионлаб ўзбекистонликларни дарсликлар билан таъминламоқда. Бу шунчаки инглиз тили ёки Британия дипломи дегани эмас. Бу ерда энг асосийси — танқидий фикрлаш ва келажак иқтисодиёти учун зарур бўлган кўникмалардир. Улар ёшларга сунъий интеллект, молиявий хизматлар, стратегик муҳим минераллар ва бошқа соҳалардаги имкониятларни кўра олишга ёрдам беради. Моҳиятан, сизлар иқтисодиётга жиддий туртки бера оладиган мутахассислар ва тадбиркорларнинг янги авлодини тарбиялаяпсиз. Бу жараённинг бир қисми бўлиш ва уни фаол қўллаб-қувватлаш — чиндан ҳам мароқли.
Агар мен бу миссиядан ўзим билан бирор нарса олиб кетадиган бўлсам, бу — таълим соҳасида биргаликда кўпроқ ишларни амалга оширганимиздир. Чунки бу нафақат бугунги ёки эртанги кун учун, балки фарзандларингиз ва набираларингиз учун ҳам. Бу Буюк Британия учун ҳам фойдали, зеро энди биз бир-биримизни анча яхши тушунамиз.
Бу рўйхатга Буюк Британияга ўқишга бораётган талабаларни ҳам қўшсак, бугунги кунда 1500 га яқин ўзбекистонлик Британия олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Уларнинг кўпчилиги ўз ҳисобидан ўқиса, бир қисми “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёки Чевенинг стипендияси соҳибларидир. Сўнгги бир неча йилдан буён жамғарма билан ҳамкорлигимиз ривожланиб бормоқда. Ўтган йили биз сизнинг стипендиатларингиз учун биринчи рақамли йўналиш эдик; бу йил ҳам яна биринчи ўриндамиз. Яқинда “Эл-юрт умиди” дастури бўйича хорижга йўл олган 210 кишидан 104 нафари Буюк Британияга боряпти. Биз ва Британия Кенгаши жамғармага Британия университетлари билан алоқаларни йўлга қўйишда ёрдам бердик. Бу сизларга олийгоҳлар билан яхши шартлар борасида келишиб, Буюк Британияга янада кўпроқ стипендиатларни ўқишга юбориш имконини беради.
Бу йил Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги фаолиятига 30 йил тўлади ва унинг бош директори ушбу санани нишонлаш учун ташриф буюради. Бу бир лаҳза тўхтаб, ўзаро муносабатларимизга яхлит ҳолда назар ташлаш учун яхши сабаб. Қаёққа қараб кетяпмиз? Умид қиламанки, мен ўз жамоам ва Британия Кенгаши билан бирга уч йил давомида қўллаб-қувватлаб келган мавжуд алоқалар бундан кейин фақат мустаҳкамланиб боради. Агар гап олий маълумот олаётган 20 минг ўзбекистонлик ҳақида кетаётган бўлса, келинг, бу рақамни ҳар йили ошириб борайлик; агар уни бир-икки йилда икки баробарга ошира олсак, ажойиб бўларди. Агар трансмиллий таълимни кенгайтириб, бу ерга кўпроқ Британия университетларини олиб кела олсак — жуда яхши. Агар Ўзбекистонни кенгроқ минтақавий таълим марказига айлантириш учун кўникма ва билимларни бера олсак — аъло.
Оксфорд ҳабининг очилганини ёки Самбридге Университй Прессънинг бу ерда турли алоқаларга эга эканини кўриш жуда ажойиб бўлди. Лекин бу ерда ҳали йўқ Британия университетлари ҳам кўп. Йигирмата университет турли ҳамкорликларда иштирок этмоқда — келинг, бу ишни кенгайтирамиз. Келинг, сизга нима кераклигини кўриб чиқамиз. Ўз таълим тизимингизда Британия тажрибаси тўлдириши мумкин бўлган қандай бўшлиқлар бор? Айни пайтда сиз ҳам кўплаб инновацион ишларни амалга оширяпсиз — демак, бу ҳамкорликдан биз нимани ўрганишимиз мумкин?
Умид қиламанки, келажакда бу муносабатлар янада мувозанатлашади, чунки ҳозирда билим ва тажрибанинг салмоқли қисми Буюк Британиядан бу ерга келмоқда. Мен ҳар икки томонга академик алмашинувлар, талабалар оқими кўпайишига, хусусан, бу ерга кўпроқ британиялик талабалар келишига чин дилдан умид қиламан. Мен кўрган мисоллардан бири: Оксфордда илк бор ўзбек ва чиғатой тиллари ўқитила бошланди. Шундай ишлар кўпаяверсин ва Ўзбекистонга қизиқиш ортиб борсин.
— Биринчидан, таълим соҳасида эришган ютуқларимизни кўриш менга завқ бағишлайди: хоҳ бу инглиз тилини жадал ўзлаштириш бўлсин, хоҳ биз гаплашиб ўтган бошқа нарсалар. Бу йўлда ҳамкор бўлиш, ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш мен учун шараф эди.
Иккинчидан, ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳити бўйича биргаликда қилган ишларимиз. Бизнинг ривожланишингизга кўмаклашаётганимиз муҳим, бироқ иқтисодий ўсишингизни хусусий сектор орқали чинакамига тезлаштириш мумкин. Шу боис, хоҳ халқаро тижорат судини ташкил этиш, хоҳ ЖСТга аъзо бўлиш, хоҳ Стратегик ислоҳотлар агентлигидаги Деливерй Унитъни қўллаб-қувватлаш бўйича бўлсин, кенгроқ давлат бошқаруви дастурлари доирасида сизга ёрдам беришимиз ва бу жараёнда ўзимиз ҳам сиздан ўрганишимиз — ҳақиқий ғалабадир. Уч йил аввал бу ерга келганимдан то бугунги кунгача Британия бизнеси Ўзбекистондаги имкониятлардан анча яхши хабардор бўлганига гувоҳ бўлдим. Умид қиламанки, ворисим бу кўрсаткични бир неча карра оширади, чунки ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Бу ерга келганимдан кейинги дастлабки икки ҳафта ичида савдо ва инвестициялар вазири, экспорт бўйича вазир — лорд Оффорд ташриф буюрганди. Ўшанда биз 2030-йилгача бир миллиард долларлик экспорт ёки ўзаро савдо ҳажмига қандай эришишни муҳокама қилган эдик. Мен эса ўйлагандим: бу кам. Биз бу маррани аллақачон забт этдик. Назаримда, мақсадлар анча юқори бўлиши керак. Фаолиятим давомида экспорт ва ўзаро савдо ҳажми ўсганидан ҳам миннатдорман, ҳам фахрланаман. Шу билан бирга, бу рақам янада каттароқ бўлишини сабрсизлик билан кутяпман. Икки миллиард иқтисодиётларимиз миқёси учун етарлидек туюлмайди. Хўш, бу кўрсаткич қанча бўлиши керак? Қайси рақам тўғри? Билмадим, лекин ўйлайманки, биз анча дадил ва улкан мақсадларни кўзлашимиз лозим.
Шахсий ҳаётимда бу ҳақиқатан ҳам ажойиб давр бўлди. Оиламиз билан Ўзбекистонда уч йил яшадик, вақт кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ҳатто бу кам. Биз бу мамлакатни яхши кўрамиз. Қизларим шу ерда мактабга боришди. Хоҳлаганимизча кўп саёҳат қила олмаган бўлсак-да, барибир кўп жойларни кўрдик. Биз бу ерга албатта қайтамиз, чунки бу меҳмондўстлик ва ҳамкорлик самимий ва бу бундан кейин ҳам давом этади.
Ва яна бир гап. Ўзбекистон ҳақида кам биладиган одамлар билан суҳбатлашганимда, уларнинг мамлакат тараққиёти ҳақида ҳеч бўлмаганда битта нарсани эслаб қолишларини истасам, ўта қашшоқлик статистикасини мисол қилиб келтираман. 2017-йилда бу кўрсаткич аҳолининг 35 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир тўрт фоизга яқинлашиб қолди. Бу — Президент Мирзиёев даврида 7,5−8 миллион киши камбағаллик чегарасидан чиққанини билдиради. Мамлакатингизнинг ривожланиш суръатларини кўриш бу ердаги фаолиятимнинг энг ижобий жиҳати бўлди. Бу ҳамма нарса мукаммал дегани эмас. Мукаммалликнинг ўзи бўлмайди; менинг мамлакатимда ҳам ҳамма нарса рисоладагидек эмас. Бироқ бу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ҳаётини яхшилаш ва анча яхши келажакни кўриш истаги яққол сезилиб турибди.

